Хорижий инвестицияларни жалб этиш ва компанияларнинг иш самарадорлигини ошириш учун давлат ва муниципал объектларни хусусийлаштириш юзасидан фаол иш олиб борилмоқда. Бу жараён компанияларнинг реал қиймати ҳамда уларни сотиб олиш борасидаги таҳдид-таваккалчиликларни маҳаллий инвесторлар учун ҳам, чет эллик инвесторлар учун ҳам ниҳоятда долзарб қилиб қўймоқда. Харид этиладиган ёки инвестиция киритиладиган объектнинг барча ижобий ва салбий жиҳатларини баҳолаш, худди шунингдек мазкур объектлар ҳақида ишончли, синалган ахборот олиш улар учун бағоят муҳимдир. Жаҳон амалиётида ана шу тарздаги комплекс текширувни due diligence (дью дилиженс) деб юритилади.
ТЕКШИРИШДАН МАЪНИ БОРМИ?
Дью дилиженснинг иккита тури – тўлиқ ва экспресс деб юритиладиган ҳар иккала варианти компаниянинг бир хил кўрсаткичларини текширишга йўналтирилган. Чуқурроқ текширув асносида кўпроқ ҳужжатлар ва маълумотлар текширувдан ўтказилади. Дью дилиженсни компания активларини ёки умуман бутун бизнес ишини харид этиш олдидангина эмас, балки банклар у ёки бу бизнесни ривожлантиришга кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилишида ҳам ўтказиш тавсия этилади. Бу ҳол сотувчи учун ҳам, сотиб олувчи (инвестор, кредитор) учун ҳам долзарблик касб этадиган фактлар тақдим этилишининг холислигини таъминлайди.
Дью дилиженс тартиб-таомилларини компанияни (активларни, акцияларни) харид этиш режалаштирилаётган босқичдаёқ бошлаш тавсия этилади. Бу тартиб-таомиллар инвестиция киритиладиган объект фаолиятини ўрганишни, у ҳақдаги ахборотларни излашни назарда тутади. Бундай текширув учун расмий ахборот манбаларидан фойдаланмоқ керак. Муддатлари эса ҳар хил – бир неча ҳафтадан то бир йилгача бўлиши мумкин. Бу белгилаб олинган мақсадга, дью дилиженс ўтказишнинг теранлигига, бизнеснинг тузилиши ва шаклларига боғлиқдир.
ПУЛНИ СОВУРИШМИ Ё...
Малакали баҳоловчиларни, юристларни, аудиторларни, молиявий таҳлилчиларни ва бошқа мутахассисларни ишга ёллаш молиявий харажатлар билан боғлиқ. Пировард натижада инвестор фойда кўриши, баъзида эса талайгина маблағни тежаб қолиши инобатга олинса, юқорида номлари санаб ўтилган мутахассисларни ишга жалб этиш ўзини тамоман оқлаши аён бўлади.
Дью дилиженс борасида тежамкорлик қилиш йирикроқ ресурсларни (иқтисодий, ҳуқуқий, солиқ йўналишидаги, маркетинг ресурсларини) бой беришга олиб келиши мумкин. Текшириш эса, корхонани (акциялар туркумини) ҳақиқий қийматидан анчагина юқорироқ қийматда сотиб олиш билан боғлиқ таваккалчиликларга баҳо беришда қўл келади. Бундан ташқари у қарздор корхона кредитни тўлаш юзасидан зиммасига олган мажбуриятларни бажара оладими-йўқми, маблағни уни соғломлаштиришга ёки акцияларини сотиб олишга йўналтириш пулни совуриш ёхуд совуриш эмаслигини баҳолаш имконини беради. Ўз вақтида ўтказилган текширув суд муҳокамалари ва ишнинг оқибатлари, шу жумладан қарздор мажбуриятларини бажара олмаслиги билан боғлиқ номатлуб ҳолатларнинг олдини олиши мумкин. Дью дилиженс сотувчи мол-мулкни ўзгага ўтказиш ёки унга хатлов белгилаш эҳтимоли билан боғлиқ ноҳалол ахборот бериши билан боғлиқ муаммолардан ҳоли бўлиш имконини ҳам беради, битимни муваффақиятли тарзда тузиш, лойиҳани амалга ошириш учун керакли рухсатномаларни, лицензияларни, келишувларни тўлиқ олмаслик ёки улардан маҳрум бўлиш хавфини камайтиради.
Бу тартиб-таомилларда энг биринчи вазифа инвестициялаш объекти тўғрисида мустақил холис тасаввурни (акцияларнинг бозор қиймати, ҳақиқий молиявий аҳвол, объектнинг молиявий ҳолатини ёмонлаштириши мумкин бўлган таваккалчиликлар ҳақидаги тасаввурларни) шакллантириш эканлиги боис, бундай текширувни мулкдор алмашинаётганда ҳам ўтказиш тавсия этилади. Бу чора-тадбирлар битим тарафдорлари ўртасида ишончни таъминлаш имконини беришини ҳам назардан қочирмаслик керак. Зотан тавсиялар ва хулосаларни корхонанинг молиявий ҳолатини холислик билан текширган мустақил экспертлар, шу жумладан аудиторлар берадилар.
НИМАНИ АНИҚЛАШТИРИБ ОЛМОҚЧИМИЗ ЎЗИ?
Дью дилиженс ўтказишда компаниянинг миқдорий ва сифат кўрсаткичлари, молиявий ҳолати, менежменти баҳоланади, ички жараёнлар ва тартиб-таомиллар, лицензияларнинг қиймати, кўчмас мол-мулк объектлари жойлашган ер ва бу объектларга бўлган ҳуқуқлар ўрганилади. Бунда амалга ошириладиган ишларни ўзаро бир-бири билан боғлиқ учта баҳоловга бўлиш мумкин. Булар – акциялар туркуми (мулкий мажмуа, бизнес) қиймати; бухгалтерия ҳисоби тизими ва молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги; аудит ўтказилаётган компаниянинг тузган битимларининг солиқ ва юридик таҳдид-таваккалчиликлари, мажбуриятлари.
Инвестор ана шундай текширув натижалари асосида бизнес ишини холисона баҳолаши ҳамда унга маблағ киритиш ўринли бўлиш-бўлмаслигини аниқлаб олиши, яқин ва олис истиқболдаги таҳдид-таваккалчиликларни, компания қай тарзда ривожланишини кўз олдига келтириши мумкин. Ҳар тарафлама мукаммал текширув унга битим объекти тўғрисида имкон қадар кўпроқ ахборот бериши керак. Бундай текширув ишнинг ҳақиқий аҳволини кўрсатиб бериш билан олди-сотди объекти қийматига ўзгартишлар киритишга қандайдир даражада қобилдир.
Компания менежментини текширувни алоҳида қайд этиб ўтиш зарур. Бундай текширув инвестор компания мўлжалланаётган режаларни бажаришига ва келгуси тараққиётини таъминлашга қодир етарли миқдорда малакали кадрларга эга ёки эга эмаслигини, келгусида ўқитиш ва қайта тайёрлаш зарур бўладиган малакаси пастроқ, баъзан эса ўзгартиришга тўғри келадиган кадрлар билан ишлашга тўғри келиш-келмаслигини билиш тақозосидир.
Дью дилиженсни айрим активларни, айтайлик ер участкаларини, бинолар, ускуналар ва шу сингариларни сотиб олишда ҳам ўтказиш тавсия этилади. Бундай ҳолларда сотувчи битим предмети юзасидан айтган, яъни ер участкаси майдони ва хусусиятлари, бинолар эгаллаган саҳн ва бинонинг режалаштирилиши, ускуналарнинг унумдорлиги ва ёши; сотувчининг активларга бўлган эгалик ҳуқуқи ва ваколатларининг софлиги; манфаат қаратилган активнинг ўзгаларга ўтказилиши ва мазкур активга нисбатан учинчи шахсларнинг даъво қилиши (гаров, бошқа сотиб олувчи билан олдиндан тузилган шартнома борлиги, суд тартибидаги даъволар ва шу сингарилар) таваккалчиликлари текширув объекти бўлиб қолади.
