Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 50 / Амалий бухгалтерия

Янги йил байрами харажатлари ҳисоби

 

Маълумки, янги йил байрамининг ўзига хос белгиси қариндошлар, дўстлар, қадрдон танишлар ва, албатта, ўз иш берувчисининг совғаларидир. Зеро ишнинг кўзини биладиган ҳар бир компания раҳбари ўзининг қадрли ва ҳеч қаерда топилмайдиган ходимларини кириб келаётган байрам билан табриклашни зарур деб ҳисоблайди.

Ходимлар болаларини, бизнес бўйича ҳамкорлар ёки собиқ ходимларни ҳам қувонтирмай бўлмайди. Бухгалтер айни ушбу кўнгилни кўтарадиган совғаларни ҳисобга олиш, уларга солиқ солиш, солиқни ушлаб қолиш, топшириш, ҳисобдан чиқариш хусусида бош қотириб ўтирмаслиги, балки кириб келаётган янги йил нашидасини хурсандчилик билан кутиб олишини кўзлаб, ушбу мақоламизни тайёрладик.

 

БОЛАЛАРГА ҲАМДА УЛАРНИНГ ОТА-ОНАЛАРИГА СОВҒАЛАР

Болаларни хурсанд қилиш усуллари бир талай. Бу ўйинчоқлар, ранг-баранг мактаб анжомлари, китоблар, «ширин» совға тўпламлари бўлиши мумкин. Иш берувчининг болаларни табриклаш истагини тўғри расмийлаштириш учун:

♦ раҳбарнинг буйруғи;

♦ ходимлар ва уларнинг болалари рўйхати;

♦ корхона ходимлари ушбу совғаларни олганлиги тўғрисида имзо чекадиган қайднома лозим бўлади.

Совғаларни нафақат пул ўтказиш, балки корхонанинг корпоратив карточкаси орқали ҳам сотиб олиш мумкин. Бу Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомнинг1 6-банди билан рухсат этилган. Ундан фойдаланишда энг муҳими – сотувчилар берган барча терминаллар чеклари, ҳисобварақ-фактуралар, юкхатлар ва бошқа ҳужжатларни сақлаб қўйиш ва бухгалтерияга тақдим этиш. Алоҳида ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирмаслик учун совғалар берилганлиги тўғрисидаги қайдномани унинг реквизитлари билан – ҳисобварақ-фактуранинг ўрнини босадиган ҳужжат сифатида тузиш мумкин.

Болаларга совғаларни корхона ташкил қилган байрам арчасида ҳам тарқатиш мумкин. Ушбу ҳолда уни ўтказиш учун жавобгар шахслар совғаларни ҳисобдан чиқариш далолатномасини эркин шаклда, бироқ уларни олувчиларнинг рўйхати билан бирга расмийлаштириб, уни раҳбар томонидан тасдиқлатишлари керак.

Ҳужжатларни расмийлаштиришга доир саналган барча талабларни ходимларнинг ўзларига бериладиган совғаларга ҳам қўллаш мумкин.

 

ХОДИМЛАРДАН СОЛИҚЛАР...

ЖШДС. Ходимлар учун совғаларнинг қиймати ЖШДС солинадиган моддий наф тарзидаги даромадлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 2-банди). Бироқ бунда имтиёз қўлланади – йил мобайнида ЭКИҲнинг 6 баравари миқдоригача бўлган қийматдаги совғаларга солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг ­179-моддаси 14-банди). Бунинг маъноси шуки, имтиёз суммасини ҳисоб-китоб қилишда ходимга йил мобайнида берилган барча соғаларнинг жами қиймати ҳисобга олинади. Масалан, Янги йилга ходимга ҳам, унинг болаларига ҳам совғалар берилган бўлса, уларнинг ЭКИҲнинг 6 баравари доирасидаги умумий қийматига ЖШДС солинмайди. Ушбу суммадан ошадиган барча даромадларни ходимнинг даромадига қўшиш ва солиқ солиш лозим.

 

Эслатамиз! 2015 йилда ЖШДС солинмайдиган совғаларнинг қиймати 710 400 сўмни (6 х 118 400) ташкил этади.

 

ЯИТ ва суғурта бадаллари. Совғаларнинг қиймати Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган иш ҳақи тарзидаги даромадларга кирмаслиги сабабли уларга ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинмайди (Солиқ кодексининг 306-моддаси).

 

ИШ БЕРУВЧИЛАРДАН СОЛИҚЛАР…

ҚҚС ва фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани ҳисоб-китоб қилиш учун совғанинг «мақоми» катта аҳамиятга эгадир. У совға қилиш учун харид қилинган мол-мулк, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ёки қайта сотиш учун сотиб олинган товар ҳисобланиши эътиборга олинади.

 

Чет ташкилотдан харид қилинганда

ҚҚС. Ушбу ҳолда, биринчидан, жисмоний шахсларга топшириш учун харид қилинган совғалар бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга киритилмайди (Солиқ кодексининг 219-моддаси 6-банди), балки уларнинг харид қийматига киритилади.

Иккинчидан, совғаларни топшириш ҚҚС бўйича солиқ солинадиган оборот ҳисобланади (Солиқ кодексининг 199-моддаси биринчи қисми 1-банди). База ҚҚС суммасини ўз ичига оладиган совғаларни реализация қилиш ёки уларнинг чиқиб кетиши қиймати билан баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси ўн учинчи қисми). Шу боис, агар корхона совғаларни текинга ёки харид қилиш нархидан паст нархда топширса, ижобий фарқ мавжуд бўлмаган тақдирда, ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база нолга тенг бўлади.

Фойда солиғи. Совғаларни харид қилиш харажатлари солиқ солинадиган фойдани аниқлаш чоғида чегирилмайдиган харажатларга киради (Солиқ кодексининг 147-моддаси ­9-банди) ва уларга белгиланган ставкада фойда солиғи солинади.

ЯСТ. Байрамга совға сифатида топшириш учун махсус харид қилинган мол-мулкни топширишда ЯСТ тўловчиларида солиқ оқибатлари вужудга келмайди.

 

Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ва (ёки) қайта сотиш мақсадида харид қилинган товарларни совға қиламиз

ҚҚС. Мол-мулкни текинга бериш ҚҚС солиш мақсадида реализация қилиш бўйича оборот деб эътироф этилади. Солиқ кодекси 204-моддасининг иккинчи қисмидан келиб чиқилганда, ҚҚС товарнинг таннархидан ёки у олинган нархдан келиб чиқиб ҳисоблаб ёзилади.

Фойда солиғи. Агар совғалар ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ва (ёки) қайта сотиш мақсадида харид қилинган товарлар ҳисобланса, солиқ солинадиган фойда ҳисоб-китобида реализация қилишдан олинган тушумга маҳсулот таннархи ёки товарлар олинган баҳо киритилади (Солиқ кодексининг 130-моддаси ўн биринчи қисми).

ЯСТ. ЯСТ тўловчиларида ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ва (ёки) қайта сотиш учун харид қилинган товарлар совға қилинганда солиқ солинадиган тушумга маҳсулотнинг таннархи ёки товарларни олиш нархи киритилади (Солиқ кодексининг 355-моддаси иккинчи қисми 1-банди).

 

ПЕНСИОНЕРЛАРНИ ХУШНУД ЭТАМИЗ

Корхонанинг собиқ ходимлари бўлган пенсионерлар учун совғаларнинг қиймати ҳам моддий наф тарзида олинган даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 2-банди). Уларнинг берилиши болалар совғалари берилишига ўхшаш тарзда расмийлаштирилади.

