● Ноқонуний текшириш ўтказган мансабдор шахс жавобгарликка тортилади
● 2016 йилда текширишлар 10 фоизга қисқаради
● Текшириш тайинлаш тўғрисидаги буйруқ билан «Теkshirishlar.uz» сайтида танишиш мумкин
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида хусусий мулк, кичик бизнес эгалари, тадбиркорларнинг йўлини янада кенгайтириб берадиган тадбирларни кўпайтириш ва самарадорлигини ошириш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан эканига алоҳида эътибор қаратди.
Президентимизнинг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон) бунда дастуриламал бўлаётир. |
– Фармон ижроси доирасида тадбиркорлик субъектларида ўтказилаётган текширишлар доимий назоратга олинган, – дейди Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши котиби Эркин Жўраев. – Ноқонуний текширишларни ўрганиб бориш бўйича тузилган ишчи гуруҳи томонидан ҳар ой якуни бўйича ноқонуний текшириш ўтказган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга тақдимномалар киритилмоқда.
Ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларида ўтказилиши керак бўлган текширишларни янада қисқартириш чоралари кўрилмоқда. Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашининг қарори билан 2016 йилда тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишлар режа-жадвали бунинг яққол тасдиғидир. Унда 2016 йилда тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишлар 2015 йилга нисбатан 10 фоизга қисқартирилди.
Текширишлар режа-жадвали «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун талабларига қатъий риоя этилган ҳолда ишлаб чиқилди. |
Мазкур Қонунга асосан назорат қилувчи органлар томонидан барча режали текширишлар кичик тадбиркорлик субъектларида кўпи билан 4 йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларида кўпи билан 3 йилда бир марта ўтказилиши белгиланган. Шунга амал қилинганлиги натижасида 2016 йилдан бошлаб айрим субъектларда турли назорат органлари томонидан ҳар йили режали текшириш ўтказилишига чек қўйиладиган бўлди.
Текширишлар режа-жадвалини ишлаб чиқишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилиш ваколатига эга барча вазирлик ва идораларнинг таклифлари ўрганиб чиқилди. Таҳлиллар натижасида уларнинг тадбиркорлик субъектида текшириш ўтказиш билан боғлиқ қарийб 10 минг таклифи лойиҳага киритилмади. |
Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти бўйича текширишларнинг барчаси камерал назорат натижасида қоидабузарликлар аниқланган ҳолатлар асосида шакллантирилди.
Кенгаш қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳудудий комиссияларига режа-жадвалдан тегишли кўчирмаларни ижросини таъминлаш учун назорат органлари ва туман (шаҳар) ҳудудий комиссияларига зудлик билан етказиш топширилди.
Назорат қилувчи органлар раҳбарларига режали текшириш ўтказиш билан боғлиқ фаолиятдан тадбиркорларни вақтида хабардор қилиш вазифаси юклатилди. Текширилиши мўлжалланган тадбиркорлик субъектига режали текшириш муддати ва предмети тўғрисида текширишнинг режада белгиланган бошланиш муддатидан камида 30 календарь кун олдин ёзма шаклда хабарнома юборилади. Текшириш тайинлаш тўғрисидаги буйруқлар кенгашнинг «Теkshirishlar.uz» веб-сайтига жойлаштириб борилади. |
* * *
Адлия вазирлигида ташкил этилган анжуман тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ долзарб вазифалар ижросига бағишланди.
Ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланаётгани тадбиркорларга янги-янги имкониятлар яратмоқда. Адлия вазирлиги томонидан «Текширишларни рўйхатга олиш китоби»нинг электрон шакли яратилгани ҳам ноқонуний текширишларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Эндиликда ўтказилаётган ҳар қандай текширишни бевосита назорат қилиб бориш ва қонунийлигини таъминлаш имконияти яратилди. Ушбу лойиҳа вақтни, қоғозни тежайди, бошқа харажатларни камайтиради.
«Текширишларни рўйхатга олиш китоби»нинг онлайн тизимига кириш электрон рақамли имзо билан etk.minjust.uz орқали амалга оширилади. Китобни тўлдирмаслик ёки уни тўлдиришдан бош тортиш текширишлар тартибини бузиш ҳисобланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлигига сабаб бўлади.
Тадбирда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилиши, уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари фақат суд тартибида қўлланилиши мустаҳкамланганлиги таъкидланди.
Адлия органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда 2015 йилнинг 9 ойи давомида назорат қилувчи органлар томонидан 151 тадбиркорнинг фаолияти ноқонуний текширилгани, 1 514 ҳолатда текшириш ўтказиш тартиби бузилгани аниқланган. |
Тадбирда қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатувчи идоралар томонидан белгиланган талаблар даражасида иш олиб борилиши қонунийликни таъминлашга, тадбиркорларнинг иқтисодиётдаги улуши янада кўпайишига хизмат қилиши қайд этилди.
ЎзА материаллари асосида.