Йил бошида «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун (20.01.2016 йилдаги ЎРҚ-400-сон) имзоланиши биланоқ Давлат божхона қўмитаси ундаги янгиликлар мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектлари, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва умуман кенг жамоатчилик эътиборига етказиш мақсадида идораларда ва минтақавий бўлинмаларда турли тадбирлар ташкил қилмоқда.
Пойтахтдаги Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрири – божхона ишининг ҳуқуқий асоси» мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида янги таҳрирдаги Божхона кодекси журналистлар эътиборига ҳавола этилди, давр билан ҳамнафас юрган қалам аҳли мазкур ҳужжат билан боғлиқ бўлган ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олишди.
ДБҚда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳамкорлигида бўлиб ўтган семинар-тренингда эса пойтахтимиз ва Тошкент вилоятида фаолият юритаётган 100 нафардан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари қатнашишди. ДБҚнинг божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислари йиғилганларга Кодексда белгиланган янгиликларни атрофлича тушунтириб бердилар. Худди шундай мавзудаги давра суҳбати «Тошкент-Аэро» ИБК ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ҳамкорлигида ҳам ўтказилди.
Янги таҳрирдаги Божхона кодекси мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишлаб Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ўтказилган семинарда ҚҚР Жўқорғи Кенгеси божхона қўмитаси бошлиғи С.Турманов, Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Г.Аннакличева, Жуқорғи Кенес депутати А.Байриева, ҚҚР прокурорининг катта ёрдамчиси, биринчи даражали юрист Ш.Матякубов, ДСҚ ва ҚҚР Адлия вазирлиги вакиллари тадбиркорлик субъектлари, ТИФ иштирокчилари, божхона брокерларига мавзу доирасида батафсил тушунтиришлар беришди.
Самарқандда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Қутлимуратов қатнашган давра суҳбатида ҳам манфаатдор субъектлар – тадбиркорлар Кодекс қоидалари билан таништирилди. Тадбирда республика парламенти, вилоят халқ депутатлари Кенгаши, прокуратура, адлия, солиқ, банк идоралари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Худди шундай учрашувлар Сирдарё, Хоразм, Навоий ва бошқа вилоятлар божхона бошқармаларида ҳам ўтказилди.
ДБҚ Ахборот хизмати.