Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 29 / Долзарб мавзу

Бухгалтерларни сертификатлаштириш: имтиҳонларсиз қанча сертификат олиш мумкин?

 

Бухгалтерия ҳисоби, молия, солиқ солиш ёки аудит соҳасидаги ҳозирги мутахассиснинг фаолиятини оммабоп миллий, кўп даражали халқаро ва ҳоказо сертификатларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Профессионал ташкилотлар ўз аъзоларини сертификатлаштириш бобида қанчалик кўп мақбул вариантларни таклиф қилсалар, соҳа шунчалик барқарор ривожланади, бизнес ва миллий иқтисодиёт ҳам бундан кўпроқ ютуққа эга бўлади.

Жамоат бирлашмалари бугун нималарга қодирлар? Сертификатлаштиришнинг қандай вариантларини таклиф этадилар? Ўз минтақавий тармоқларини ривожлантиряптиларми? Мусобақалашяптиларми ёки умумий мақсадларда бирлашяптиларми? Бухгалтерларни сертификатлашнинг жонланаётган миллий бозори кимга қандай имкониятлар беряпти? Суҳбатдошимиз – Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси бошқаруви аъзоси ва унинг ижрочи директори Дилноза СУЛТОНОВА:

 

– Бухгалтерларни миллий сертификатлаштириш ғоясини Федерация кўпдан бери илгари суриб келарди. 2013 йил декабрида раисимиз газетангизга берган интервьюсида айни шу ҳақда сўзлаган эди. Биз ҳатто ушбу масала бўйича давра суҳбатлари ўтказдик, манфаатдор томонлар билан вазият ва имкониятларимизни муҳокама қилдик. Ана шу ғояни амалга оширишга муваффақ бўлганимиздан хурсандмиз.

Ушбу мақсадларда барпо этилган имтиҳон маркази бухгалтерлар учун имтиҳонларни ташкил этиш билан шуғулланади. Шунингдек унда аудиторлар учун уларни профессионал сертификатлаштириш доирасида «МҲХС бўйича молиявий ҳисоб» имтиҳони ўтказилади.

Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси юқори даражадаги профессионал аъзоларни жалб этишдан манфаатдор. Техник бухгалтерлар, амалиётчи бухгалтерлар, профессионал бухгалтерлар қанча кўп бўлса, ўз сафларимизга шунча кўп касб усталарини жалб этишга муваффақ бўламиз.

 

Маълумотлар пештахтаси:

Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси (ЎБФ) нотижорат ташкилоти бўлиб, 2001 йилдан бошлаб бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги мутахассисларни бирлаштиради.

Қуйидагиларнинг уюшган аъзоси ҳисобланади:

МДҲ иштирокчиси бўлган давлатларнинг бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал бирлашмалари (уюшмалари) минтақавий гуруҳининг;

Евросиё сертификатланган оммавий бухгалтерлари институтининг;

Евросиё сертификатланган бухгалтерлар ва аудиторлар кенгашининг.

Ўзининг 15 йиллик фаолиятида ташкилот 51 та «Сертификатланган профессионал бухгалтер» ва 591 та «Сертификатланган амалиётчи бухгалтер» халқаро сертификатини берган.

 

– Федерация ҳам БАМУ ва Аудиторлар палатасидаги ҳамкасбларингиз сингари мутахассисларни имтиҳонларга тайёрлаш билан шуғулланадими?

– Ўзбекистон бухгалтерларини сертификатлаштириш тўғрисидаги низомда1 айтилишича, ўқитиш билан тегишли лицензияга эга бўлган ҳар қандай ўқув марказлари шуғуллана оладилар. Бозор очиқ бўлиши керак. Ўзингиз ҳам бирорта ўқув марказига мурожаат қилмасдан туриб мустақил равишда шуғуллана оласиз, ҳеч ким буни тақиқламаган деймиз. Кишиларда ҳар қандай ҳолда эркин танлаш ҳуқуқи бўлиши керак.

– Ҳар бир жамоат бирлашмасида ўзининг ўқув марказлари ёки аффилланган ўқитувчи ҳамкор ташкилотлар мавжуд. Профессионал ташкилотлардан лоақал биттаси ҳозир объектив равишда амалга ошириш осон бўлган ишда пул ишлаб олишни хоҳламаслигини айтса, бироз сохта бўлиб туюлади. Нима учун сиз ва ҳамкасбларингиз миллий сертификатлаштириш доирасида ўқитишни монополлаштиришга интилмадингиз?

– Қисман ҳақсиз. Бироқ бозор ҳозирда шу қадар каттаки, жамоат ташкилотлари ўз кучлари билан ўзларининг ўқув марказлари орқали бундай катта ҳажмда мутахассисларни тайёрловдан ўтказишга қодир эмаслар.

Шакллантирилаётган тизимнинг асосий ғояси қуйидагича: тайёрлаш, ўқитиш билан хоҳловчиларнинг ҳаммаси хоҳлаганча – миллий сертификатлаштириш бўйича ҳам, халқаро сертификатлаштириш бўйича ҳам шуғулланишлари мумкин. Имтиҳонлар эса кейинроқ умумий оқимни саралайди, қаерда ўқитиш сифатлироқ эканлигини кўрсатади. Агар у ёки бу ўқув марказида таълим олган кишилар имтиҳонларни илк галдаёқ муваффақиятли топширмаса, улардан кейингилар танлашни ўзгартирадилар.

Бундан ташқари, ўқитиш – кўплаб инвестицияларни талаб қиладиган фаолият. Марказларга техник воситаларга ва сифатли ўқув материалларини ишлаб чиқишга, ҳамкорлик қилиш учун обрўли профессионал ўқитувчиларни жалб этишга ёки янгиларини тайёрлашга кўп маблағ сарфлашларига тўғри келади. Профессионал ташкилотлар эса ўз томонидан имтиҳон марказининг аниқ-пухта ишлашини таъминлашлари ва уларнинг аъзоларига айланадиган талабгорларни сертификатлашлари керак. Сертификатлаштириш нуқтаи назаридан олганда аъзо бўлиш жуда муҳим аҳамиятга эга, зеро биз ҳар бир берилган сертификат учун жавоб берамиз ва сертификатланган мутахассис ҳар йили малака ошириш дастурини ўташи ва касб одоби кодексига риоя этиши учун кафилмиз.

– Профессионал ташкилотлар имтиҳон марказининг иш сифатини, яъни холисликни, ҳуқуқбузарликларнинг йўқлигини қандай таъминлайдилар?

– Имтиҳон маркази оёққа туриш жараёнида. У ўтган йилнинг августида барпо этилди ва ўтган вақт ичида фақат бир марта имтиҳон олинди.

Илгари халқаро сертификатлаштиришда барча мамлакатлар қатнашганлар, имтиҳон модулларини ишлаб чиқиш учун экспертларни жалб этиш осон эди, улар бу ишга малакали тарзда ёндашади, нима қилишлари кераклигини яхши тушунар эдилар. Ўзбекистонлик экспертлар ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этганлар.

Тайёр тизимга қўшилиш ўз тизимини барпо этишдан кўра ҳар доим енгил бўлган.

Ҳозир миллий сертификатлаштириш доирасида имтиҳонларни ўтказишга барча таомил ва ҳаракатлар тайёрланяпти (кўп жиҳатдан биз халқаро тажриба ва CIPAга асосланяпмиз, албатта). Бу – мураккаб жараён. Миллий сертификатлаштиришнинг афзаллиги шундаки, рус ёки ўзбек тилларида ўқиш ва имтиҳонларни топшириш мумкин.

Хизматларидан фойдаланиладиган экспертлар нафақат юқори малакали, балки одоб-ахлоқда ҳам ўрнак бўлишлари керак. Сир сақланишига риоя этилиши керак, коррупцияга йўл қўймаслик керак ва ҳоказо. «Инсон омили»ни ҳисобга олганда бу вазифа енгил вазифалардан эмас.

– Миллий ва халқаро сертификатлаштиришлар Ўзбекистонда «услубий жиҳатдан қариндош» бўлишади, тўғрими?

– Тўғри! Миллий сертификатлаштиришга асос қилиб кўп жиҳатдан халқаро сертификатлаштириш олинган, бироқ унга «Миллий қонун ҳужжатлари бўйича бухгалтерия ҳисоби» фани бўйича имтиҳон киритилган.

CIPA дастури бўйича халқаро сертификатлаштириш, фикримча, бу – МҲХСни тўғри тушуниш ва амалиётда қўллаш калити ҳамда ҳисоб соҳасида ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир мутахассис олиши керак бўлган минимал даражадир.

Ўзбекистонда бухгалтерлар учун CIPA сертификатларининг давлат томонидан эътироф этилиши ҳеч қачон бўлмаган – бунга фақат аудиторлар сазовор бўлишган... Қандай ҳолларда ва нима учун миллий бухгалтер сертификати ҳисобга олинишини меъёрий тарзда белгилаб бергани учун биз Молия вазирлигидан миннатдормиз. Ҳар ҳолда қандайдир мададга эгамиз.

Кишилар эса ҳали ҳануз ўйламоқдалар... Сертификатлаштиришга вақт, куч ва маблағ сарфлашдан аввал бу арзийдиган иш эканлигига ишончимиз комил бўлиши керак. Дадилроқ кишилар бирор нарса қилишни бошладилар, қолганлар ҳозирча кутиб туришибди. Биз буларнинг ҳаммасини яхши тушунамиз. Қисман бу Европа сертификатланган бухгалтерлар ва аудиторлар кенгашининг (ЕСБАК) халқаро сертификатлаши билан боғлиқ кечирилган муаммолар натижаси бўлиб, кишилар шунчаки эҳтиёткорлар.

Шундай бўлса-да, Федерация бухгалтерларни халқаро сертификатлаштиришни CIPA дастури бўйича давом эттиришга қарор қилди. Илгари биринчи даража CAP, иккинчи даража эса CIPA деб аталар эди. Ҳозир даражалар «сертификатланган амалиётчи бухгалтер» ва «халқаро сертификатланган профессионал бухгалтер» деб номланади. Миллий сертификатлаштиришнинг иккинчи даражаси ва CIPA бўйича сертификатлаштиришнинг биринчи даражаси – «Сертификатланган амалиётчи бухгалтер» – деярли айнан бир хил. Бирдан-бир фарқ, мен юқорида айтганимдек, – миллий сертификатлаштиришда «Миллий қонун ҳужжатлари бўйича бухгалтерия ҳисоби» фани бўйича алоҳида имтиҳон мавжуд.

– Яъни бу – амалда биргина фан бўлиб, фақат кишилар профессионал бухгалтерни миллий сертификатлаштириш йўлидан ёки CIPA халқаро дастури биринчи даражаси бўйича боришлари мумкинми? Мен иккала сертификатни олишга ҳаракат қилган бўлардим...

– «I даража: CIPA дастури доирасида сертификатланган амалиётчи бухгалтер» халқаро сертификатини олишни хоҳловчилар Ўзбекистонда CIPA дастури бўйича имтиҳонлар мустақил провайдери орқали «Молиявий ҳисоб-1», «Бошқарув ҳисоби-1», «Солиқлар» ва «Ҳуқуқ» фанларини ёки Ўзбекистон бухгалтерларни миллий сертификатлаштириш дастури бўйича «Buxgalterlar va auditorlar imtihon markazi» МЧЖ имтиҳон маркази орқали «МҲХС бўйича молиявий ҳисоб», «Бошқарув ҳисоби», «Солиқ солиш» ва «Тадбиркорлик фаолияти ҳуқуқини тартибга солиш» фанларини топширишлари керак.

CIPA халқаро сертификатлаштириши ушбу фанларнинг барчаси бўйича Ўзбекистонда олинган сертификатларни эътироф этади.

Шунингдек агар сиз ЎБФдан Ўзбекистон бухгалтерларни миллий сертификатлаштириш дастури бўйича «Сертификатланган профессионал бухгалтер» сертификати соҳиби бўлсангиз, сиз қўшимча имтиҳонларни топширмасдан туриб, «I даража: CIPA халқаро дастури бўйича сертификатланган амалиётчи бухгалтер»ни олишингиз мумкин.

