Ўқувчиларимизнинг илтимосига кўра газетамиз саҳифаларида («СБХ»нинг 22.03.2016 йилдаги 12 (1128) ва 21.06.2016 йилдаги 25 (1141)-сонларида) ёритилган ННТ даромадларига солиқ солиш мавзусига қайтиб, мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадларга солиқ солиш тартибига ойдинлик киритамиз.
– Нодавлат нотижорат ташкилоти қонун билан тақиқланмаган ҳамда ўзининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган мақсадларга мувофиқ бўлган фаолиятнинг ҳар қандай турини амалга ошириши, шу жумладан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин («Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 30, 31-моддалари). Бу эса нотижорат ташкилотларига ўз устав вазифаларини бажаришга қўшимча маблағларни тўплаш имконини беради. Бунда нотижорат ташкилотларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши муайян солиқ оқибатларига олиб келиши мумкин.
Ижарадан олинадиган даромадларга келсак – Солиқ кодексининг 132-моддасига мувофиқ нотижорат ташкилотларида улар фойда солиғи солинмайдиган бошқа даромадларга киради, биргаликдаги фаолиятда иштирок этишдан олинадиган даромадлар, дивидендлар, фоизлар ва роялти тарзидаги даромадлар бундан мустасно.
Солиқ кодексининг 130-моддасига мувофиқ мол-мулкни ижарага беришдан фоизлар, роялти, даромадлар олиш имконини берувчи мол-мулкни ва мулкий ҳуқуқларни бошқа шахсларга фойдаланишга бериш, шунингдек талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахснинг фойдасига воз кечишдан олинган даромадлар, агар ушбу даромадлар суммаси товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларнинг умумий суммасидан ортиқ бўлса, хизматларни реализация қилишдан олинган даромадлар деб эътироф этилади. Бироқ мазкур норма нотижорат ташкилотларига татбиқ этилмайди, улар учун ушбу даромадлар бошқа даромадлар сифатида қаралади.
Яъни ҳатто нотижорат ташкилотида ҳисобот даврида мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадлардан бошқа тушумлар бўлмаса ҳам, унинг учун ушбу даромадлар бошқа даромадлар ҳисобланади ва уларга фойда солиғи солинмайди.
Ижарага беришдан олинадиган даромадлардан тўланадиган бошқа солиқларга келсак, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Эксперт кенгашининг 8.04.2013 йилдаги 22-сон баённомасига кўра нотижорат ташкилотларининг мол-мулкни ижарага беришига тадбиркорлик фаолияти деб қаралади. Ушбу фаолият бўйича нотижорат ташкилотлари Солиқ кодексида белгиланган тартибда ҚҚС, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, мол-мулк, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни, шунингдек ер солиғини тўлашлари шарт.
Нотижорат ташкилотлари бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси, шунингдек бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига тушумдан мажбурий ажратмалар, хусусан, мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадларни тўлашлари керак эмас, сабаби ушбу ажратмалар фақат товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинадиган соф тушумдан тўланади (Солиқ кодексининг 313, 317, 325-2-моддалари). Юқорида кўрсатилганидек, даромадларнинг умумий суммасида мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган тушумнинг улуши ҳажмидан қатъи назар нотижорат ташкилотларининг бошқа даромадлари деб қаралади.
Хулоса: нотижорат ташкилотлари мол-мулкни ижарага бериш фаолияти бўйича ҚҚС, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, мол-мулк, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни, шунингдек ер солиғини тўлашлари шарт. Нотижорат ташкилотлари мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган тушумлар бўйича фойда солиғи ва тушумдан мажбурий ажратмаларни тўламайдилар.
Лилия ХИСМАТОВА,
«Norma Online» эксперти.