ВАҚТ ҚАДРИ
Дью дилиженс ўтказиш режалаштирилаётганда бундай текширув муайян вақтни олишини ва молиявий маблағлар талаб этишини унутмаслик керак. Уни бошламасдан аввал инвестор дью дилиженсга қанча сарфлашга тайёр эканлигини аниқлаб олиш лозим. Бу эса тадбирни теран тарзда ёки экспресс таҳлил йўсинида ўтказиш масаласини ҳал этади. Текширувдан олдин инвестор текширувни топшираётган ходимларнинг билими доираси ва уқувини баҳолаши керак. Бюджет ва муваққат сарф-харажатларни белгилашда икки одим қоидасига, яъни дастлаб экспресс текширув, кейин эса чуқурлаштирилган текширув ўтказиш қоидаларига риоя этиш тавсия қилинади.
Экспресс текширув ўтказилаётганда қарор қабул қилиш учун муҳим бўлган фактлар ва ҳужжатлар баҳоланади. Бу текширув қаноатланарли натижа берса, муфассал текширув ўтказган маъқул. Амалиётда компаниянинг сотув ҳажмларини, унинг харажатларини, пул оқимларини, инвесторнинг бўлажак даромади билан унинг харажатлари нисбатини, компания фаолият олиб бораётган бозорнинг ўзига хос хусусиятлари ва истиқболларини, унинг бозордаги ўрнини прогнозлаб баҳолаш имконини берадиган экспресс дью дилиженс услубияти қўлланиб келмоқда. Бунда бизнеснинг ҳозирги мулкдорлари (улар билан иш олиб бориш имкониятлари), компанияда ишлаб турган профессионаллар жамоаси, уларнинг ривожланиш вазифаларини уддалай олиш қобилияти ҳам баҳоланади. Текширув асносида ўтказилган аудиторлик ва солиқ текширувлари, компаниянинг жорий ва узоқ муддатли мажбуриятлари, учинчи шахсларнинг даъво ва иддаолари, активларга бўлган эгалик ҳуқуқлари, шунингдек активларнинг асосий тавсифлари: едирилиши, фойдаланиш самарадорлиги сингари муҳим молиявий жиҳатларга алоҳида роль ажратилади. Инвестор қўлга киритиши эҳтимоли бўлган фойда ҳам чамалаб кўрилади.
Дью дилиженсни ўтказишда одатда расмий ҳужжатлар (бухгалтерия ҳисоботлари, шартномалар, рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномалар, эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ва шу сингарилар); бизнес-режалар, ҳисоб-китоблар, текширув ва тадқиқотлар манба вазифасини ўтайди. Мулкдорлар ва менежерлар билан суҳбатлар ўтказилади, экспертларнинг фикр-мулоҳазалари йиғилади. Экспресс текширув чоғида бирмунча камроқ, муфассал ўрганиб чиқилаётганда эса, имкон қадар кўпроқ манбалар ишга солинади.
Прогноз кўрсаткичларни ҳисоб-китоб қилишда биринчи босқичда тақдим этилган маълумотларни ҳақиқий маълумотлар билан қиёслаш ҳамда прогнозларни кутилаётган мўлжалларга мувофиқ баҳолаш жуда муҳимдир. Молиявий таркибни ҳам текшириш, корхонанинг балансини, фойдасини, зарарлари ва активларини ўрганиб чиқиш шарт. Экспресс баҳолаш даражасида қаноатланарли натижалар олинган тақдирда тўлиқ аудит ўтказиш ва ана шу мақсад учун маблағ ажратиш масаласини ҳал этса бўлади. Дью дилиженсни икки босқичли тарзда амалга ошириш сарф-харажатларни камайтириш ҳамда қўшимча ўрганишга муҳтож танг жойларни аниқлаб олиш имконини беради.
Мутахассислар дью дилиженс мураккаб, аммо самарали жараёндир деб таъкидлайдилар. У кўп жиҳатдан текширувчиларнинг рақамларда ва ўзаро суҳбатлашувларда эътиборни тортадиган, синчковлик билан текширувни талаб қиладиган жиҳатларини кўра билиши ва топа олишига боғлиқдир. Бу тадбир муваффақиятли тарзда ўтказилса, текширувчи инвесторнинг талайгина миқдордаги пулини тежаб бериши ёки унга харид қилаверишни ёхуд харид қилишдан бутунлай воз кечишни тавсия этиши мумкин.
Неъматилла КАРИМОВ,
Ўзбекистон Аудиторлар палатаси кенгаши раиси, иқтисод фанлари доктори.