Тамаки маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланадиган фирма қандай солиқларни тўлаши лозим? Унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли (МЧЖ ёки ХК) тўланадиган солиқлар тури ва миқдорига таъсир қиладими?
И.Зуриев.
– Аввало таъкидлаш жоизки, тамаки маҳсулотлари чакана савдоси мазкур товарнинг ўзига хос хусусиятларига кўра бир қатор жиҳатларга эга ва қуйидаги махсус меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади:
«Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонун (5.10.2011 йилдаги ЎРҚ-302-сон);
Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг (13.02.2003 йилдаги 75-сон ВМҚга 1-илова) V бўлими.
Ягона солиқ тўлови
Савдо корхоналари ходимларининг сонидан қатъи назар ягона солиқ тўловини (ЯСТ) тўловчилар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 350-моддаси). Солиқ солиш мақсадида улар жумласига савдо фаолияти ўтган ҳисобот йили якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар киради.
Агар сиз савдо корхонасини ташкил этишни режалаштираётган бўлсангиз, у ҳолда ЯСТни давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан жорий йил тугагунига қадар, 1 октябрдан кейин рўйхатдан ўтказилганлар эса кейинги йил тугагунига қадар тўлайди. Агар савдо (ёки умумий овқатланиш) ҳисобот йили якунлари бўйича корхонанинг асосий фаолият тури бўлмаса, корхона келгуси йил бошидан эътиборан умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтиши керак. Солиқ солиш тартибини танлаш ҳуқуқи сақлаб қолинадиган микрофирмалар ва кичик корхоналар бундан мустасно (Солиқ кодексининг 352-моддаси).
Товарларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотиш чакана савдо корхоналари томонидан ўтган ойдаги ойлик товар айланмаси умумий ҳажмининг 10 фоизи доирасида амалга оширилиши мумкин (26.11.2002 йилдаги 407-сон ВМҚ билан тасдиқланган Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомнинг 19-банди). Ушбу лимитга риоя қилинганда улгуржи савдо учун лицензия талаб этилмайди, бутун товар айланмаси чакана савдо сингари кўриб чиқилади ва жойлашган жойидан қатъи назар, чакана савдо корхоналари учун ЯСТ ставкаси бўйича тамаки маҳсулотларини реализация қилишдан товар айланмасига 4% ЯСТ солинади (Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон Қарорига 10-2-илова).
Чакана савдо корхонаси нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича товарлар реализациясини чеклашлардан ортиқ миқдорда амалга оширган тақдирда, нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича амалга оширилган жами реализация улгуржи савдо ҳисобланиб, уни амалга ошириш учун лицензия талаб этилади (МВ ва ДСҚнинг 3.03.2015 йилдаги ММ/04-01-32-14/231/214 ва 16/3-4061-сон ахборот хати). Агар ҳатто ҳисобот йилининг фақатгина бир ойида чеклашлардан ортиқ миқдорда савдо қилинган бўлса, корхонага улгуржи-чакана савдо корхонаси сифатида қаралади, бутун ҳисобот (солиқ) давридаги товар айланмасига ЯСТнинг 5%лик ставкаси қўлланилади.
ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, тўлов энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ёки қатъий белгиланган солиқ суммаси кўринишида (якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан сотиладиган товарларни реализация қилган чакана савдо корхоналари) ёхуд ер солиғининг 3 баравари тарзида (қолган савдо корхоналари) тўланади.
Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатининг (7.01.2011 йилдаги 6-сон ВМҚга 1-илова) 1-бандига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар тамаки маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланишга ҳақли эмаслар. Шу боис агар ҳисобот чораги якунлари бўйича тамаки маҳсулотларини реализация қилишдан тушум умумий реализация ҳажмида устунлик қилса (сизнинг корхонангиз бошқа товарлар билан ҳам савдо қилган тақдирда) ёки жами тушум фақат тамаки маҳсулотларини реализация қилишдан тушган бўлса, у ҳолда ЯСТ Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ер солиғининг 3 бараварини ҳисобга олган ҳолда тўланади.
ЯИТ, ЖШДС ва суғурта бадаллари
Чакана савдо корхоналари мазкур солиқлар ва мажбурий тўловларни алоҳида тартибда – ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарадилар ва тўлайдилар. Меъёрлар Иқтисодиётнинг айрим тармоқлари хўжалик юритувчи субъектлари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 28.12.2010 йилда 2173-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ аниқланади. Солиқларни ҳисоб-китоб қилиш тартиби Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомда (АВ томонидан 23.02.2011 йилда 2200-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган.
МЧЖ ёки ХК
Корхонанинг танланган ташкилий-ҳуқуқий шакли тўланадиган солиқларнинг тури ва миқдорига таъсир кўрсатмайди. Корхонада фойдани тақсимлашда ва солиқ солиш тартибида фарқ бўлади.
МЧЖда соф фойда (ёки унинг бир қисми) унинг иштирокчилари ўртасида устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига мутаносиб равишда тақсимланади (6.12.2001 йилдаги «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги 310-II-сон Қонуннинг 25-моддаси) ва уларга солиқ ушлаб қолинган ҳолда дивидендлар кўринишида тўланади. Дивидендлар кўринишида тўланадиган даромад солиғи ставкаси 10% миқдорида белгиланди (Президентнинг 25.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон Қарори 3-банди). Агар МЧЖда битта муассис бўлса, соф фойда унга дивидендлар кўринишида 10%лик солиқ ушланган ҳолда тўланади.
Хусусий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди (11.12.2003 йилдаги «Хусусий корхона тўғрисида»ги 558-II-сон Қонуннинг 24-моддаси).
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Online» эксперти.