Божхона тизими фаолиятининг самарадорлиги, унинг мунтазам такомиллашиб бориши кўп жиҳатдан кадрлар салоҳиятига бевосита боғлиқ. Шундай экан, божхона ишини жаҳон андозалари даражасида ташкил этишнинг муҳим шартларидан бири – бу юқори малакали профессионал кадрларни тайёрлаш ҳисобланади.
Хўш, божхона органларига кимлар қабул қилинади? Божхоначи бўлиш истагида юрган ёшларга қандай талаблар қўйилади? Қуйида шу каби саволларга атрофлича тўхталиб ўтамиз.
Божхона органларига ишга кириш учун қаерга ва кимга мурожаат қилиш лозим?
– Божхона органларига ишга кириш истаги бор фуқаролар ўзлари яшаётган ва доимий рўйхатда турган ҳудуддаги божхона органларининг кадрлар хизматларига мурожаат қилишлари мумкин.
Ҳудудий божхона бошқармалари ва бошқа таркибий тузилмаларнинг манзиллари, телефон рақамларини Давлат божхона қўмитасининг customs.uz сайтидан олиш мумкин. Божхона органларининг кадрлар хизматлари иш вақти ҳар куни (якшанбадан ташқари) соат 09:00 дан 18:00 га қадар белгиланган.
Давлат божхона қўмитасининг Марказий аппаратида ишлаш учун номзод Қўмитанинг Кадрлар бош бошқармасига мурожаат қилиши лозим. Шуни инобатга олиш керакки, Марказий аппаратга ишга олишда асосан божхона органларида бир неча йил ишлаб, тажрибага эга бўлган номзодларга устунлик берилади. Ёрдамчи ва ишчи тоифасидаги бўш лавозимларга бундай талаб қўйилмайди.
Мурожаат этиш вақтида иш тури ва касб йўналишини аниқлаб олиш зарур бўлади. Масалан, божхона пости инспектори, Олий ҳарбий божхона институти аниқ ёки ижтимоий фанлар ўқитувчиси, Миллий кинология маркази кинологи, ветеринари, молия-иқтисодиёт бўлимлари ҳисобчиси, оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи инспектори ва ҳ.к.
Номзод республикамизнинг қайси минтақасида ҳужжат топширса, фақат ўша ерда ишлайдими?
– Номзод бўш ўринларга қараб, ўзи ҳужжат топширган ҳудуддаги божхона органларида ишлаши мумкин. Аммо бўш лавозим бўлмаганида номзод (шунингдек унинг яқинлари) розилиги билан республиканинг бўш лавозим бўлган бошқа божхона органига (минтақаларга) юборилиши мумкин.
Шуни ҳам назарда тутиш керакки, божхона ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, ҳарбийлаштирилган органдир. Номзод ишга кираётганда республиканинг ҳар қандай ҳудудида ишлаш мажбурияти қўйилади.
Ушбу қоидалар меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган ёрдамчи ва техник ишчиларга татбиқ этилмайди (дурадгор, электрик, боғбон, ҳовлибон, фаррош, чилангар, иш юритувчи, комендант, омборчи ва ҳ.к.)
Божхона органларига қандай лавозимларга ишга қабул қилинади?
– Божхона органларига инспектор, кичик инспектор, кичик инспектор-кинолог лавозимларига, хизматчи, ёрдамчи ва хизмат кўрсатиш гуруҳларига ишчилар қабул қилинади.
Божхона органлари хизматининг инспекторлик ва кичик инспектор-кинолог лавозимларига муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, сафарбарлик чақирув резервида бўлган, ҳарбий кафедрада таҳсил олган ёки қонунчилик асосида ҳарбий хизматни ўтамаган номзодлар қабул қилинади.
Божхона органлари қўриқлаш хизматининг кичик инспектор-соқчи (навбатчи) лавозимларига номзодлар муддатли ҳарбий хизматни ўтаган бўлишлари талаб этилади.
