Октябрь ойининг охирида кўргазма ярмаркасига қозоғистонлик ҳамкорларимиз ўз автотранспортларида келадилар. Маҳсулотнинг янги етказиб берувчилари билан шартномалар тузилган тақдирда улар кейин Фарғона водийси, Самарқанд ва Жиззахга бориб келишни режалаштиряптилар. Ўзбекистонда улар 10–15 кун бўлишади.
Улар республикага енгил автомобилни олиб киришга рухсатномани расмийлаштиришлари керакми? Тўловнинг миқдори қанча ва уни қаерда тўлаш керак: чегарадами, шаҳар божхонаси ёки банкдами? Машинани ҳисобга қўйиш керакми, қаерда қўйиш лозим?
Рўзихол Д.,
тадбиркор.
– Товарлар ва транспорт воситаларини юк божхона декларацияси расмийлаштирмасдан вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) қоидаларига1 кўра, чет эллик фуқаролар шахсий эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланган вақтинча олиб кирадиган автотранспорт воситалари Ўзбекистоннинг божхона ҳудудига БЮДни расмийлаштирмасдан олиб кирилади. Улар 1 йил мобайнида 3 ойгача бўлган муддатга божхона божлари ва солиқлардан тўлиқ озод қилинади.
Маълумот учун! Вақтинчалик четдан олиб келинадиган транспорт воситаси хорижий давлатда рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак.
Вақтинча олиб кириладиган хориж машинаси тўғрисидаги маълумотларни унинг ҳайдовчиси йўловчи божхона декларациясининг2 6-бандида кўрсатади.
Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг3 II бўлимига кўра, хориж машинасининг қайтариб олиб чиқилишини назорат қилиш мақсадида кириш божхона пости ҳайдовчининг паспорти, автомобилнинг техпаспорти ва техник талон асосида транспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятни расмийлаштиради. Унинг биринчи нусхаси божхона пости йиғмажилдида қолади, иккинчи нусхаси эса ҳайдовчига берилади.
Маълумот учун! Ўзбекистонда хорижий транспорт воситасидан фойдаланаётган унинг ҳайдовчиси қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятни доимий равишда ўзи билан бирга олиб юриши шарт.
Ҳамкорларингиз республикада бор-йўғи бир неча кун бўлишини режалаштираётганлари боис уларнинг автомобили ИИВ органларида рўйхатдан ўтказилмайди, божхонада ҳисобга ҳам қўйилмайди. Уларда қайтариб олиб чиқиш мажбурияти бўлишининг ўзи етарли.
Хорижий автотранспорт воситасини олиб чиқиш муддатини бузганлик учун тегишли чора кўрилиб, йиғим тўлиқ ундирилгунга қадар автотранспорт воситаси божхона хизматининг ҳудудий органи ёки божхона пости томонидан вақтинча ушлаб турилади. Қайтариб олиб чиқиб кетиш муддати ўтган ҳар бир кун учун двигатель ҳажмининг ҳар куб сантиметридан 0,01 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.
Автомашина вақтинча ушлаб турилган давр учун йиғим ҳисобланмайди ва ундирилмайди. ЎзР ваколатли органларининг қарорларига асосан автотранспорт воситаси ёки унинг эгаси (ҳайдовчиси) вақтинча ушлаб турилган давр учун ҳам йиғим ундирилмайди. Бунда божхона постига ушлаб турилган муддатни тасдиқловчи тегишли давлат органи томонидан берилган ҳужжатни тақдим этиш лозим.
Маълумот учун! Йиғим АҚШ долларида ҳисобланади, миллий валюта – сўмда ЎзР Марказий банки томонидан уларни тўлаш кунида белгиланган курс бўйича тўланади. Улар божхона постида ёки божхона хизматининг ҳудудий органлари томонидан ундирилади ҳамда белгиланган тартибда республика давлат бюджетига ўтказилади. Банк квитанцияси асосида кирим қилинади.
1ВМнинг «Ўзбекистон Республикасида товарлар ва транспорт воситаларини вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) шартлари тўғрисида»ги Қарорига (13.04.2013 йилдаги 106-сон) 2-илова.
2Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (ДБҚнинг АВ томонидан 5.08.2014 йилда 2606-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) илова.
3ДБҚ ва ИИВнинг АВ томонидан 19.11.2010 йилда 2156-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.