Ходим навбатдаги меҳнат таътилини беришни сўраб 2015 йил 21 августда ариза берди. 24 августда унга 25 августдан таътил берилиши тўғрисидаги буйруққа имзо чекилди. 2015 йил 1 сентябрдан республикада иш ҳақи оширилди.
Ходим таътилда бўлган вақтда тариф ставкалари (маошлар) ошганда таътил пули қандай ҳисоб-китоб қилинади?
О.Хван,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Таътилларга ҳақ тўлаш учун ўртача иш ҳақи ҳисоб-китоби Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартибига (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон Қарорига 6-илова) мувофиқ амалга оширилади. У ҳисоб-китоб кунидаги лавозим маошидан келиб чиқиб белгиланади.
Ходим меҳнат таътилида бўлганда тариф ставкалари, лавозим маошлари ошган ҳолларда меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартларидаги корхонанинг ишлаган кунларига тўғри келган иш кунларининг амалдаги сони учун тўловлар қайта ҳисобланади (Тартибнинг 6-банди).
Агар ходимингизнинг таътили августда бошланса, ушбу ойга тўғри келадиган таътил кунлари августдаги маош бўйича ҳисоб-китоб қилинади. 1 сентябрдан ходимнинг маоши ўзгарганлиги боис, меҳнат таътилининг сентябрга тўғри келадиган иш кунларининг амалдаги сони учун тўлов қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Ирина БОРИСОВА, «Norma Profi» эксперти.