2013 йилда корхона ходимларга иш ҳақи ҳисоблаб ёзган ва ундан даромад солиғи, ЯИТ ва суғурта бадалларини тўлаган. Ишлаб чиқариш ҳажми мавжуд бўлмаганлиги боис унда 2-сон картотека юзага келди. Барча пул тушумлари солиқларга оид қарзларни сўндиришга кетган. Ходимларни ишдан бўшатишга тўғри келди, уларга иш ҳақи тўлови бўйича қарзлар корхона зиммасида қарз бўлиб қолди. 2015 йилнинг охирида корхона ўз фаолиятини тиклади.
У 3 йил давомида, агар ходимлар ишдан бўшаб кетган, улардан баъзилари Ўзбекистондан ташқарига кетиб қолган бўлсалар, иш ҳақи бўйича қарзларни даромадга ҳисобдан чиқариши мумкинми?
Светлана.
– Ҳа, мумкин.
Ходимларга тўланиши лозим бўлган, лекин улар қандайдир сабабларга кўра олмаган иш ҳақи суммаси 6720-«Депонентланган иш ҳақи» ҳисобварағида ҳар бир ходимга алоҳида акс эттирилади. У қайд этиб ўтилган ҳисобварақда даъво қилиш муддати давомида ҳисобга олиниши лозим, мазкур муддат Фуқаролик кодексининг 150-моддасига мувофиқ 3 йилни ташкил қилади.
Солиқ кодексининг 22-моддасига мувофиқ даъво қилиш муддати ўтиши оқибатида узиш мумкин бўлмаган қарз (шу жумладан депонентлар орқали) умидсиз қарз деб эътироф этилади. Уни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромад бошқа даромадлар таркибига киритилади (Солиқ кодексининг 145-моддаси 40-банди).
Даъво муддати ўтиб кетган кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар 9360-«Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар» ҳисобварағининг кредитида кредитор ва депонент қарзларни ҳисобга олувчи счётлар билан боғланган ҳолда акс эттирилади (Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлар режасини қўллаш бўйича йўриқноманинг* 398-моддаси).
Меҳнат кодексининг 154-моддасига мувофиқ иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт. МКнинг 110-моддасига мувофиқ меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга тегишли ҳақнинг барча миқдори иш берувчи томонидан тўланиши шарт. Тўлов муддатлари меҳнат шартномаси кимнинг ташаббуси билан бекор қилинишига боғлиқ. Агар меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган бўлса, ходимга тегишли иш ҳақи (унинг миқдори хусусида низо бўлмаса):
меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар ишлаётган ходимга, – меҳнат шартномаси бекор қилинган куни;
меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаётган ходимга, – у ҳисоб-китоб қилишни талаб этган куни тўланиши керак.
Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинганда, унга тегишли иш ҳақи (унинг миқдори хусусида низо бўлмаса):
қонун бўйича ёки шартномага мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлган ходимга, – огоҳлантиришига кўра у ишни ташлаб кетишга ҳақли бўлган кундан кечиктирмасдан;
меҳнат шартномасини бекор қилиши ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлмаган ходимга, – ишдан кетган кунининг эртасидан кечиктирмасдан тўланиши лозим.
Ходимга тегишли иш ҳақи миқдори хусусида низо юзага келган ҳолатда иш берувчи юқорида айтиб ўтилган муддатларда низолашилмаган суммани унга тўлаши шарт.
Жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун унинг жавобгарлиги назарда тутилган бўлиши мумкин.
Корхонанинг мансабдор шахслари томонидан иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги ЭКИҲнинг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси).
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари иш ҳақи ўз вақтида тўланиши тартибига қатъий риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширадилар. Иш ҳақи бўйича муддати ўтказиб юборилган қарзлар ҳосил бўлган ҳолларда айбдор шахслар жиноий жазолашгача жавобгарликка тортилади (19.03.2002 йилдаги «Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 88-сон ВМҚнинг 4-банди).
Анжелика НАМ,
«Norma Online» эксперти.
*21-сон БҲМСга 2-илова, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган.