Меҳнат бозорида яхши мутахассисни, айниқса бош бухгалтерни топиш осон эмас. Раҳбар бухгалтерликка номзодга холисона баҳо бериши ва тақдим этилган тавсифномалар асосида энг яхшисини танлаб олиши керак. Зотан бош бухгалтер ташкилотда иккинчи сиймо саналади. Кичик бизнес жабҳасида эса у ўзининг асосий вазифаларидан ташқари кўпинча молиявий таҳлилчи, кадрлар билан ишлаш ходими, баъзида эса юрист вазифаларини ҳам адо этади.
Кўп ҳолларда раҳбарлар бухгалтерия ҳисоби билан шуғулланувчи ходим номзоди билимини холис баҳолай олмайдилар. Бу эса унинг профессионал малакасини ё ошириб ёки пасайтириб баҳолашга олиб келади.
ИЗЛАШНИНГ ҲАМ ЙЎЛИ БОР
Яхши бош бухгалтерни қай йўсинда топиш, унга қай тартибда тўғри баҳо бериш мумкин, танловда хатоликка йўл қўймаслик учун нима қилиш керак? Бу саволга бирдек жавоб бериб бўлмайди. Шундай бўлса-да:
● бошқа компания мутахассисини оғдириб олиш;
● бўш иш жойи тўғрисида job-порталларга эълон жойлаштириш;
● эндигина иш бошлаётган стажёрдан яхши мутахассис етиштириш;
● рекрутинг агентлиги хизматларидан фойдаланиш;
● таниш-билишлар ва қариндош-уруғлардан сўраб-суриштириш;
● аутсорсинг компаниялари хизматларидан фойдаланиш мумкин.
Бу вариантлардан ҳар бирининг афзаллик ва камчилик жиҳатлари бор.
Мутахассисни оғдириб олиш. Бундай қараганда бу вариант жуда қулай ва тезкор туюлади. Айтайлик, бирон компанияда яхши мутахассисни учратиб қолдингиз, унга ўша ердагидан яхшироқ шароит, мўмайроқ маош таклиф этасиз ва у сизларники бўлади-қолади. Лекин чуқурроқ ўйлаб қаралса, эртами-кечми бу «яхши ходим» янада фойдалироқ, маъқулроқ битим таклиф қилишса, «учирма қилиб» сизларни тарк этади.
Эълонни жойлаштириш. Номзодлар рисоладагидек оқиб келишини таъминлайдиган анча самарали усул. Лекин тажриба шуни кўрсатмоқдаки, одатда яхши бухгалтерлар иш изламайди, ишнинг ўзи уларни қидириб топади. Шу сабабли ҳам аъло даражадаги тавсифнома замирида билими ва кўникмаси бўштоброқ мутахассис яширинган бўлиши мумкин. Қолаверса, оқим мисол оқиб келаётган номзодлар орасидан яхши мутахассисни танлаш анча мураккаб иш. Бу йўсин излашда чинакам иш тажрибасини тасдиқлаш учун талабгорлардан илгари ишлаган компаниялари раҳбарларидан тавсиянома тақдим этишни сўранг.
«Ўз» бухгалтерингизни етиштиринг. Бундай вариантнинг афзаллик жиҳатлари кўп. Мутахассиснинг лавозими кўтарилиши унинг ўз компаниясига мойиллигини, меҳрини оширади. Ўз «қозонингизда қовурилиб» шу рутбага эришган бош бухгалтер бозор йўналишининг ўзига хос қирраларини ва корхонанинг ташкилий жараёнларини яхши билади. Бундай мутахассислардан камдан-кам ҳоллардагина саноат жосуси чиқади, улар тижорат ахборотини жуда кам ҳоллардагина четга оширишлари мумкин. Аммо мутахассисни ўргатиш вақт ва пул талаб қилишини эътиборга олиш керак. Бинобарин, бюджетда уларнинг малакасини мунтазам равишда ошириш, аудиторлар, солиқ маслаҳатчилари сингари профессионал мутахассислар билан маслаҳатлашиб туриш харажатларини назарда тутиш керак. Бундай мутахассисларнинг маошларини мунтазам равишда ошириб боришни ҳам унутмаслик лозим. Одатда ўз мутахассисларимизни янги қабул қилинган мутахассисларга нисбатан етарлича қадрламаймиз. Айни шу боис, бухгалтерингиз четдан пул топиш тадоригига тушиб қолиши ҳам мумкин.
Рекрутинг агентлиги хизматларидан фойдаланиш. Бу ходимларни танлашнинг энг самарали усулларидан биридир. Рекрутинг агентликлари номзодлар билан иш олиб боришда «пишиб кетганлиги» боис уларни саралаш ва таснифлашни ўрнига қўядилар, дастлабки суҳбатлашувларни ўтказиш асносида «бўшроқлари»ни, мўлжалланган жойга мос келмайдиганларини саралаб берадилар. Лекин рекрутинг агентлиги мутахассис танловини кафолатламайди. Негаки, агентлик ходимлари бухгалтерия ҳисоби мутахассиси эмас, улар касбнинг амалиётчи мутахассис иш жараёнида дуч келадиган барча нозик томонларини билади деб бўлмайди.
Таниш-билиш ва қариндош-уруғлардан сўраб-суриштириш. Бу усул, агар таниш-билиш ва қариндош-уруғларингизнинг «суяги бухгалтерияда қотган» бўлсагина, асқотиши мумкин. Бундайлар ўз касби соҳасидагиларни яхши билади ва улар билан алоқада бўлади. Агар чор атрофингизда бундайлар бўлмаса, мазкур усул иш бермайди. Таниш-билиш ва қариндош-уруғлар кимларгадир яхши кўриниш учун ҳам ўз танишларини тавсия қилар эканлар, унинг профессионал малакасига эътибор қилмайдилар ҳисоб, уни тузукроқ жойга ўрнаштириб олсалар бас.
Аутсорсинг компаниялари ёрдамидан фойдаланиш. Кичик бизнес учун аутсорсинг компаниясига абонентлик хизмати кўрсатишини сўраб мурожаат этиш бухгалтерия ҳисобини юритишнинг энг мақбул вариантларидан биридир. Бундай хизмат сифатли ишни таъминлашдан ташқари мазкур иш юзасидан тегишли кафолат ҳам беради. Бундан ташқари, аутсорсинг компаниялари юридик маслаҳатлар бериш, молиявий таҳлил ва кадрлар билан ишлаш жабҳаси билан ҳам шуғулланадилар. Номатлуб томони бухгалтернинг ишини кунма-кун назорат қилиб бормайсиз. Бундай вариантда унга алоҳида иш жойи тайёрлашнинг ҳам ҳожати йўқ.
Йирик компаниялар бухгалтернинг билими ва кўникмасини баҳолашда ёрдам сўраб аудиторлик ташкилотларига мурожаат этиши ҳам мумкин.
МАЪҚУЛ МУТАХАССИС ТОПДИНГИЗМИ, ИШГА ТЕЗРОҚ РАСМИЙЛАШТИРИНГ
Номзод излаётганда нималарга эътибор бериш керак? Энг аввало унинг профессионал уқуви, билими ва шахсий фазилатларига эътибор қаратиш лозим. Профессионал уқув ва билими унинг аввалги иш тажрибасига қараб – тавсифнома асосида, суҳбатлашув асносида баҳоланади. Шахсан учрашилганда мутахассиснинг «хуфиёна нуқсонлари» очилиб қолиши мумкин. Аммо узил-кесил фикрни синов муддати аниқлаб беради.
Бўлғуси ходимларни махсус профессионал тест синовларидан ўтказиш анча ишончлидир. Лекин бундай синовни мутахассислар ёрдамисиз ўтказиш, натижаларни уларсиз баҳолаш қийин. Талабгорнинг малака даражасини аниқлаб берадиган тестлар қонун ҳужжатлари ҳамда бухгалтерия ҳисоби қоидаларидаги ўзгаришларга мувофиқ мунтазам равишда ўзгартириб турилиши керак. Бош бухгалтерларга эмас, оддий бухгалтерларга мўлжалланган тест синовлари номзод фаолият олиб борадиган участканинг ўзига хос жиҳатларини акс эттирмоғи лозим.
Бухгалтерия ҳисоби бўйича одатий саволларнинг ўзи етарли эмас, назарияни билиш унда амалий кўникмалар борлигидан далолат бермайди ҳали. Бундай кезлари бухгалтерия ҳисоби бўйича муайян вазифаларнинг ечимини топиш талаби қўл келади. Номзодни ана шундай вазифалар билан боғлиқ иш тажрибасига қараб баҳолаш шуни кўрсатмоқдаки, кўплаб миқдордаги талабгор бухгалтерлар оддийгина ҳисоб-китоб қилишни ҳам эплай олмайдилар ва бунга «бизда буни дастурнинг ўзи ҳисоблаб беради» деган гапни рўкач қиладилар.
РАҲБАРГА ЙЎРИҚНОМА ЎРНИДА
Бош бухгалтер бизнес муҳитини баҳолар экан, бунда хусусан, қуйидаги ваколат, уқув ва билимга эга бўлмоғи керак:
● эксперт даражасида чуқур ва кўламдор ҳуқуқий, иқтисодий билимларга эга бўлиши ва уларни амалиётда қўллай олиши зарур;
● мураккаб вазифаларни ҳал эта олиши, тезкорлик билан қарорлар қабул қилиши ва улар учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши лозим;
● назорат қилувчи ва шунга ўхшаш ташкилотлар олдида компания манфаатларини ҳимоя этиши ва айни чоғда улар билан муносабатларни бузмаслиги керак;
● асоссиз югур-югурларсиз ва оворагарчиликларсиз, қулай ишчан вазиятни ярата билиши, стресс келтириб чиқарадиган ва ўринсиз талабчанликдан қочиши керак.
Айни шундай мутахассис яхшигина маош тўланадиган ишга талабгорлик қилиши ва компаниядаги ички бизнес жараёнларига ижобий таъсир ўтказиши мумкин.
Евгения СОН, «Yaram Audit» МЧЖ раҳбари.