Ходим ташкилот томонидан тиббиёт муассасасига стоматология хизматлари ҳақини тўлаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Биз ходим билан хизматлар қийматига молиявий қарз шартномасини тузиб, уни тўладик. Ходимнинг иш ҳақидан ҳар ойда қарзни сўндириш ҳисобидан аниқ сумма ушлаб қолинади.
Қуйидаги мисолда саволларимизга жавоб берсангиз:
даволаниш учун 1 200 000 сўм тўланди;
ходимнинг маоши январда 1 000 000 сўмни ташкил қилди;
ҳар ойда иш ҳақидан қарзни сўндириш учун 200 000 сўм ушланади.
Ходимга кўрсатилган стоматология хизматларига ҳақ тўлаб, кейин ушбу суммани унинг иш ҳақидан ушлаб қолган корхона Солиқ кодексининг 179-моддаси 3-бандига асосан ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаши мумкинми? Агар мумкин бўлса, ЖШДС қандай базадан ҳисоблаб чиқарилади?
М.Рибакова,
МЧЖ бухгалтери.
– Сизнинг вазиятда стоматология хизматлари ҳақини тўлаш бўйича корхона харажатлари ходимнинг иш ҳақидан сўндирилади. Шу сабабли унда қўшимча даромад вужудга келмайди. Сизнинг мисолингизда ходимнинг январь учун ЖШДС солинадиган даромади 1 000 000 сўмни ташкил қилди.
Ундан қарзни сўндириш суммасига (200 000 сўм) солиқ чегирмаси қилинмайди.
Агар корхона тиббий хизматларга ҳақ тўлаб, кейин унинг қийматини ходимнинг иш ҳақидан сўндирмаганда, Солиқ кодексининг 179-моддаси 3-бандида назарда тутилган имтиёздан фойдаланиши мумкин эди. Ушбу ҳолда корхонанинг харажати ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади (Солиқ кодексининг 177-моддаси) бўлар эди. Сизнинг ҳолатда у 1 200 000 сўмни ташкил этарди.
Бунда ходимнинг жами даромади, масалан, январда:
1 000 000 + 1 200 000 = 2 200 000 сўмни ташкил этади.
Солиқ кодексининг 179-моддаси 3-бандида белгиланишича, ўз ходимларининг амбулаторияда ёки стационар даволаниши учун корхона томонидан тўланган суммаларга ходимларни даволаганлик, уларга тиббий хизмат кўрсатганлик учун юридик шахслар томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларига нақд пулсиз ҳақ тўланган тақдирда, ушбу даромадлар солиқ солишдан озод қилинади.
Солиқ солинадиган базани аниқлашда ходимнинг жами даромадидан имтиёзли сумма чегирилади:
2 200 000 – 1 200 000 = 1 000 000 сўм, айни ундан ЖШДС ушланади.
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Online» эксперти.