Қурилиш корхонаси ёрдамчи пудрат ташкилотларига ишларни бажаришлари учун қайта ишлашга материалларни беради.
Бошқа харажатларни қайта ишлашга берилган материалларга «ўтказиш» шартми? Бундай ҳолда уларни қўллашга мажбур қиладиган меъёрий ҳужжат борми?
Н.Эргашева, МЧЖ бош бухгалтери.
– Буюртмачининг материалларидан фойдаланган ҳолда пудрат ишларини бажариш тартиби Фуқаролик кодексининг 640-моддасида назарда тутилган. Унда белгиланишича, пудратчи буюртмачи берган материаллардан тежаб-тергаб ва режали фойдаланиши, иш тугаганидан сўнг ишлатилган материал тўғрисида буюртмачига ҳисобот бериши, шунингдек унинг қолдиғини қайтариб бериши ёхуд ўз ихтиёридаги фойдаланилмай қолган материалнинг қийматини ҳисобга олиб, буюртмачининг розилиги билан ишнинг баҳосини камайтириши шарт.
Объектлар қурилишида бирламчи ҳисоб шакли «Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактура»ни тўлдириш бўйича кўрсатмаларнинг (Қурилиш соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилиши ва фаолиятни лицензиялаш мониторинги бўйича Республика комиссиясининг 2.02.2009 йилдаги 1-сон баённомасига 2-илова) 7-бандига мувофиқ, пудратчи (ёрдамчи пудратчи)га қурилиш-монтаж ишлари чоғида фойдаланиш учун берилаётган буюртмачи (бош пудратчи)нинг материаллари объект қурилишига доир ресурс смета меъёрларида ҳисобга олиниши ҳамда пудрат (ёрдамчи пудрат) ташкилотининг омбор ва бухгалтерия ҳисобида кирим қилиниши керак. Қайта ишлашга хом ашёнинг берилиши лозим даражада тузилган ва расмийлаштирилган қабул қилиш-топшириш далолатномаси (юкхат) билан тасдиқланади.
Пудрат ишларининг муайян босқичи ёки бутун ҳажми тугаганидан кейин пудрат шартномаси тарафлари Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) тўғрисида маълумотнома-ҳисобварақ-фактура тузадилар, унда пудратчининг бошқа харажатлари ҳам акс эттирилади. Улар қийматининг ҳисоб-китоби ШНК 4.01.16-09 «Шартномавий жорий нархларда қурилиш қийматини белгилаш бўйича қоидалар» (Давархитектқурилишқўм томонидан 30.07.2009 йилда 83-сон билан тасдиқланган) 4.15-бандида назарда тутилган тартибда қурилиш-монтаж ишлари қийматидан фоизларда амалга оширилади.
Қайта ишлашга берилган материаллар қиймати бажарилган ишлар ҳажмларига киритилиб, уларга пудратчи (ёрдамчи пудратчи)нинг «бошқа харажатлари» ҳисоблаб ёзилади. Бунда бажарилган ишлар якунида воситаларнинг қайтарилиши кўрсатилиб, уларга пудратчи «бошқа харажатлари»нинг қиймати ҳисоблаб ёзилмайди (Кўрсатмаларнинг 7-банди иккинчи хатбошиси).
Сабоҳат СУЛТОНОВА,
«Norma Profi» эксперти.