Корхонамиз ходимнинг аризаси ҳамда А компанияси (сотувчи), ШК ходими (харидор) ва ташкилотимиз (тўловчи) ўртасидаги уч тарафлама шартнома асосида маиший техника учун ҳақ тўлади. Корхона ходим билан беғараз қарзни сўндириш учун пул суммасини унинг иш ҳақидан 6 ой мобайнида ушланишини назарда тутадиган шартнома тузди. Маиший техникани олиш пайтида харидорда муаммолар юзага келди. А компанияси ундан маиший техникани олишга компаниямизнинг ишончномасини талаб қилди, ўрнига у ташкилотимизга ҳисобварақ-фактура ёзиб бераркан.
А компаниясининг ходим сотиб олган маиший техникани олишга ташкилотимиздан ишончнома талаб қилиши тўғрими? Зеро шартнома бўйича биз фақат тўловчимиз. Компания харидорга техникани унинг паспорти асосида бериши керакми?
О.Князева,
ШК бош бухгалтери.
ТЕХНИКАНИ ХАРИДОРГА БЕРИНГ
– Таҳририятга қилинган мурожаатга қараганда, А компанияси (сотувчи), ходимингиз (харидор) ва корхонангиз (тўловчи) ўртасида маиший техниканинг олди-сотди шартномаси тузилган. Шунингдек ундан кўринишича, товарни сотиб олувчида етарли пул бўлмаганлиги боис олди-сотди шартномаси бўйича тўловчи бўлиб корхонангиз чиққан. Бундай битимни тузиш натижасида сиз билан ходим ўртасида вужудга келган ўзаро ҳисоб-китоблар эса беғараз қарз шартномаси билан тартибга солинган.
Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 386-моддасига кўра, олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади.
Олди-сотди шартномаси бўйича ходимингиз харидор бўлиб ҳисобланади, товар ҳам унинг мулкига берилиши керак. ФКнинг 388-моддасига кўра, сотувчи сотиб олувчига олди-сотди шартномасида назарда тутилган товарни, шунингдек, агар назарда тутилган бўлса, унга мансуб ашёни ва ашёга алоқадор ҳужжатларни (техник паспорти, сифат сертификати, фойдаланиш бўйича йўриқнома ва ҳоказо) топшириши шарт.
ФКнинг 390-моддасида белгиланишича, башарти шартномада бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса, сотувчининг сотиб олувчига товарни топшириш вазифаси қуйидаги пайтларда бажарилган ҳисобланади:
● агар шартномада сотувчининг товарни етказиб бериш мажбурияти назарда тутилган бўлса, товарни сотиб олувчига ёки у кўрсатган шахсга топшириш пайтида;
● агар товар сотиб олувчига товар турган ерда берилиши лозим бўлса, товарни сотиб олувчи ихтиёрига топшириш пайтида.
Олди-сотди шартномасидан сотувчининг товарни сотиб олувчига етказиб бериш ёки товарни турган ерида сотиб олувчига топшириш мажбурияти келиб чиқмайдиган ҳолларда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товарни сотиб олувчига етказиб бериш учун ташувчига ёки алоқа ташкилотига топшириш пайтида сотувчининг товарни сотиб олувчига топшириш мажбурияти бажарилган ҳисобланади. Шуни таъкидлаш лозимки, товарни олиш учун ФКда товарни сотиб олувчи ишончнома тақдим этиши талаб қилинмайди.
А компанияси талаб қилаётган тартиб Товар-моддий бойликларни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби тўғрисида низомда* (бундан кейин – Низом) назарда тутилган. Бироқ ушбу ҳужжат тузилган шартномага кўра харидорлари мулкчилик шаклидан ва идоравий тобелигидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасининг корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари ҳисобланган товар-моддий бойликларни бериш бўйича ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Шунингдек, Низомнинг 8-бандига кўра, ишончли шахс бойликларни олгандан сўнг топшириқлар бажарилганлиги ва у олган товар-моддий бойликлар омборга (омборхонага) топширилганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни корхона бухгалтериясига ёки тегишли моддий жавобгар шахсга тақдим этиши шарт. Сизнинг ҳолатингизда товар омбор ёки моддий жавобгар шахсга топширилмайди, чунки товарнинг эгаси ходимдир. Шу тариқа, А компаниясининг харидор томонидан унинг номига корхонангиз берган ишончнома тақдим этилиши тўғрисидаги талаби тўғри эмас. Товарни харидорга бериш учун тузилган олди-сотди шартномаси асос бўлиб ҳисобланади. Бунда харидор ўз шахсини паспорт (ёки тасдиқловчи бошқа ҳужжат) тақдим этиш йўли билан тасдиқлайди.
ФКнинг 396-моддасига мувофиқ, агар сотувчи сотилган товарни сотиб олувчига топширишдан бош тортса, сотиб олувчи олди-сотди шартномасини бажаришдан бош тортишга ҳақли.
Бунинг устига, сотувчи хусусий белгили ашёни топширишдан бош тортса, харидор бу ашёни олиб қўйишни ва шартномада назарда тутилган шартлар асосида ўзига топширишни талаб қилишга ҳақли (ФКнинг 331-моддаси, 396-моддасининг иккинчи қисми).
Сабоҳат СУЛТОНОВА,
«Norma Profi» эксперти.
***
Ташкилотимиз дўкон билан шартнома тузиб, ўз ходими учун маиший техника харид қилди. Ходим унинг қиймати суммасини ўзининг иш ҳақидан ушлашлари тўғрисида ариза ёзди. У маиший техникани ташкилот ёзган ишончнома бўйича олди.
Агар маиший техника ходим учун ишончнома бўйича олинган бўлса, уни корхона балансига кирим қилиш керакми? Ушбу вазиятда ЯСТ тўлаш лозимми?
Л.Кулева,
МЧЖ бухгалтери.
МЧЖ СОВУТГИЧГА ҚАРЗ БЕРГАНДА
– Агар ташкилотингиз маиший техникани харид қилишга шартнома тузган ва уни олишга ишончнома ёзган бўлса, ушбу техника унинг мулки ҳисобланади. Моддий актив (маиший техника) ташкилот балансидан чиқиб кетган тақдирда 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»** бўйича ушбу операция товар-моддий бойликларни реализация қилиш ҳисобланади (7-параграфнинг 49-банди). Солиқ кодексининг 22-моддасига мувофиқ, реализация қилиш – сотиш, айирбошлаш, беғараз бериш мақсадида товарларни жўнатиш (топшириш)дир.
Бизнинг фикримизча, амалда сиз товарни бўлиб-бўлиб ҳақини тўлаш шарти билан сотгансиз. Савдо фаолияти деб қайта сотиш мақсадида харид қилинган товарларни сотиш фаолияти эътироф этилади. Сизнинг ҳолатда эса, сиз маиший техникани ўз ходимингизга қайта сотиш учун олган бўлиб чиқасиз. Афсуски, хатда ташкилотингиз шуғулланадиган фаолият турлари кўрсатилмаган.
Агар сиз улгуржи савдога лицензия олган бўлсангиз, маиший техникани харид қилиш ва топшириш ходимга юклаб жўнатишнинг умумий суммасига ЯСТ солинадиган асосий фаолиятингиз бўйича реализация ҳисобланади. Агар реализация таннархдан паст амалга оширилган бўлса, товарнинг таннархи ёки уни харид қилиш баҳоси тушум бўлади (Солиқ кодексининг 355-моддаси).
Агар ташкилотингиз савдо фаолиятидан фарқли равишда фаолиятнинг бошқа турлари билан шуғулланса, мазкур операция бир марталик тусга эга бўлса, ТМЗни реализация қилишдан даромадлар бошқа даромадлар деб эътироф этилади. Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган фойда мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган даромаддир (Солиқ кодексининг 132-моддаси 1-банди, 133-моддаси). Товар-моддий захираларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа (фойда ёки зарар) ТМЗнинг чиқиб кетишидан олинган даромаддан уларнинг баланс қиймати ва уларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ билвосита солиқларни чегириш орқали аниқланади (4-сон БҲМСнинг 50-банди).
Шу тариқа, агар сиз маиший техникани таннархидан юқори нархда реализация қилсангиз, сизда ЯСТ солинадиган даромад вужудга келади. Агар сиз ҚҚСни ихтиёрий асосда тўласангиз, сизда ушбу солиқ бўйича ҳам мажбуриятлар вужудга келади.
Амалиётда бундай ҳолларда одатда ходим билан қарз шартномаси тузилади. Унинг пластик карточкасига пул қарзи суммаси ўтказилади. Ходимнинг ўзи маиший техникани харид қилади ҳамда қарз ва унинг фоизларини ўзининг иш ҳақидан сўндиради (агар улар шартномада назарда тутилган бўлса).
Алла МОСКАЛЕНКО,
«PKF MAK Alyans» АК аудитори, солиқ маслаҳатчиси.
*Молия вазирининг АВ томонидан 27.05.2003 йилда 1245-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
**Молия вазирининг АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.