ЖШДС совға қийматидан шкала бўйича ёки пенсионернинг аризасига кўра энг юқори солиқ ставкаси қўлланилган ҳолда ушлаб қолиниши ёки унинг ёзма аризаси асосида ушланмаслиги мумкин (Солиқ кодексининг 184-моддаси учинчи қисми):

шкала бўйича. Имтиёз қўлланади – илгари ходимлари ҳисобланган ишламайдиган пенсионерларга берилган ЭКИҲнинг 6 баравари миқдоригача бўлган қийматдаги корхона совғаларига ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 14-банди). Агар совғанинг қиймати 710 400 сўмдан ошмаса, солиқ оқибатлари юзага келмайди. Агар ушбу суммадан ошса, пенсионерда солиқ солинадиган даромад вужудга келади. Шу боис, пенсионер зиммасига бирор-бир солиқ мажбуриятлари юкланмаслиги учун ЭКИҲнинг 6 бараваригача доирадаги имтиёзли миқдорга амал қилиш мақбулдир. Акс ҳолда унинг ҳисоблаб ёзилган солиқ суммасини корхона кассасига ёки унинг ҳисобрақамига киритишига тўғри келади;

пенсионернинг аризаси асосида энг юқори ставкада. Ушбу ҳолда имтиёз қўлланмайди ва совғанинг қийматига тўлиқ миқдорда 23%лик ставкада солиқ солинади. Бироқ пенсионер, кейинроқ яшаш жойидаги ДСИга жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни ихтиёрий равишда топширган ҳолда, уни қўллаши мумкин;

пенсионернинг ёзма аризаси асосида ушланмайди. Имтиёз ДСИда пенсионер берган декларация асосида қўлланади.

Совғалар олган пенсионерлар тўғрисида корхона ДСИга хабар қилиши – Асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумотномани2 2016 йил 31 январгача тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг 187-моддаси). Бироқ пенсионернинг ёзма аризаси асосида ЖШДС энг юқори ставкада ушланганда ДСИга бундай маълумотномани тақдим этиш шарт эмас.

ЯИТ ва суғурта бадаллари. Пенсионерларга берилган совғаларнинг қийматига ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди, чунки у иш ҳақи тарзидаги даромад ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 306-моддаси).

Корхона учун солиқ оқибатлари болалар совғалари бериладиган ҳолатдагига айнан ўхшашдир.

 

Бухгалтерия ҳисоби

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Байрамга совғалар харид қилинган

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Совғалар қиймати ҳисобдан чиқарилган

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

Қуйидаги кўринишдаги совғаларнинг таннархи ҳисобдан чиқарилган:

тайёр маҳсулот

 

товарлар

 

 

 

9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи»;

9120-«Сотилган товарларнинг таннархи»

 

 

 

 

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»

2910-«Омбордаги товарлар»;

2920-«Чакана савдодаги товарлар»

 

Харид қилинган совғалар берилган

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари» ёки

4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари»

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ва (ёки) товарлар берилган

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари» ёки

4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари»

9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар»;

9020-«Товарларни сотишдан даромадлар»

Совғалар – тайёр маҳсулот ва (ёки) товарлар берилганда (ҚҚС тўловчилари томонидан) ҚҚС ҳисоблаб ёзилган

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

 

Моддий наф тарзидаги даромад (совғанинг қиймати) ҳисоблаб ёзилган

 

6730-«Ходимлар билан моддий наф тарзидаги даромадлар бўйича ҳисоб-китоблар»;

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»;

6730-«Ходимлар билан моддий наф тарзидаги даромадлар бўйича ҳисоб-китоблар»

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари»

 

 

 

БОЛАЛАР – АРЧА БАЙРАМИГА, КАТТАЛАР – КОНЦЕРТГА

Ташкилот ходимлар ва уларнинг болаларига концерт, театр томошаси, янги йил арчасига чипталар бериб, уларни хурсанд қилиши мумкин. Ходимларга уларни бериш учун раҳбарнинг буйруғи, чипталарга ҳисобварақ-фактура, шунингдек бош бухгалтер ва раҳбар имзолаган, чипталарни тарқатишга ҳисобварақ-фактура реквизитлари ёзилган қайднома асос бўлади.

Харид қилинган чипталарни ҳисобга олиш тартиби совғаларни ҳисобга олиш тартибидан бир оз фарқ қилади.

ЖШДС. Ходимлар учун чипталар қиймати моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси), у жами даромадга киритилади ва унга белгиланган тартибда ЖШДС солинади.

ЯИТ ва суғурта бадаллари. ЯИТ ва суғурта бадаллари бўйича мажбуриятлар юзага келмайди, чунки моддий наф тарзидаги даромадлар уларни солиш объекти ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 306, ­307-моддалари).

Фойда солиғи. Корхонанинг моддий наф тарзида жисмоний шахсларнинг даромадлари ҳисобланган харажатлари солиқ солинадиган фойдани аниқлаш чоғида чегирилмайдиган даромадлар таркибида ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 147-моддаси 9-банди).

ҚҚС. Чипталарни ходимларга бериш ҚҚС солинадиган реализация бўйича оборот ҳисобланади. Бунда солиқ солинадиган база ҚҚС суммасини ўз ичига оладиган, реализация қилиш баҳоси ва уларни олиш баҳоси ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси ўн иккинчи қисми). Агар корхона чипталарни ходимларга текинга ёки харид қилиш нархидан паст нархда берса, ижобий фарқ бўлмайди, демак, ҚҚС нолга тенг бўлади.

ЯСТ. Чипталарни ходимларга бериш бошқа активларни реализация қилиш сифатида қаралади. Улар харид қилиш қиймати бўйича текинга берилиши сабабли ЯСТ бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.

 

Бухгалтерия ҳисоби

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Ходимлар учун харид қилинган чипталар ҳақи тўланди

 

4330-«Бошқа берилган бўнаклар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Чипталар ҳисобварақ-фактура бўйича олинди

 

5920-«Бошқа жорий активлар»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

Бўнак ҳисобга олинди

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

4330-«Бошқа берилган бўнаклар»

 

Чипталар ходимларга берилди

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

5920-«Бошқа жорий активлар»

 

Харажатлар ҳисобдан чиқарилди (ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади эътироф этилган)

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

6730-«Ходимлар билан моддий наф тарзидаги даромадлар бўйича ҳисоб-китоблар»

 

6730-«Ходимлар билан моддий наф тарзидаги даромадлар бўйича ҳисоб-китоблар»

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

 

 

БИЗГА ПУЛ БИЛАН БЕРИЛГАНИ МАЪҚУЛ

Совға олиш ҳаммага ёқади. Шундай бўлса-да, ҳаммамиз, эзгу тилаклар ва совғалардан ташқари, раҳбариятнинг пул ифодасидаги миннатдорчилигини ҳам умид билан кутамиз. Албатта, байрамга мукофот тўлаш тўғрисидаги қарор – раҳбарнинг иши. Бироқ, агар буйруқ кўринишида ижозат олинган бўлса, бухгалтер уни тўғри расмийлаштириши ва солиқ оқибатларини ҳисобга олиши лозим бўлади.

ЖШДС. Ходимлар учун олинган бир марталик мукофотлар рағбатлантириш тусидаги тўловлар сифатида қаралади (Солиқ кодексининг ­173-моддаси 7-банди). Тегишинча, уларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.

ЯИТ ва суғурта бадаллари. Байрамга бир марталик мукофотлар меҳнат ҳақи тарзидаги даромадлар таркибига киритилади (Солиқ кодексининг 172, 173-моддалари) ва уларга ЯИТ ва суғурта бадаллари солинади (Солиқ кодексининг ­306-моддаси).

Фойда солиғи. Фойда солиғи тўловчи корхоналар учун ходимларга Янги йил олдидан тўланган мукофотлар солиқ солинадиган фойда ҳисоб-китобида чегирилади (Солиқ кодексининг 143-моддаси 5-банди «е» кичик банди).

ЯСТ. ЯСТ тўловчилари ходимларга бир марталик мукофотларни тўлаш харажатларини солиқ ҳисоб-китобида инобатга олмайдилар.

 

Бухгалтерия ҳисоби

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Янги йилга мукофот ҳисоблаб ёзилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»;

9430-«Бошқа операцион харажатлар» ва бошқалар

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»

 

Кассадан мукофот берилди (ЖШДС, суғурта бадаллари чегирилган ҳолда)

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»

 

5010-«Миллий валютадаги мул маблағлари»

 

 

Агар раҳбарият байрам арафасида собиқ ходимлар бўлган пенсионерларга молиявий ёрдам кўрсатишга қарор қилган ва тегишли буйруқ чиқарган бўлса, солиқ солиш мақсадида бундай тўловлар жисмоний шахсларнинг бошқа даромадларига киритилади (Солиқ кодексининг ­178-моддаси 18-банди).

ЖШДС. Пенсионерларга бериладиган пул тўловларига солиқ солиш тартиби совғалар учун, шу жумладан ЭКИҲнинг 6 баравари (2015 йилда – 710 400 сўм) миқдоридаги имтиёзни қўллаш учун ҳам назарда тутилган тартибга айнан ўхшашдир (Солиқ кодексининг 179-моддаси 14-банди).

ЯИТ ва суғурта бадаллари. Пенсионерларга тўланган маблағларга ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди, чунки улар меҳнат ҳақи тарзидаги даромадлар ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 306-моддаси).

Фойда солиғи. Пенсионерларга кўрсатилган ёрдам солиқ ҳисоб-китоби чоғида чегирилмайдиган харажат ҳисобланади (Солиқ кодексининг 147-моддаси 27-банди).

ЯСТ. ЯСТ тўловчилари солиқ ҳисоб-китобида ишламайдиган пенсионерларга молиявий ёрдам кўрсатиш харажатларини ҳисобга олмайдилар.

Бухгалтерия ҳисобида ишламайдиган пенсионерларга ёрдам кўрсатиш 9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағи дебети ва 6990-«Бошқа мажбуриятлар» ҳисобварағи кредити бўйича ёзув билан акс эттирилади.

 

Диққат! Агар корхонада касаба уюшмаси ташкилоти бор бўлса, янги йил томошалари ва концертларига чипталар, шунингдек ходимларнинг болалари ва касаба уюшмаси аъзоси бўлган ходимларнинг ўзлари учун совғаларни уларнинг ­аъзолик бадаллари ҳисобига харид қилиши мумкин. Ушбу ҳолда корхона ҳеч қандай харажат қилмайди. Корхонада ҳам, ходимларда ҳам солиқ мажбуриятлари юзага келмайди.

 

СИЗ КОРПОРАТИВ БАЗМГА БОРАСИЗМИ?

Декабрь охирида компанияларда анъанавий янги йил базмлари ўтказилади. Корпоратив базм ўтказишга қарор қилиб, биринчи навбатда буйруқ чиқариш, унда тадбир номи, унинг асоси, ўтказиш санаси, жойи, уни ўтказиш учун жавобгар шахсларни кўрсатиш лозим. Корпоратив базмда иштирок этадиган ходимларнинг рўйхати, тадбир дастури ва харажатлар сметаси тасдиқланади. Корпоратив базмдан кейин жавобгар шахс қилинган иш тўғрисида ҳисобот бериши, яъни бухгалтерияга харажатларни тасдиқлайдиган барча бирламчи ҳужжатларни: ҳисобварақ-фактуралар, юкхатлар, чеклар, квитанциялар ва бошқаларни тақдим этиши; бухгалтер эса, ҳар доимгидек, солиқ оқибатларини ҳисобга олиши керак.

ЖШДС. Корпоратив базмда қатнашган жисмоний шахсларда ЖШДС бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди, чунки корхонанинг байрам тадбирларини ўтказиш харажатлари, шунингдек ходимларнинг меҳнат шароитлари ва дам олишини таъминлаш билан боғлиқ харажатлари аниқ жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси иккинчи қисми 4-банди).

Фойда солиғи. Корпоратив тадбир бўйича харажатлар Солиқ кодексининг 147-моддаси 16-бандига асосан солиқ солинадиган фойдани аниқлаш чоғида чегирилмайди.

ҚҚС. ҚҚС тўловчилари корпоратив тадбир ўтказиш учун жалб этилган ташкилотнинг ҳисобварақ-фактурасида ажратилган солиқ суммасини ҳисобга қабул қилмайдилар, чунки ушбу ишлар ва хизматлардан солиқ солинадиган оборот мақсадида фойдаланилмайди (Солиқ кодексининг 218-моддаси).

