Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 50 / Солиқ солиш

Божхона брокери нималарни экспорт қилади?

 

Юк олувчи корхона қувурларни божхонада расмийлаштириш (божхона брокери) ва сақлаш бўйича экспорт хизматларини кўрсатади. Уларга буюртмачиларга АҚШ долларида ҳисобварақ-фактуралар ва бажарилган ишлар далолатномалари ёзилади. Бундан ташқари, корхона бошқа хизматларни кўрсатади, улар ҳам АҚШ долларида расмийлаштирилади ва тўланади.

Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 10-1-илова билан ўзи ишлаб чиқарган товарлар, ишлар, хизматлар экспортининг (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш жойидан қатъи назар) эркин алмаштириладиган валютадаги улуши сотишнинг умумий ҳажмида 15% ва ундан кўпни ташкил этадиган корхоналар учун ЯСТнинг белгиланган ставкаси пасайтирилиши назарда тутилган.

ЯСТ тўловчи божхона брокери кўрсатадиган қандай хизматларга товарлар, ишлар, хизматлар экспорти чоғидаги имтиёзлар татбиқ этилади?

Н.Султонова,

ХК директори.

 

– Ҳақиқатан ҳам, Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 10-1-илова – «Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун (савдо ва умумий овқатланиш корхоналаридан ташқари) ягона солиқ тўлови ставкалари»да назарда тутилишича, корхоналарда ўзи ишлаб чиқарган товарлар, ишлар, хизматлар (ишлар бажарилган ва хизматлар кўрсатилган жойдан қатъи назар) эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишнинг1 улуши:

● сотишнинг умумий ҳажмида 15%дан 30%гачани ташкил этса – ЯСТнинг белгиланган ставкаси 30%га пасайтирилади;

● сотишнинг умумий ҳажмида 30% ва ундан кўп бўлса – ЯСТнинг белгиланган ставкаси 50%га пасайтирилади.

Солиқ кодексининг 22-моддаси, «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг2 11-моддаси ҳамда Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидаларининг 3 1-бандига мувофиқ, ишларни (хизматларни) экспорт қилиш деб ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси томонидан чет давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси учун ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш эътироф этилади.

Ўзи ишлаб чиқарган иш (хизмат) деганда корхона томонидан ўз кучи билан бажарилган (кўрсатилган) иш (хизмат) тушунилади (Қоидаларнинг 5-банди). Ушбу фактни тасдиқлаш учун ариза берувчи корхона солиқ органларига ва бошқа ваколатли органларга ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) ҳажмига (миқдорига) белгиланган шакл бўйича ариза-маълумотнома тақдим этади (Қоидаларнинг 7 ва 8-бандлари).

Хуллас, имтиёзни қўллаш учун:

хизматлар буюртмачиси, уларни бажариш (кўрсатиш) жойидан қатъи назар, хорижий давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси бўлиши;

ҳақ эркин алмаштириладиган валютада тўланиши;

ўзингиз кўрсатадиган хизматлар амалга оширилиши лозим.

Дастлабки 2 шартни бажараётганлигингиз боис, ўзингиз кўрсатадиган хизматларни тўғри белгилашингиз ва уларни белгиланган тартибда тасдиқлашингиз муҳимдир. Божхона кодексининг 101-моддаси ва Божхона брокери тўғрисидаги низомга4 (бундан кейин – 1271-сон Низом) кўра, божхона брокери деганда ўзини вакил қилган шахс ҳисобидан ва унинг топшириғига биноан божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни ўз номидан ўтказувчи ҳамда божхона иши соҳасида бошқа воситачилик вазифаларини бажарувчи Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси тушунилади. Статистика органлари томонидан божхона брокерларига амалдаги Халқ хўжалиги тармоқлари умумдавлат таснифномасига (ХХТУТ) мувофиқ 51512 коди берилади, бу эса «Божхона юк декларацияларини расмийлаштириш бўйича хизматлар»ни англатади.

Божхона брокерининг у вакили бўлган шахс билан ўзаро муносабатлари шартномага асосан қурилади. 1271-сон Низомнинг 5-бандига мувофиқ, ўзини вакил қилган шахс ҳисобидан ва унинг топшириғига биноан товарлар ва транспорт воситаларини божхонада расмийлаштириш операцияларини ўз номидан амалга ошириш чоғида божхона брокери қуйидагиларни бажариши шарт:

а) товарлар ва транспорт воситаларини декларациялаши ҳамда божхона органига божхона декларациясини тақдим этиши;

б) божхона органига божхона мақсадлари учун зарур бўлган ҳужжатлар ва қўшимча маълумотларни тақдим этиши;

в) божхона органининг талабига кўра декларацияланаётган товарлар ва транспорт воситаларини тақдим этиши;

г) декларацияланаётган товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган божхона ва бошқа тўловларни тўлаши;

д) божхона органларига божхона расмийлаштирувини амалга оширишда кўмак бериши;

е) декларацияланаётган товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан ваколатларга эга бўлган шахс сифатида божхона расмийлаштируви ва божхона назорати учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни амалга ошириши лозим.

Солиқ кодексининг 355-моддасига кўра, воситачилик ва топшириқ шартномалари ҳамда воситачилик хизматлари кўрсатишга оид бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматлари кўрсатадиган юридик шахсларга солиқ солиш мақсадида кўрсатилган хизматлар учун ҳақ суммаси ялпи тушум таркибига киритилади. Сизнинг ҳолатда божхона расмийлаштируви учун ҳақ ва ташкилотингиз ўз кучи билан кўрсатаётган хизматлар, мисол учун, қувурларни божхона омборида сизнинг ходимларингиз ва техникангиз ёрдамида ортиш, тушириш хизматларини реализация қилишдан тушумга киритилади ва уларга хизматлар экспортига доир имтиёзлар татбиқ этилади.

Ўзингиз кўрсатмаётган, балки вакил этилган шахс ҳисобига ҳақ тўлаётган, мисол учун, вагонларнинг туриб қолгани учун жарима санкциялари ёки божхона йиғимларини тўлаш – товар қийматининг 0,2%и ва вакил этилган шахс томонидан қопланиши керак бўлган хизматлар турлари эса хизматларни реализация қилишдан тушумга киритилмайди.

МВ ва ДСҚнинг «Божхона брокерларига солиқ солиш тартиби тўғрисида»ги тушунтириш хатига (19.07.2007 йилдаги СБ/04-01-32-14/559 ва 16/1-7395-сон) мувофиқ, агар ЯСТ тўлайдиган микрофирмалар ва кичик корхоналар (божхона брокерлари) божхона юк декларацияларини расмийлаштириш бўйича хизмат кўрсатсалар, уларни кўрсатишдан даромад суммаси воситачилик хизматларини кўрсатишдан воситачилик ҳақи тарзидаги даромад деб қаралмайди. Божхона расмийлаштируви бўйича хизматлар кўрсатадиган юридик шахслар (божхона брокерлари) 2015 йилда ЯСТни ялпи тушумнинг 6%лик ставкасида тўлайдилар. Бироқ агар ташкилотингиз божхона фаолияти (расмийлаштириш ва назорат) билан боғлиқ бўлмаган воситачилик хизматларини кўрсатса, бунинг учун олинган ҳаққа 33%лик ставкада ЯСТ солинади.

Анжелика НАМ,

«Norma Profi» эксперти.

 


1Рўйхати Президентнинг 10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон Фармони билан тасдиқланган хом ашё товарлари бундан мустасно.

214.06.1991 йилдаги 285-XII-сон, 26.05.2000 йилдаги 77-II-сон Қонун таҳририда.

3МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

4ДБҚнинг АВ томонидан 15.09.2003 йилда 1271-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

Прочитано: 2014 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика