27 ноябрда Ўзбекистонда «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонун (26.05.2015 йилдаги ЎРҚ-386-сон) кучга кирди. Мухбиримиз «КАФОЛАТ суғурта компанияси» АЖнинг мажбурий суғурталаш департаменти раҳбари Азамат РАҲМАТУЛЛАЕВ билан учрашди, у ана шу ҳужжат билан боғлиқ саволларга жавоб берди.
– Қандай вазиятларни суғурта ҳодисаси деб ҳисоблаш мумкин?
– Агар вазиятлар ташувчининг (расмий тарзда рўйхатдан ўтказилган ташувчилар назарда тутилади, улар жумласига нолегал таксилар, хусусий автотранспорт ва бошқалар кирмайди) айби билан юз берса, улар Қонун билан белгиланган суғурта ҳодисаси таърифига мувофиқ келади. Агар йўловчининг соғлиғи ва мол-мулкига зарар йўловчи хизматлардан фойдаланаётган пайтда ташувчининг қандайдир ҳаракати (ҳаракатсизлиги) оқибатида етказилганлиги аниқланса, у етказилган зарар учун компенсация талаб қилиш ҳуқуқига эга. Агар ташувчи ўз жавобгарлигини ихтиёрий равишда тан олган ёки у суднинг қарорига кўра эътироф этилган бўлса, мазкур ҳол ҳам суғурта ҳодисаси ҳисобланади ва суғурта компанияси жабрланувчига суғурта қопламасини тўлаши керак бўлади.
– Шартномада суғурта пули ва суғурта мукофоти кўрсатилади. Суғурта пулининг миқдорлари қанча? Суғурта мукофотининг ўзи нима?
– Янги Қонун нуқтаи назаридан олганда суғурта пули деганда йўловчига етказилган зарар қопланадиган муайян доирадаги пул маблағлари суммаси, яъни суғурта шартномаси бўйича қопламанинг энг юқори суммаси тушунилади. Вазирлар Маҳкамасининг Қарори1 билан белгиланган ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси (бундан кейин – ФЖМСҚШ) бўйича суғурта пули битта йўловчига 11 минг АҚШ доллари эквивалентига тенг миқдорда белгиланган, улардан:
10 минг АҚШ доллари – йўловчининг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун;
1 минг АҚШ доллари – унинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун.
Чунончи, агар ташувчи, айтайлик, ҳар бири 30 йўловчига мўлжалланган 3 та автобусдан фойдаланса, у билан суғурта шартномаси бўйича суғурта пули 990 минг АҚШ доллари (90 х 11,0) эквивалентини ташкил этиши керак.
Суғурта мукофоти – суғурта хизматининг қиймати, яъни ташувчи ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш учун суғурта компаниясига тўлаши керак бўлган сумма. У суғурта пулини мазкур ташувчига нисбатан қўлланадиган суғурта тарифига кўпайтириш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади.
– Ташувчи суғурта компаниясига қачон мурожаат қилиши мумкин? Шартнома ҳар бир алоҳида жой бўйича, жабрланувчилар сони бўйича ёки бирор-бир бошқа тизим бўйича, масалан, муайян транспорт тури – самолёт, автобус, йўналишли такси, такси ва бошқа улов учун қатъий белгиланган суммага тузиладими?
– Янги Қонун 2015 йил 27 ноябрдан кучга кирди. Шартномалар ҳам ушбу санадан тузила бошлайди.
Ташувчи билан шартнома у фойдаланадиган транспорт воситаларининг бутун паркига тузилади. Суғурта қиймати (суғурта мукофоти миқдори)нинг асосий кўрсаткичлари уларнинг сони, тури ва қанча йўловчига мўлжалланганлиги ҳисобланади. Транспортнинг ҳар бир тоифаси учун, хавфсизлик даражаси ва эҳтимолий жароҳатланиш даражасидан келиб чиқиб, суғурта тарифларининг базавий ставкалари2 белгиланган. Энг юқори ставкалар ҳаво транспорти ва енгил автомобиллар учун, энг кам ставкалар метрополитен, темир йўл транспорти ва трамвайлар учун белгиланган.
– Қонунга кўра ташувчи фуқаролик жавобгарлигини хизмат кўрсатишни бошлагунга қадар суғурталаши шарт. Бунда Қонунга мувофиқ суғурта қилиш шартномаси 1 йилга расмийлаштирилади. Бироқ йўловчиларни ташиш билан шуғулланадиган тадбиркорда йил мобайнида паркдаги машиналар сони доимо ўзгариб туради. Ишлаётган машиналарни ҳисобга олган ҳолда суғуртани 1 ёки 3 ойга расмийлаштириш мумкинми?
– Қонунда белгиланишича, ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси 1 йил муддатга тузилади, уни бошқа муддатларга тузиш назарда тутилмаган. Мазкур шартни, юқорида қайд этилганидек, суғурта қилиш шартномаси ташувчининг алоҳида транспорт воситаларига нисбатан эмас, балки умуман унинг бутун паркига нисбатан тузилиши тақозо этган.
Агар шартнома амал қиладиган даврда бирор-бир ўзгаришлар юз берган бўлса (машиналар сони кўпайган ёки камайган, парк таркиби янгиланган бўлса ва ҳоказо), ташувчи бу ҳақда суғурталовчига ёзма шаклда зудлик билан хабар қилиши шарт. Сўнгра зарурат бўлганда суғурта қилиш шартномасига қўшимча битим тузилади ва суғурта полиси қайтадан расмийлаштирилади, суғурта мукофоти миқдорига ўзгарган шартларга мувофиқ ҳолда ўзгартириш киритилади. Агар транспортнинг бир қисми фойдаланишдан чиқиб кетса, ташувчи суғурта компаниясидан суғуртанинг қолган (фойдаланилмаган) муддати ва фойдаланишдан чиқариладиган транспорт воситалари сонига (турига) мутаносиб равишда суғурта қилиш шартномаси тўланган қийматининг бир қисмини қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир.
– Агар ўз ҳаётини ихтиёрий равишда суғурталаган йўловчи жамоат транспортида аварияга учраса, унга қайси суғурта пули тўланади?
– Янги Қонунда, яъни унинг 14-моддасида назарда тутилишича, йўловчининг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига бошқа манбалардан жабрланувчи ёки наф олувчи томонидан олинган тўловлар суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш бўйича мажбуриятларини камайтирмайди. Бунинг маъноси шуки, жабрланган йўловчи, ихтиёрий суғурта қилиш полисидан фойдаланган ёки фойдаланмаганлигидан қатъи назар, мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта қопламасини олишга ҳақлидир.
Мажбурий ва ихтиёрий суғурта қилиш шартномалари бўйича мол-мулкка етказилган зарар компенсациясини тўлаш зарур бўлган тақдирда биринчи навбатда тўлов мажбурий суғурта қилиш шартномасига кўра амалга оширилади. Мол-мулкка етказилган зарарнинг қопланмаган қисми ихтиёрий суғурта қилиш шартномаси бўйича қопланади. Бунда ихтиёрий ва мажбурий суғурта бўйича тўланган умумий сумма йўловчининг мол-мулкига етказилган реал зарардан ошиши мумкин эмас. Яъни суғурта даромад олиш манбаига айланмаслиги, балки фақат зарарни компенсациялаш дастаги бўлиб қолиши керак.
– Жабрланувчи суғурта пулини олиш учун кимга мурожаат қилиши керак – суғурталовчигами ёки ташувчига? У қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим?
– Жабрланган йўловчи ташувчига мурожаат қилиши керак. Мазкур талабни бир қатор сабаблар тақозо этган.
Биринчидан, Ўзбекистоннинг суғурта бозорида 30 га яқин суғурта компанияси ишлаяпти. Уларнинг баъзиларигина ФЖМСҚШ бўйича хизматлар кўрсатади. Биринчи дуч келган суғурта компаниясининг офисига мурожаат қилишни маслаҳат бермаймиз. Зеро у ташувчининг жавобгарлигини суғурта қилишда умуман иштирок этмаслиги, мазкур йўналишда ишласа ҳам, хизматлари йўловчига зарар етказган ташувчи билан суғурта қилиш шартномасига эга бўлмаслиги мумкин.
Иккинчидан, ташувчи унга билдирилаётган моддий тусдаги эътирозларни биринчи бўлиб билиши керак. Қонуннинг 13-моддасига кўра, уларни олгандан кейин ташувчи тасдиқланган шаклдаги ариза билан қуйидагиларнинг аслини ёки кўчирма нусхаларини илова қилган ҳолда, суғурталовчига мурожаат этади:
жабрланувчининг ёки наф олувчининг етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабини ўз ичига олган, ташувчи номига ёзилган талабномасининг;
зарар етказилганлиги фактини ва етказилган зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (ваколатли органнинг ташиш чоғидаги ҳодиса тўғрисидаги хулосаси ёки қарори, тиббиёт муассасасидан олинган маълумотнома ёхуд йўловчининг ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар);
йўловчининг мол-мулкига зарар етказилганлиги фактини ва етказилган зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (багаж паттаси – мавжуд бўлган тақдирда; ташиш чоғида шикаст етказилган ёки йўқотилган мол-мулкнинг тахминий вазни кўрсатилган, йўловчи томонидан ихтиёрий равишда тузилган рўйхати; йўқотилган мол-мулк қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар – мавжуд бўлган тақдирда ва ҳоказо);
ташувчининг етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги қарорининг;
агар иш суд томонидан кўрилган бўлса, етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги суд қарорининг;
жабрланувчи ёки наф олувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг;
агар суғурта товони йўловчининг меросхўрларига тўланиши керак бўлса, мерос ҳуқуқи олинганлигини, шунингдек меросхўрлар шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг.
Шуни билиш лозимки, Қонуннинг 13-моддасида назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланган.
– Суғурта тўловларини рад этишга нималар сабаб бўлиши мумкин?
– Агар ташувчи жабрланувчи олдидаги ўзининг жавобгарлигини тан олса, суғурта компаниясида суғурта қопламасини тўлашни рад этиш учун асослар деярли мавжуд бўлмайди. Ташувчи суғурта қилиш шартномасини тузиш пайтида тақдим этган, фуқаролик жавобгарлиги бошлангандан кейин аниқланган маълумотларнинг атайин бузилишигина рад этиш учун жиддий асос бўлиши мумкин. Масалан, суғурта мукофотини камайтириш мақсадида транспортнинг бир қисмини яшириш (кўрсатмаслик) ва ҳоказо. Суғурта қилиш шартномасида кўрсатилмаган машинадан фойдаланиш чоғида йўловчига зарар етказилган бўлиши мумкин. Ушбу ҳолда суғурта компанияси суд орқали суғурта қилиш шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга ҳақлидир.
Бундан ташқари, Қонунда бир қатор вазиятлар назарда тутилган, бунда етказилган зарар суғурта компаниясининг иштирокисиз ташувчи томонидан қопланиши ва (ёки) компенсация қилиниши керак. Чунончи, қуйидагилар оқибатида ташувчи фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши суғурта ҳодисаси бўлмайди:
маънавий зарар етказилганлиги ва (ёки) бой берилган фойданинг ўрнини қоплаш мажбурияти юзага келганлиги;
нодир ва бошқа ноёб буюмларга, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлардан ва металлардан ишланган буюмларга, диний қадриятга эга буюмларга, санъат асарларига, қўлёзмаларга, ноёб аудиовизуал асарларга ҳамда интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижаларига, қимматли қоғозларга, нақд пулларга, шу жумладан, чет эл валютасига шикаст етказилганлиги ёки уларнинг йўқ қилинганлиги;
йўловчининг суғурта ҳодисасини юзага келтиришга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлари натижасида унинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилганлиги.
Ушбу ҳолларда ташувчи қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда зарарни қоплайди.
Мухбиримиз
Алла РОМАШКО
суҳбатлашди.
1ВМнинг «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги Қарори (15.09.2015 йилдаги 266-сон).
2Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларига (ВМнинг 15.09.2015 йилдаги 266-сон Қарорига 1-илова) 5-илова.