ЯСТ. ЯСТ тўловчилари мазкур харажатларни солиқ ҳисоб-китобида ҳисобга олмайдилар.

Бухгалтерия ҳисобида янги йил корпоративи бўйича харажатлар ­9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобврағига ҳисобдан чиқарилади.

 

БАРЧА ҲАМКОРЛАРГА ЯНГИ ЙИЛ САЛОМИ!

Кўплаб компанияларнинг ишбилармонлик оборотида ўз контрагентларини кириб келаётган Янги йил билан табриклаш одат тусига кирди. Бу шаклланган амалий муносабатларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам, янги алоқаларни ўрнатиш учун ҳам қилинади. Бироқ уларга ҳар хил совғаларни топшириш, улар махсус харид қилинган туҳфалар ёки ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ёки товарлар бўлишидан қатъи назар, тегишинча расмийлаштириладиган текинга топшириш сифатида баҳоланади. Ёзма шаклда тузилган ҳадя шартномасидан ташқари, ҳисобварақ-фактурани ҳам расмийлаштириш зарур. Агар совғани олувчи жисмоний шахс бўлса, унинг учун совға қилинган нарса тегишли солиқ оқибатлари билан биргаликда моддий наф тарзидаги даромад (Солиқ кодексининг 177-моддаси 2-банди) сифатида қаралади. Ҳамкор ва мижозлардан совға олганликлари тўғрисида ҳужжатларни имзолашни сўраш, баъзи ҳолларда эса уларни солиқ тўлашга мажбур этиш унчалик қулай ва одобдан бўлмаслиги тайин. Энг асосийси эса – бу ҳол байрам муҳитига бутунлай мос келмайди.

Бундай ноқулайликларнинг олдини олиш, айни вақтда ҳамкор ва мижозларни эътиборсиз қолдирмаслик учун янги йил реклама тадбирини ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Унинг доирасида компания логотипини ёки ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг товар белгиси (савдо маркаси)ни туширган ҳолда турли эсдалик совғалар, календарь, ёзув-чизув қуроллари, бошқа кичик совғаларни тарқатиш мумкин. Фақат шундай шароитдагина ушбу байрам тадбирини «Реклама тўғрисида»ги Қонун (25.12.1998 йилдаги 723-I-сон) талабларига мувофиқ келадиган реклама тадбири сифатида баҳолаш мумкин.

Реклама харажатларини ҳам, бошқа ҳар қандай харажатлар сингари, бирламчи ҳужжатлар – ҳисобварақ-фактуралар (масалан, реклама агентлиги, ноширлик ташкилоти ва бошқаларнинг), реклама тадбирини ўтказиш учун жавобгар шахсларнинг ҳисоботи ва харажатларни ҳисобдан чиқариш далолатномаси билан тасдиқлаш лозим.

Фойда солиғи. Реклама тадбирларини ўтказиш харажатлари фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилади (Солиқ кодексининг 145-моддаси 10-банди).

ҚҚС. Товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларининг ҳисобварақ-фактурасида ажратилган, реклама тадбири давомида фойдаланиладиган солиқ суммаси Солиқ кодексининг 218-моддасига кўра ҳисобга қабул қилинади.

ЯСТ. Реклама кампаниясини ўтказиш харажатлари солиқ ҳисоб-китобида ҳисобга олинмайди.

Бухгалтерия ҳисобида реклама компанияларининг хизматларига тўланган ҳақ, тарқатиладиган реклама материали – эсдалик буюмлар, рисолалар, буклетлар ва бошқа арзонбаҳо нарсаларни харид қилиш харажатлари корхона харажатларига ҳисобдан чиқарилади (9410-«Сотиш харажатлари» ҳисобварағи).


 

Янги йил арафасидаги бухгалтерия ишини юритиш бўйича тавсияларни «Norma Profi» эксперти Ирина АХМЕТОВА берди.

 


1МБ бошқарувининг АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-илова.

Прочитано: 4053 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика