Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 05 / Устуворликлар

Ислоҳотларнинг муҳим самараси

 

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида мамлакатимиз тараққиёти, мустақиллик йилларида эришилган ижтимоий-иқтисодий ютуқлар кўлами ва аҳамиятини кўрсатувчи кўплаб мисол ва далиллар келтирилди.

 

Мамлакатимиздаги 10 фоиз таъминланган ва 10 фоиз етарлича таъминланмаган аҳоли даромадлари ўртасидаги фарқ, яъни «децил коэффициенти» кўрсаткичи барқарор пасайиш тенденциясига эга экани, бу рақам 2010 йилдаги 8,5 фоиздан 2015 йилда 7,7 фоизгача камайгани таъкидланди.

«Децил коэффициенти» халқаро миқёсда тан олинган тамойил бўлиб, жамиятдаги ижтимоий тенглик ва фаровонликни кўрсатади. Уни аниқлашда аҳоли даромадлари, одамларнинг уй-жойлар ва сифатли товарлар билан таъминлангани, яшаш шароити, атроф-муҳит ободлиги, ижтимоий инфратузилманинг мавжудлиги, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидан баҳраманд бўлиш имкониятлари каби муҳим омилларга эътибор қаратилади.

Мутахассислар фикрича, бу коэффициент 5–7 фоиз атрофида бўлиши энг мақбул ҳолатдир. Масалан, Германия, Франция, Австрия каби ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 5–7 фоиз, АҚШда 15, Бразилияда 39 фоизни ташкил этади.

Кўриб турганимиздек, мамлакатимиздаги бу кўрсаткич тараққий этган мамлакатлардаги билан деярли бир хил, яъни, жамият фаровонлиги ва осойишталиги учун энг мақбул даражада.

 

Бугун юртимизда ўзини бой-бадавлат санайдиганларда бор шароитнинг асосийлари оддий одамларда ҳам бор. Мамлакатимизнинг қайси шаҳар ва қишлоғига борманг, маржондек тизилган ҳовли-жойлар, муҳташам мактабу коллежлар, мўл-кўл дўконларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Ҳар икки оиланинг бирида шахсий автомобиль. Энг чекка қишлоқдаги уйда ҳам параболик антенна, компьютеру кондиционер бор.

Бу Президентимиз раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки йилларидан кучли ижтимоий сиёсат юритилиши, иқтисодиёт барқарор ривожланиб, хусусий мулкчилик ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб берилиши самарасидир. Халқимиз турмуш шароитлари муттасил яхшиланиб, фуқаролик жамиятининг асоси, давлатнинг барқарорлиги ва мустаҳкамлигини таъминлайдиган қатлам – ўрта синфнинг ортишига хизмат қилмоқда.

 

Турмуш фаровонлигининг яна бир муҳим омили оилаларнинг ўз уйига эга бўлишидир. Дунёнинг кўплаб мамлакатларига назар солсак, наинки кам таъминланган, балки ўрта қатлам вакиллари ҳам шахсий хонадонига эга эмас.

– Бир неча йил Европада яшаб, хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, ўз бошпананг бўлиши қанчалик катта бойлик, файз-барака омили эканини тушуниб етдим, – дейди Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида яшовчи Ҳошим Бегматов. – Хорижликларнинг ижарама-ижара ёки ишхона томонидан ажратиладиган уйларда яшаб, кийим-кечагидан бошқа шахсий буюмлари йўқлиги бизни нечоғли таажжублантирса, юртимизда деярли барчанинг шахсий хонадони борлиги уларда бизнинг фаровон турмушимизга бўлган ҳавасни шунчалик орттиради.

Халқимиз фаровон турмушининг кўзгусига айланган қишлоқларимиздаги намунавий уй-жойлар, ёш оилаларга мўлжалланган «Камолот» уйларини барпо этиш кўламининг тобора кенгайиб бораётгани аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилаётган ғамхўрликнинг инъикосидир.

 

Бугун бозор-ўчар қилиш учун туман марказига бориш шарт эмас. Шундоққина кўча бошига чиқсанг бас, ё бозорчага, ё дўконга кўзинг тушади. Деҳқончилик маҳсулотлари дейсизми, кундалик рўзғор ашёлари дейсизми, хуллас, анқонинг уруғидан бошқа ҳамма нарса муҳайё. Энг асосийси, гугурт чўпидан тортиб маиший техникаларгача – барчаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотларнинг аксарият яратувчилари – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари.

Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 56,7 фоизини шакллантираётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг муттасил ривожланиб боришини таъминлаш асносида янгидан-янги иш ўринлари яратилиши, мактабу университетлар, қишлоқ врачлик пунктлари-ю йирик шифохоналарнинг бунёд этилиши, бозорларимизда тўкинчилик ва барака бўлиши, хонадонларимизнинг наинки кундалик эҳтиёж учун зарур маҳсулотлар, балки узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар билан бойишига замин яратмоқда.

 

Тадбиркорлик субъектлари халқимиз учун зарур маҳсулотларни ишлаб чиқарилиши таъминлабгина қолмай, уларга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг ортишига ҳам хизмат қилаётир.

Таҳлилчиларнинг фикрича, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликдан олинаётган даромадларнинг ортиши фуқаролик жамияти барқарор ва мустаҳкам ривожланишининг муҳим омили бўлган ўрта синфнинг юзага келишини таъминлайди. Мазкур ижтимоий қатлам ижтимоий табақалашув даражасини камайтириш, иқтисодиётда ривожланиш, жамиятда барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

 

Ҳаётимизга, атрофимизда бўлаётган ўзгаришларга чуқурроқ назар солсак, ҳар бир соҳада улкан ютуқларнинг гувоҳи бўламиз. Уларнинг моҳияти, асосини Президентимиз раҳнамолигида инсон учун, унинг бахту саодати учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ташкил этади. 

 

Беҳзод БОЗОРОВ, ЎзА шарҳловчиси.

Прочитано: 2169 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика