Norma.uz
Норма маслахатчи / 2015 йил / № 43 / Аудитор хабарномаси

Ичингдаги ичингдадир: янгича ўзанга ўтиш муаммолари

Турли мамлакатлар компанияларининг молиявий ҳисоботидаги тафовутлар кўплаб ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий омиллар билан белгиланади. Ҳисоботнинг мазмунига ёндашувдаги фарқланишлар эса ахборотларни таҳлил этишни, бошқарув йўналишида, шу жумладан инвестициялаш борасида қарорлар қабул қилишни анчагина мураккаблаштиради. Бу масалаларга молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари чек қўйишга қодир. Мазкур стандартлар тавсиявий хусусиятга эга бўлса-да, бутун дунёда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботни уйғунлаштириш ва стандартлаштиришда халқаро кўламдаги мўлжал ҳисобланади.  

 

Ўзбекистонимизнинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашуви МҲХСни жорий этишнинг долзарблигини таъминлайди. Бизнес ишини муваффақиятли тарзда ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири ахборот борасида ўзаро бир-бирини тушунишдан иборатдир. Шу сабабли бухгалтерия ҳисобининг миллий тизимидан йирик ташкилотларнинг ҳисоботларини халқаро стандартларга мувофиқ равишда тузишга ўтиш давр тақозоси бўлиб қолмоқда.

Мамлакатимиз ҳукуматининг молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш тўғрисидаги қарорлари амалиётда мужассам топмоқда. Чунончи, акциядорлик жамиятларининг жорий йил якунлари бўйича ҳисоботи МҲХС асосида ишлаб чиқилмоғи лозим*. МҲХСни қўлланиш айниқса халқаро молиявий бозорларга чиқиш тараддудидаги корхоналар учун бағоят фойдалидир. Самараси менежерларни бошқарув самарадорлигини оширадиган ахборотлар билан таъмин этишда, бозор ва акциядорлар билан билимдонлик асосида муомалада бўлиш имкониятини беришида, корпоратив хулқ-атвор ва хатти-ҳаракат тизимини мустаҳкамлашида, қолаверса менежментга бўлган ишончни пухталашида кўринади. Бу иш, айниқса, раҳбарияти таркибида ўз вакилига эга бўлмаган ва шу сабабли молиявий ҳисоботдан оладиган ахборот билан кифояланадиган мулкдор учун жуда-жуда қулайдир.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, МҲХСга мувофиқ тайёрланган молиявий ҳисобот шунчаки бир восита. Шу боис ҳар бир компания ҳисобот тузаётиб, раҳбариятнинг, компания эгаларининг, акциядорларнинг ҳисоботга бўлган талабларини инобатга олмоғи керак. МҲХСга ялписига ўтиш ишига алоҳида эътибор талаб қиладиган бир нечта асосий омиллар ўз таъсирини ўтказади.

● МАЛАКАЛИ КАДРЛАР ЕТИШМАСЛИГИ. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз меҳнат бозорида МҲХС бўйича мутахассислар етарли эмас. Шу сабабли саноқли компанияларгина ўз ҳисоботларини мустақил тарзда тайёрламоқдалар. Уларнинг аксарияти консалтинг ва аудиторлик ташкилотлари хизматига мурожаат этмоқда.

ОЧИҚ-ОШКОРАЛИКНИНГ ЙЎҚЛИГИ. МҲХС бўйича ҳисобот очиқ ва ошкора бўлмоғи, хусусан холдинг тузилмалари ҳамда бизнес ишининг ҳақиқий соҳиблари тўғрисидаги ахборотлар очиб, кўрсатиб берилмоғи керак.

САРФ-ХАРАЖАТЛАР КАТТАЛИГИ. МҲХС бўйича ҳисобот тайёрлашдаги салмоқли харажатларни ходимларни ишга ёллаш ва уларнинг таълими билан боғлиқ, шунингдек маслаҳат ва аудиторлик хизматларига сарфланадиган харажатлар ташкил этади. Сертификатланган мутахассислар меҳнатига тўланадиган ҳақ бошқа молия ходимлари меҳнатига тўланадиган ҳақдан анчагина кўпроқдир. МҲХСга ўтиш бу сарф-харажатларни янада кўпайтиради. Аммо халқаро ҳисоб тизими жорий этилганидан кейин бундай харажатлар камаяди.

Ҳисоботларни халқаро стандартларга ўтказишнинг 2 та асосий усули мавжуд. Бири – бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари асосидаги маълумотларни МҲХСга мувофиқ бўлган бухгалтерия ҳисобига ўтказиш бўлса, иккинчиси бухгалтерия ҳисобини параллель тарзда – бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари ва МҲХС бўйича олиб боришдир.

Миллий ўзандаги ҳисоботни халқаро стандартга айлантириш молиявий ҳисоботни айрим кўрсаткичларини ўзгартириш орқали халқаро талабларга мувофиқлаштиришдан иборатдир. Одатда, компаниялар бу усулни қўллаганда моддий ва вақт маъносида бир мунча камроқ чиқим қиладилар. Бу усулга кўп ҳолларда халқаро стандартлар бўйича мувозий ҳисобга ўтишдаги муваққат чора сифатида қаралади.

Ҳисобни миллий ва халқаро стандартлар бўйича параллель тарзда олиб бориш ҳар бир хўжалик операциясини у ва бошқа стандарт бўйича ҳисобга олиб боришдан иборат. Бунинг учун йирик компанияларда бухгалтерия ҳисобининг мураккаб интеграциялашган тизимлари жорий этилади. Улар корхоналардаги бизнес жараёнларини шакллантириш ва унификация қилишга жиддий талаблар қўядиларки, бу ҳол умуман олганда ҳисоб тизимининг ўзини қайта қуришга олиб келади ҳисоб.

Ҳисоботни МХҲС бўйича тайёрлаш усулини танлаш одатда компанияда халқаро стандартларни жорий этиш мақсади ҳамда мўлжалланаётган сарф-харажатлар тақозосидир. Раҳбарият ундан қанчалик кенг кўламда фойдаланмоқчи бўлса (айтайлик, бошқарув ҳисоби ва бюджетлаштириш мақсадлари учун), компания шундан келиб чиқиб, ҳисобни бот-бот мувозий тарзда юритишни танлайди. Бундай усул ҳисоботни янгича шаклга айлантиришда самаралидир, чунки компанияларга ички ҳисобот тизимини ташқи ҳисобот тизимидаги ўша принциплар асосида йўлга қўйиш имконини беради.

МҲХСга ўтиш анча узоқ давом этадиган, қимматга тушадиган жараёндир. Компаниянинг ана шу, алоҳида лойиҳасига бухгалтерлар ва молиячилардан ташқари бошқа бўлинмаларнинг ходимлари ҳам жалб этилмоғи керак. Уни рўёбга чиқаришнинг энг аввалида компания ҳисобни МҲХС бўйича олиб борадиган усулни (айлантириш ёки параллель тарздаги ҳисоб) танлаб олиши керак. МҲХСга ўтиш борасидаги келгуси барча ишлар шунга боғлиқдир.

 

Ҳисоботни халқаро мезонлар бўйича тайёрлашга ўтиш мураккаб эканлигини инобатга олиб, МҲХС бўйича қўмита «МҲХСни биринчи қўлланиш» деб номланган 1-сон IFRS стандартини ишлаб чиқди ва бу стандарт 2004 йил 1 январдан кучга кирди. Мазкур стандартни молиявий ҳисоботни илк бор МҲХСга мувофиқ тарзда тузаётган барча компаниялар қўллаши мажбурийдир, чунки уни тайёрлашнинг аниқ чизгилари мужассам. Молиявий ҳисоботнинг кўрсаткичларини МҲХСга мувофиқлаштиришни бешта асосий тайёргарлик босқичларига бўлиш мумкин:

1-босқич. Ҳисобот санасини ҳамда янгича усулга ўтиш санасини белгилаш. Дастлабки ҳисоботни МҲХС бўйича тузишда янгича иш усулига ўтиш санасини (биринчи ҳисобот даври бошланишини) ва ҳисобот санасини (унинг тугалланишини) аниқ белгилаб олиш даркор. Ақалли битта олдинги даврга оид қиёсий (таққослама) маълумотларни тақдим этиш зарур эканлиги МҲХСнинг яна бир талабидир. Компания МҲХС бўйича ўзининг биринчи ҳисоботини 2017 йил 31 декабрга бўлган ҳолат бўйича (ҳисобот санаси) тузмоқда дейлик. Қиёсий (таққослама) маълумотлар принципига риоя этиш учун МҲХСни қўллаш бошланган бирламчи марра ҳисобот санасидан олдинги камида 2 йил бўлмоғи керак. Биз кўриб чиқаётган ҳолатда бу 2016 йилнинг 1 январидир, бошқача қилиб айтганда бу МҲХС бўйича кириш баланс қолдиқлари аниқланадиган (3-босқичга қаралсин) кириш баланси санасидир (МҲХСга ўтиш санаси). Компанияда шуъба корхона бўлса, айни бир вақтда молиявий ҳисоботни жамлаш тўғрисида қарор қабул қилинмоғи керак.

2-босқич. Ҳисоб сиёсатини МҲХСга мувофиқ шакллантириш. Компания МҲХСга мувофиқ бўлган, ҳисобот санасида амал қиладиган янги ҳисоб сиёсатини тузиши ва тасдиқлаши зарур. Бунда шуни эътиборга олиш керакки, мазкур сиёсат ҳисоботда акс эттириладиган барча ҳисобот даврларига нисбатан қўлланилиши керак. Тўғри тажассум топган ҳисоб сиёсати ва ундан тўғри фойдаланиш МҲХСни жадалроқ қўлланишга имкон яратиб беради. Шуни ҳам қайд этиб ўтиш жоизки, жамланган молиявий ҳисоботни тузишда компаниянинг ва жамланувга жалб этилган шуъба корхоналарнинг ҳисоб сиёсати ягона ва бир хилда қўлланиладиган бўлиши керак.

3-босқич. МҲХС бўйича активлар ва мажбуриятларнинг моддаларини белгилаш. Компаниянинг ҳисоб сиёсати тасдиқланганидан кейин МҲХСга ўтилаётган санада ундаги барча мавжуд активлар ва мажбуриятлар эътироф этиш ёки рўйхатдан чиқариш нуқтаи назаридан таҳлилдан ўтказилмоғи керак. Башарти миллий стандартлар бўйича улар ҳисобда акс эттирилмаган тақдирда ҳам МҲХС бўйича ҳисобга олинмоғи керак ёки аксинча. Чунончи, компания бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартига мувофиқ муайян кечиктирилган солиқ активлари ёки мажбуриятларни тан олмаслиги мумкин, аммо улар МҲХС бўйича эътироф этилади. Асосий воситаларни қайта баҳолаш бўйича кечиктирилган (кейинроққа суриб қўйилган) солиқлар шулар жумласидандир.

4-босқич. МҲХС бўйича активлар ва мажбуриятларнинг ҳақиқий қиймати. Шундан кейин тан олинган активлар ва мажбуриятлар баҳоланмоғи даркор. Эътироф этишда бўлгани каби бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари ва МҲХС бўйича баҳолашда тафовутлар бор. Улар капиталлаштирилаётган моддаларнинг ҳар хил таркиби билан ҳам, активлар ёки мажбуриятларнинг баланс қийматини шакллантирувчи бўлғуси пул оқимларининг ҳар хил баҳоси билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Масалан, МҲХС бўйича асосий воситаларнинг объектлари фақатгина бозор усуллари билан белгиланади, бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари эса коэффициентли усулга йўл қўйиб беради. Уларнинг сотиб олиш қиймати хусусида ахборот йўқлиги муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Бундай вазиятларда 1-сон МҲХС (IFRS) қуйидаги йўлни тавсия этади: компания асосий воситаларни уларнинг ҳақиқий – «шартли бирламчи» қиймати, яъни МҲХСга ўтиш санасидаги қиймати билан кириш балансига киритиши мумкин. Бундай ёндашув МҲХСга ўтиш санасида ўз активлари қийматини ошириш истагидаги компаниялар учун қулай ва фойдалидир. Ана шу усулни қўлланиш келгусида улар асосий воситаларни мунтазам равишда қайта баҳолаб боришларини тақозо этади.

5-босқич. Капитал ва резервлар ҳажмини ўзгартириш, уларга тузатиш киритиш. Ана шу барча босқичлардан ўтилганидан кейин компаниянинг соф активлари миқдори ва ҳажми миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ шакллантирилган капиталлар ва резервлар миқдори ва ҳажмидан фарқ қилиши мумкин. 1-сон МҲХСга (IFRS) биноан ана шу тафовут тақсимланмаган фойда таркибида акс эттирилиши зарур.

 

МҲХСга ўтишнинг тавсия этилаётган босқичлари бундай қараганда жўнроқ бўлиб кўрингани билан уларнинг ҳар бири муайян қийинчиликлар билан боғлиқдир. Мазкур қийинчиликларни муваффақиятли тарзда бартараф этиш раҳбариятга мансуб кишилар ҳисоботни халқаро ўзанларга кўчириш компания бухгалтериясигагина эмас, балки бизнесга алоқадор бошқа жараёнларга, энг аввало, корхонани бошқаришга дахлдор эканлигини қанчалик тушунишларига боғлиқдир. Шу боис ҳисобот тайёрлашнинг халқаро тизимига киришиб кетишни исташнинг ўзи билан иш битмайди. Юқори бўғин раҳбариятига мансуб кишилардан МҲХСга ўтишни мазкур ишни амалга оширишнинг бутун муддати мобайнида назорат қилиб ва мувофиқлаштириб бориладиган мураккаб лойиҳа деб қараш талаб этилади.

 

Шоодил НОСИРОВ,

аудит бўйича директор,

«Grant Thornton» МЧЖ аудиторлик ташкилоти ҳамкори.

 

*Президентнинг 24.04.2015 йилдаги «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4720-сон Фармони.

Прочитано: 2533 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика