«Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари тилла ва заргарлик буюмларининг ҳаво йўллари орқали ноқонуний олиб ўтилишига қарши чора-тадбирларни давом эттиришмоқда.
2015 йилнинг ўтган 10 ойи давомида «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари ҳамкорлигида 120 божхона қоидабузарликлари фош қилиниб, натижада 1,7 млрд сўмдан ортиқлик қарийб 38,2 кг оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
Жумладан, «Боку-Тошкент» рейси бўйича парвозини якунлаган пойтахтлик М.Заҳидованинг (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) божхона кўриги давомида ортиқча безовталаниши божхоначиларда шубҳа уйғотди. Натижада унинг қўл юклари синчковлик билан кўздан кечирилганда, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровлари пайтида маълум қилинмаган 156 грамм тилладан ясалган заргарлик буюмлари яширилганлиги фош бўлди.
Хатирчилик Д.Мирзаев эса Сеулдан учиб келар экан, божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниб, қаттиқ янглишди. Ушбу шахс холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, 170 грамм оғирликдаги қиймати 8,9 млн сўмлик тилла занжирни яширин равишда олиб киришга урингани аён бўлди.
Пойтахтимизнинг Олмазор туманида истиқомат қилувчи С.Мусажонованинг «Истанбул-Тошкент» рейси бўйича парвози у кутганидек енгил якун топмади. Чунки аёл тилладан ясалган 21 жуфт зирак ва 127 дона турли тақинчоқларни қўл юклари ва эгнидаги кийимлари орасига яширганча пойтахт аэропортидан бамайлихотир кириб келишни кўзлаган эди. Аммо, божхоначилар унинг қинғир қилмишларига ўз вақтида чек қўйишди: қиймати 91 млн сўмдан ортиқ бўлган 509 грамм оғирликдаги заргарлик буюмлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
«Тошкент-Аэро» ИБК божхоначилари тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилишига оид бир қатор божхона қоидабузарликларини ҳам фош қилишди. Масалан, «Тошкент-Ростов» рейси бўйича парвозга отланган хорижий давлат фуқароси Ч.Мансуров республикамиз божхона қонунчилигини бузишга уриниб, оғирлиги 295 граммдан ортиқ салкам 50 млн сўмлик тилла тақинчоқларни яширин равишда олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Пойтахтлик Х.Салимовага ҳам йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, қиймати 19 млн сўмдан ортиқ бўлган 323 грамм оғирликдаги тилла тақинчоқларни ички кийимлари орасига яширганча Деҳлига парвоз қилиш насиб қилмади.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг чекланган меъёрларига (АВ томонидан 13.03.1998 йилда 412-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосан акциз солиғи солинмасдан олиб кириш учун умумий оғирлиги 30 граммдан ошмайдиган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган 5 тагача заргарлик буюмларига рухсат берилади. Ўрнатилган мазкур меъёрдан ортиқчасини олиб киришда эса жисмоний шахслар тегишли божхона тўловларини тўлаши талаб этилади.
Бундан ташқари, Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 5.08.2014 йилда 2606-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтиш пайтида тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясининг баённомаларининг 5-бандида олиб ўтилаётган қимматбаҳо заргарлик буюмларининг миқдори аниқ кўрсатилиши шарт.
Президентимизнинг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини мувофиқлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (10.10.1997 йилдаги 1871-сон) мувофиқ республикамиздан тилла ва заргарлик буюмларини экспорт қилиш фақатгина Вазирлар Маҳкамаси кўрсатмасига асосан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.
«Тошкент-Аэро» ИБК
Ахборот хизмати.