Ёрдамчи ва хизмат кўрсатиш гуруҳи ишчиларининг мажбурий ҳарбий хизматни ўтаган бўлиши талаб этилмайди.
Божхона органларининг инспекторлик лавозимига номзодлар олий маълумотли ҳуқуқшунос ёки иқтисодий йўналишлардаги мутахассис (молиячи, бухгалтер, божхона иши, банк иши, солиқ, бизнесни бошқариш, маркетинг) бўлишлари талаб этилади.
Кичик инспектор-соқчи (навбатчи) лавозимига номзодлар ўрта ёки ўрта-махсус маълумотга эга, кичик инспектор-кинолог лавозимига номзодлар ўрта-махсус маълумотга эга кинолог, ит ўргатувчи инструктор, ветеринар, зоотехник мутахассисликларига эга бўлиши керак.
Кичик инспектор-соқчи (навбатчи) ва кичик инспектор-кинолог лавозимларига мутахассислиги бўйича амалий иш тажрибаси бор ёки муддатли ҳарбий хизмати даврида стажга эга бўлган номзодларга танловда устуворлик берилади.
Божхона органларининг ёрдамчи ва хизмат кўрсатиш гуруҳи техник ва хўжалик ишлари лавозимларига (боғбон, фаррош, сантехник, ҳовлибон ва ишчи) умумий ўрта маълумотга эга номзодлар ишга олинади.
Идоравий техник ёрдамчи лавозимларига олий маълумотли ҳуқуқшунос ёки иқтисодий йўналишлардаги мутахассисликка эга номзодлар божхона органларининг инспекторлик лавозимига захира сифатида қабул қилиниши мумкин.
Бугунги кунда асосан қайси иш ўринларига ишга олинмоқда?
– Бугунги кунда аксарият номзодлар чегара ва ташқи иқтисодий божхона постлари инспекторлик лавозимларига қабул қилинмоқда. Номзодлар бўш лавозим мавжудлигига қараб хизматга қабул қилинади ёки бўш лавозим пайдо бўлгунига қадар номзодлар захирасига киритилади.
Чегара божхона пости – республикамизнинг чегара ўтиш пунктларида, аэропортларида, темирйўл вокзалларида фаолият юритиб, йўловчи, транспорт воситалари ва юкларнинг божхона назоратини амалга оширади.
Ташқи иқтисодий фаолият божхона пости – республикамиз ташқи савдо юклари келиб тушадиган ва сақланадиган масканларида фаолият юритиб, импорт, экспорт ва транзит юкларни божхона назоратини амалга ошириш, ўрнатилган тартибда божхона тўловлари (бож, қўшилган қиймат солиғи, акциз, йиғимлар) ундиришни амалга оширади.
Божхона органларига қабул қилинаётган номзодларнинг мутахассислиги бўйича қандай талаблар мавжуд?
– Божхона органларига олий маълумотли, иқтисодий, юридик мутахассисликларига эга, молиячи, бухгалтер, божхона иши, банк иши, солиқ, бизнесни бошқариш, маркетинг каби мутахассисликка эга номзодлар ишга қабул қилинади.
Шунингдек, аэропорт ва хорижий фуқаролар ҳаракати кўп бўлган чегара божхона постларидаги мавжуд бўш лавозимлардан келиб чиқиб, мутахассислиги бўйича чет тилларидан бирида (инглиз, немис, француз, корейс, япон ва хитой) суҳбатлаша оладиган, ёза оладиган ва фикрини тушунтириб бера оладиган мутахассислар ишга қабул қилиниши мумкин.
Божхона органларида муайян ихтисослик ва касб турини талаб этадиган лавозимлар ҳам мавжуд. Мансабдор шахслар тоифасида бундай лавозимларга ахборот тизимлари дастурчилари, қурувчилар, журналистлар, кинологлар, бухгалтерлар, ўқитувчилар, кимёгарлар, тиббиёт ходимлари, ёрдамчи ва техник ишчилар тоифасида эса дурадгор, электрик, боғбон, сантехник, чилангар, авточилангар, автомеханик, иссиқлик қозонхонаси оператори киради.
Фақат Олий ҳарбий божхона институтига ўқитувчилик лавозимига номзодларга магистр даражасини олган бўлиши талаб этилади. Қолган лавозимларга эса бакалавр даражаси етарли.
Божхона органларига ишга киришда танлов мавжудми?
– Ҳа, мавжуд. Бўш муносиб лавозим бўлганида, номзоднинг ҳужжатлари белгиланган тартибда расмийлаштирилгач, божхона органларининг тегишли хизматлари масъул ходимлари билан суҳбат ўтказилади (ёки коллегиал тарзда комиссия суҳбатидан ўтадилар). Фақат танланган номзодлар ишга олинадилар. Танлов шартларини Кадрлар хизматларидан билиб олиш мумкин.
Номзоднинг ёши, соғлиғи ва жисмоний ҳолати юзасидан мавжуд талаблар қандай?
– Номзодлар жисмонан соғлом бўлиши лозим. Улар ҳарбий тиббий кўрикдан ўтказилади. Кўрикда яроқсиз деб топилганлар ишга олинмайди.
Ёрдамчи ва ишчи тоифасидаги ходимлар Меҳнат кодекси талаблари асосида маҳаллий шифохоналарда кўрикдан ўтиб, соғлиғи ҳақида тиббий маълумотнома тақдим қиладилар.
Божхона органларига ишга кираётганлар 18 ёшга тўлган, 30 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлишлари лозим. Ёрдамчи ва ишчи тоифасидаги ходимларга эса чеклов ўрнатилмаган.
Божхона органларига ўқишга қабул қилинаётган номзодларнинг бўйи йигитларда 170 см дан, қиз болаларда 165 см дан паст бўлмаслиги лозим.
Олий ҳарбий божхона институтига ўқишга киришни истаганлар нималарга аҳамият беришлари лозим?
– Олий ҳарбий божхона институтига кирувчилар учун ёш билан боғлиқ чеклов номзоднинг ҳарбий хизматни ўтаганига қараб белгиланади. Жумладан, ҳарбий хизматни ўтамаган ёшлар институтга киришлари учун 17 ёшдан 21 ёшгача (қабул йилида 17 ёшга тўлган) бўлишлари керак. Институтга кириш истагида бўлган ҳарбий офицерлар таркиби унвонларига эга бўлмаган ҳарбий хизматчилар ёки ҳарбий хизматни ўтаганлар эса 18 ёшдан 25 ёшгача бўлиши талаб этилади.
Шуни унутмаслик керакки, номзод Институтга қабул қилинса ва ўқишни тамомлаганидан сўнг 5 йил муддат давомида ўз хоҳишига кўра ёки Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг Интизомий уставига асосан божхона органларидан бўшатилса ёхуд содир этилган жинояти учун озодликдан маҳрум этилса улардан ўқитишга сарфланган бюджет маблағлари ундириб олинади.
Институтга ўқишга кириш учун аризаларни (билдиргилар) қабул қилиш ҳар йили 1 февралдан 1 апрелга қадар қабул қилинади.
Амалдаги тартибларга мувофиқ Институт тингловчилари контингентини сифатли бутлаш учун 4 босқичли комплекс танлаш амалга оширилади. Яъни:
● ҳарбий-профессионал йўналиш;
● дастлабки танлаш;
● ҳарбий-профессионал танлаш;
● тест синовлари.
Мазкур босқичларни амалдаги тартибларга мувофиқ ташкил этиш, номзодларни танлаш ва қабул қилиш учун Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва «Тошкент-АЭРО» ИБКда ишчи гуруҳлар, Олий ҳарбий божхона институтида эса қабул комиссияси ташкил этилади.
Аббос САИДОВ,
Давлат божхона қўмитаси Кадрлар бош бошқармаси
катта инспектори, божхона хизмати капитани.