Агар сиз ЕСБАК ва ЎБФ биргаликда бериш санасидан қатъи назар берган ёки ЕСБАК ва Ўзбекистондаги бошқа профессионал ташкилотлар томонидан биргаликда берилган «CAP сертификатланган амалиётчи бухгалтери» ёки «CIPA дастури халқаро бухгалтери» ёхуд «I даража: CIPA дастури доирасида сертификатланган амалиётчи бухгалтер» халқаро сертификатига 2013 йил июлигача эга бўлсангиз ва 2014 йил июлгача Ўзбекистонда CIPA дастури бўйича имтиҳонларнинг мустақил провайдери бўлган «Cipaen Uz» МЧЖ орқали «Молиявий ҳисоб-2», «Бошқарув ҳисоби-2», «Молиявий менежмент» ва «Аудит» имтиҳонларини муваффақият билан топширган бўлсангиз, CIPA халқаро сертификатини олишингиз мумкин.

Шунингдек агар 25.05.2016 йилдан бошлаб юқорида саналган имтиҳонларни Ўзбекистонда CIPA дастури бўйича имтиҳонларнинг мустақил провайдери орқали топширсангиз (ёки қўшимча топширсангиз), CIPA халқаро сертификатини олишингиз мумкин.

– Миллий сертификатлаштириш талаблари доирасида лоақал зарур минимумга бухгалтерларни ўқита оладиган ўқув марказларининг кўпчилиги, шунингдек имтиҳон маркази ҳам Тошкентда жойлашган, бу эса муаммо туғдиради. Мисол учун, Термиз, Урганч, Нукусда ишлайдиган бухгалтерни нима кутади? Минтақавий тармоғингиз у ерларда ҳам тай­ёрлов ишларини олиб бориш  имконини берадими?

– Имтиҳон маркази, CIPA сертификатлаштириш доирасида Ўзбекистонда имтиҳонлар провайдери Cipaen Uz орқали бўлгани каби, эҳтиёж бўлган барча вилоятларда сай­ёр имтиҳонлар ўтказади. Талабгорларни жойларда юридик шахсни ташкил этмаган марказ вакиллари рўйхатдан ўтказадилар. Ёки буни Интернет тармоғи орқали масофадан туриб бажариш мумкин.

Ўқитишга келсак, вилоятларда бу – амалда катта муаммо. Имкони етадиган йирик корхоналар ходимларини Тошкентдаги курсларимизга юбориб, йўлга оид ва бошқа харажатларини қопламоқда. Бироқ бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, албатта.

Федерацияда бугунги кунда фақат иккита ваколатхона бор – Бухоро ва Андижонда. Турли вилоятларда филиалларга эга бўлиш тажрибамиз унчалик самарали бўлмади: молия ресурслари чекланган шароитда буларни сифатли ташкил этиш қимматга тушади.

– Бошқа тарафдан эса, эҳтимол, бу жиҳатдан олганда сиз ўқитишни бутунлай ўқув марказларига топшириб қўйишингиз ижобий роль ўйнаши мумкин. Балки, уларнинг баъзиларида керакли технологиялар, пул, мутахассислар ва минтақаларни ўзлаштиришда катта хоҳиш ҳам бордир?

Улар, мисол учун, «Norma» ўқув маркази қилаётгандек, замонавий масофадан туриб ўқитиш шаклларини ривожлантира олишлари мумкиндир.

– Ўқув марказлари малакали ўқитувчиларни тайёрлашлари, уларни услубият ва барча зарур ўқув материаллари билан таъминлашлари мумкин. Ана шу ўқитувчилар вилоят марказларига борадилар ва у ердаги корхоналарда қисқа муддатли ўқув курсларини ўтказишлари мумкин. Бозор албатта бозордир, унинг ривожланмаган ҳолати тадбиркор кишилар учун кўплаб имкониятлар беради. Тадбиркорлар қулоч ёзадиган палла келди. Хоҳиш бўлса кифоя. Муҳими – қоидаларга риоя этилса бўлди.

 

Ўз ахборотимиз.

 

Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси таклиф этаётган бухгалтерларни сертификатлаштириш вариантлари билан, таққослаш учун қулай бўлган жадвал шаклида, norma.uz сайтида танишиш мумкин.

 


1«Buxgalterlar va auditorlar imtihon markazi» МЧЖ иштирокчилари умумий йиғилишининг 21.11.2015 йилдаги мажлиси 3-сон баённома қарори билан тасдиқланган ва Молия вазирлиги билан келишилган.

Прочитано: 2553 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика