Янги технологиялар бугунги ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин олди. Катта авлод ҳам четда қолмади, кексалар компьютердан қўрқув ва унга ишончсизликларини енгиб, ўзларининг кўпгина муаммоларини монитор олдида тугмачани бир марта босиб ҳал қилишни ўргандилар.
ЭЛЕКТРОН ШАКЛДАГИ АРИЗА
Интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги (ИДХЯП*), Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган янги хизмат Ўзбекистонда яшайдиган ва уйда қарашга муҳтож бўлган ёлғиз фуқаролар ва ногиронларга ижтимоий хизматлардан фойдаланишга ариза бериш имкониятини тақдим этади.
ИДХЯП орқали мурожаат қилиш учун ариза берувчи рўйхатдан ўтказилган фойдаланувчи бўлиши лозимлигини ҳисобга олинг. Фойдаланувчи рўйхатдан ўтгандан кейин хизмат саҳифасининг ўзида анкета тўлдириши ва мурожаат қилиш сабабини кўрсатиши лозим. Бу – бепул хизмат. Ариза 27 кун мобайнида кўриб чиқилади. Жавобни ариза берувчи электрон шаклда ИДХЯПдаги шахсий кабинетда ёки рўйхатдан ўтиш пайтида кўрсатилган электрон почтада олади.
Маълумот учун! Ёлғиз фуқароларнинг қуйидаги тоифалари уйда хизмат кўрсатиш учун қабул қилинади:
● 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, фронт ортида хизмат қилган шахслар уйда ижтимоий хизмат кўрсатишга биринчи навбатда қабул қилинади;
● соғлиғига кўра ўзгалар парваришига муҳтож, фарзандлари (жумладан фарзандликка олинган болалари) ва яқин қариндошлари билан бирга яшамайдиган пенсия ёшидаги (эркаклар 60 ёш ва ундан юқори, аёллар 55 ёш ва ундан юқори) шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлари, кекса ёки I ва II гуруҳ ногирони бўлган эр-хотинлар;
● ўзгалар парваришига муҳтож, вояга етмаган ёхуд I ва II гуруҳ ногирон фарзандлари билан бирга яшайдиган пенсия ёшидаги (эркаклар 60 ёш ва ундан юқори, аёллар 55 ёш ва ундан юқори) шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлари, кекса ёки I ва II гуруҳ ногирони бўлган эр-хотинлар;
● ўзгалар парваришига муҳтож, фарзандлари жазо муддатини ўтаётган ёки узоқ муддатли даволанишда бўлган (руҳий, сил ва бошқа касалликлар) даври мобайнида пенсия ёшидаги (эркаклар 60 ёш ва ундан юқори, аёллар 55 ёш ва ундан юқори) шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлари, кекса ёки I ва II гуруҳ ногирони бўлган эр-хотинлар;
● фарзандлари (жумладан фарзандликка олинган болалари) ва яқин қариндошлари ҳамда ҳомийлари ёки васийлари бўлмаган ва қонунчиликка асосан бепул энг зарур молларни олиш имтиёзидан фойдаланаётган ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар.
Мазкур ижтимоий хизматларни Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари ҳузуридаги ижтимоий ёрдам хизматлари кўрсатади.
ФОЙДАЛАНУВЧИГА ЁШ ТЎСҚИНЛИК ҚИЛМАЙДИ
Ўзбекистонда nuroniy.uz сайти иш бошлади. У давр билан ҳамнафас бўлган ва кундалик ҳаётда янги технологиялардан муваффақиятли фойдаланаётган кексалар учун ишлаб чиқилган.
Ҳозирги вақтда портал жадал равишда ахборот билан тўлдириляпти. Бироқ кирувчилар ҳозирданоқ унга қизиқиш билдиришяпти. Уларга айниқса «Савол-жавоблар» директорияси қизиқарли бўляпти. Сайтда пенсия тайинлаш, уруш ва меҳнат фахрийларини қўллаб-қувватлашни тартибга соладиган меъёрий ҳужжатлар, бошқа қонун ҳужжатлари билан танишиш мумкин.
Ўзининг оммавий мавзу ёки гуруҳини барпо этиш ҳам қийинчилик туғдирмайди. Портал нафақат фойдаланувчиларни ҳаётнинг турли соҳалари билан хабардор қилишни, балки кекса кишиларнинг мулоқоти учун ижтимоий тармоқни жорий этишни ҳам мўлжаллаган.
Унга Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг барча ҳудудий бўлинмалари, «Саховат» интернат уйлари ва кексалар учун санаторийлар, маданият ва аҳолининг кўнгил очиш марказлари, ахборот-ресурс марказларини улаш режалаштириляпти.
Маълумот учун! Кекса кишилар учун nuroniy.uz интернет-портали «Кексаларни эъзозлаш йили» давлат дастури (Президентнинг 18.02.2015 йилдаги ПҚ-2302-сон Қарори билан тасдиқланган) доирасида ишлаб чиқилган. Лойиҳани амалга ошириш билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари, шунингдек Пенсия жамғармаси билан ҳамкорликда «UZINFOCOM» маркази ДУК ва «Ўзбектелеком» АКнинг техник иштирокида «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази шуғулланмоқда.
Алла РОМАШКО,
мухбиримиз.