Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 12 / Солиқ солиш

Иш ҳақини фойдага йўналтиринг

 

Молиявий қийинчиликлар боис директор хусусий корхона – муассиси узоқ вақт иш ҳақи олмади. Унинг даромадларидан ҳар ойда ва ўз вақтида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва Пенсия жамғармасига ажратмалар ҳисоблаб ёзиб борилди.

Директор буйруқ чиқариб, ўзининг иш ҳақини корхона фойдасига киритиши мумкинми? Фирма танг вазиятдан чиққанидан кейин унинг иш ҳақи бўйича қарзини сўндириши мумкинми?

Д.Шермуҳамедова,

бош бухгалтер.

 

Ҳа, директор унга тегишли бўлган даромадлар суммасидан корхона фойдасига воз кечиши мумкин.

Унинг ўзига ҳисобланган иш ҳақини олишдан воз кечиш тўғрисидаги ёзма аризасига асосан унинг олдидаги қарз суммаси корхона фойдасига киритилади. Солиқ солиш мақсадида у Солиқ кодексининг 132-моддасига кўра юридик шахснинг бошқа даромади деб эътироф этилади. Умумбелгиланган солиқлар тўловчисида у фойда солиғи ҳисоб-китоби чоғида жами даромад таркибига, ЯСТ тўловчиларида эса – ялпи тушум таркибига киритилади ва асосий фаолият тури ставкаси бўйича унга солиқ солинади.

ЖШДС бўйича ҳисоботда корхона даромадига ҳисобдан чиқарилган, директорнинг иш ҳақи бўйича қарз суммасини тўланган даромадлар сифатида қуйидагича акс эттириш керак:

Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларнинг (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-илова) 019-сатрида;

Жисмоний шахсларга тўланган даромадлар ва ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ШЖБПҲга бадаллар суммаси расшифровкасининг 6 ва ­7-устунларида (дивидендлар ва фоизлардан ташқари) (Маълумотларга 1-илова) – корхона томонидан даромад эътироф этилган санада.

Солиқ кодексининг 185-моддасига кўра, солиқ агентлари солиқ тўловчининг даромадларидан ҳисобланган ЖШДС суммасини мазкур даромадлар ҳақиқатда тўланаётганда ушлаб қолишлари шарт. Тўлов манбаида ЖШДСнинг ҳисоблаб чиқарилган суммаси бюджетга солиқ агенти томонидан пул маблағларини олиш учун хизмат кўрсатувчи банкка ҳужжатларни тақдим этиш билан бир вақтда тўланади (Солиқ кодексининг 188-моддаси). Сизнинг ҳолатда ЖШДС бюджетга директор олдидаги қарз ҳисобдан чиқарилган санадан кечиктирмай тўланади.

Танг вазиятдан чиқилгач, директорга иш ҳақи бўйича қарз эмас, балки мавжуд бўлганда хусусий корхонанинг фойдаси тўланади.

«Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг (11.12.2003 йилдаги ­558-II-сон) 24-моддасига кўра, хусусий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди.

Директор билан хусусий корхона ўртасида унинг иш ҳақи бўйича қарзи суммасига қарз шартномасини тузиш мазкур вазиятда ечимнинг бошқа варианти бўлиши мумкин. Унда қарзни қайтариш муддати, шунингдек ундан фойдаланганлик учун фоизларни назарда тутиш лозим. Қарзга доир фоизлар жисмоний шахснинг тўлов манбаида 10%лик ставкада солиқ солинадиган даромади ҳисобланади.

Солиқ оқибатларига қараб корхона ўзи учун энг мақбул вариантни танлаши мумкин.

Лилия ХИСМАТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2362 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика