Менинг бувим ҳамма вақт қишлоқда яшаб, деҳқон хўжалигини юритган. Ҳозир эса у биз билан шаҳарда яшаяпти. Бувим пенсия ёшига етди. У пенсияни расмийлаштирса бўладими?
А.Камолов,
Урганч шаҳри.
– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон) асосан бувингиз пенсия ёшига етганда доимий яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига пенсияни расмийлаштириш учун мурожаат қилиши мумкин. Бунда деҳқон хўжалиги аъзоси у бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган тақдирда пенсия таъминоти олиш ҳуқуқига эгалигини билиш лозим.
Деҳқон хўжалиги аъзоларини ижтимоий суғурталаш ва уларнинг ижтимоий таъминоти тўғрисида низомга (ВМнинг 24.08.2001 йилдаги 351-сон Қарорига 2-илова) кўра суғурта бадаллари миқдорини деҳқон мустақил равишда, ўзидаги имкониятлар ва пенсия таъминоти ҳамда ижтимоий суғурта бўйича нафақаларнинг ўзига мақбул миқдорини ҳисобга олган ҳолда белгилайди. Уларнинг миқдори бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари миқдорлари ва деҳқон хўжалиги аъзоси меҳнат стажининг давомийлигига боғлиқ.
Йиллик суғурта бадалларининг энг кам миқдори тўлаш кунида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг камида 4,5 бараварини ташкил этиши керак. Уларни тўлаш ҳисобот йилининг 1 октябригача амалга оширилади.
Деҳқон хўжалиги аъзосининг меҳнат стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат меҳнат дафтарчаси ҳисобланади. Агар деҳқон хўжалиги юридик шахсни ташкил этмасдан тузилган бўлса, меҳнат дафтарчаси унинг яшаш жойидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими томонидан у суғурта бадалларини тўлашининг бутун муддати мобайнида сақланади ва юритилади.
Деҳқон хўжалиги юридик шахсни ташкил этган ҳолда тузилган бўлса, меҳнат дафтарчасини деҳқон хўжалигининг раҳбари ёки бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими сақлайди ва юритади. Меҳнат дафтарчасига хўжалик раҳбари киритган ёзувлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тасдиқланиши керак.
Меҳнат стажига бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган даврлар ҳисобга киритилади. Уни ҳисоблаб чиқариш чоғида пенсиялар ва ижтимоий суғурта бўйича нафақаларни тайинлаш учун, агар деҳқон хўжалиги аъзоси унда 12 ой ишлаган ва камида 9 ой мобайнида бадаллар тўлаган бўлса, унга календарь йил ҳисобланади. Бошқа ҳолларда стаж суғурта бадаллари тўланган ойлар сонига мутаносиб равишда ҳисобга олинади. Деҳқон хўжалиги аъзосининг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги даври, суғурта бадаллари тўланишидан қатъи назар, меҳнат стажига киритилади.
Суғурта бадалларини тўлаш далили ва унинг давомийлиги гувоҳлик кўрсатувлари билан тасдиқланмайди.
Деҳқон хўжалиги аъзосининг пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқаришда инобатга олинадиган муайян давр учун даромади тўланган ойлик суғурта бадали суммасини қонун ҳужжатлари билан иш берувчилар ва ходимлар учун белгиланган суғурта бадаллари ажратмаларининг жами фоизига бўлиш ва олинган натижани 100 га кўпайтириш орқали аниқланади.
Ижтимоий суғурта бўйича нафақалар, агар уларни олиш ҳуқуқи деҳқон бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш даврида юзага келган бўлса, берилади.