Янги таҳрирдаги Божхона кодексининг қабул қилиниши мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Бир ҳужжатда жамланган
Кодекснинг 1-моддасида белгиланганидек, мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, божхона тўловларини ундириш, божхона расмийлаштируви, божхона назоратини амалга ошириш, шунингдек божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш тартибини белгилаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Аслида юқоридаги тартиб-таомиллар у ёки бу даражада қонунчилик йўли билан аввал ҳам тартибга солинган. Лекин муҳим жиҳати шундаки, улар бир ҳужжат доирасида жамланган бўлмай, тарқоқ ҳолда – бир нечта ҳужжатлар билан белгиланган эди.
Масалан, божхона соҳасининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланган божхона тўловлари амалдаги Божхона кодекси, «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонун ва бошқа бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинмоқда. Шу ўринда биргина «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг ўзига 14 та тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлигини айтиб ўтиш жоиз. Соҳада юзага келадиган баҳсларни одилона ҳал қилиш учун эса турли норматив ҳужжатларга мурожаат қилишга тўғри келиб қолар, қолаверса, айрим операциялар суд жараёнларида турлича талқин этилган ҳоллар ҳам учраб турарди. Мазкур Кодекс божхона соҳасидаги деярли барча қонун ва қонуности ҳужжатларини ўзида жамлади. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорларга енгилликлар яратиб, эндиликда улар божхона соҳасида ўзини қизиқтираётган йўналиш бўйича бир қатор норматив ҳужжатларга мурожаат қилиб ўтирмасдан, биргина Божхона кодексининг ўзига мурожaат қилишлари таъминланди.
Кодекс билан мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига ҳам бир қатор енгилликлар яратилгани аҳамиятли воқеа бўлди.
Тўлов тўлашнинг усуллари кўпайди
Божхона тўловлари тўланишининг таъминланиши юзасидан тадбиркорларга енгилликлар яратиш мақсадида янги усуллар жорий қилинмоқда. Масалан, амалдаги Божхона кодексининг 111-моддасига мувофиқ божхона тўловларини тўлаш товарлар ва транспорт воситаларини гаровга қўйиш, учинчи шахснинг кафолати ёхуд тегишли суммаларни божхона органининг депозит ҳисобварағига ўтказиш йўли билан таъминланади. Янги таҳрирдаги Кодекснинг 339-моддасига асосан эса божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тўловчининг танловига кўра қуйидаги исталган усуллар орқали амалга оширилади:
- пул маблағларини божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига киритиш;
- товарларни гаровга қўйиш;
- банк кафолатини тақдим этиш;
- божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш;
- кафиллик.
Кодекснинг 345-моддасига асосан божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида тўловчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш шартномасига кўра суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирганлигини тасдиқловчи суғурта полиси қўлланилиши мумкин. Суғурта полиси билан тасдиқланадиган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммасининг миқдори тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг ва фоизларнинг йиғиндисидан кам бўлмаслиги керак. Мазкур норма юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобида божхона тўловларини тўлаш бўйича етарлича маблағлар бўлмаган тақдирда ҳам божхона расмийлаштирувини амалга оширишга ёрдам беради.
Ортиқча ундирилса – қайтарилади
Қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари ҳам одатда энг баҳс-мунозарали ҳолат ҳисобланади. Ушбу йўналишда ҳам тадбиркорларга бир қатор енгилликлар яратилди.
Амалдаги Божхона кодексининг 112-моддасига асосан, тўланмаган божхона тўловлари божхона органи томонидан сўзсиз тартибда ундирилиши белгиланган. Бундан ташқари, 113-моддага мувофиқ ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари бундай тўловлар тўланган ёки ундирилган пайтдан эътиборан бир йил ичида тўловчининг талабномаси бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қайтарилиши ёхуд бўлғуси тўловлар ҳисобига ўтказилиши лозимлиги белгиланган.
Янги таҳрирдаги Божхона кодексининг 350-моддасига асосан эса тўловчи томонидан эътироз мавжуд бўлган қўшиб ҳисобланган божхона тўловларини ундириш суднинг божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори асосида амалга оширилади. Шунингдек, 353-моддага мувофиқ ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари шундай тўловлар тўланган ёхуд ундирилган пайтдан эътиборан 3 йил ичида қайтарилиши ёки дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилиши лозим.
Юқоридаги меъёр албатта юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши юзасидан назоратнинг кучайтирилишига олиб келади. Бундан ташқари, ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини қайтариш муддатларининг узайтирилиши уларнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиради.
Такомиллашув ҳали давом этади
Маълумки, исталган қонун ҳужжатига замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш эҳтиёжи юзага келади. Уларнинг давр талабларига мослиги эса амалиётга жорий қилинишини мониторинг қилиш орқали аниқланади. 2016 ва 2017 йиллар мобайнида мазкур Кодекс нормаларининг амал қилиши ва самарадорлиги ҳам мунтазам равишда ҳамда ҳар томонлама мониторинг ва таҳлил қилиб борилади, шунингдек зарур бўлган ҳолларда унинг айрим нормаларини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар белгиланган тартибда киритилади.
Д.КАРИМОВ,
иқтисод фанлари номзоди,
Ф.МАШАРИПОВ,
тадқиқотчи.