Давлат божхона қўмитаси Олий ҳарбий божхона институтида жорий йилда институтга қабул қилинган тингловчиларнинг «Ҳарбий ва божхоначи қасамёди»ни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Унда республикамиз парламенти, тегишли вазирлик ва ташкилотлари вакиллари, ота-оналар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Давлат ҳокимияти тизимининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлмиш божхона хизмати мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлиги ва иқтисодий манфаатларининг ҳимояси билан шуғулланади. Табиийки, бу жараёнда замонавий билимларни чуқур ўзлаштирган, юқори малака ва амалий тажрибага эга бўлган ёш божхоначи кадрларнинг муҳим ўрни бор.
2003 йилда Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Марказий Осиё минтақасида ягона Олий ҳарбий божхона институтида ҳозирги кунда божхона иши ва юриспруденция мутахассисликлари бўйича малакали божхоначи кадрлар тайёрланмоқда. Шу пайтга қадар мазкур даргоҳда таҳсил олган 800 нафардан ортиқ кадр ҳозирда республикамизнинг турли божхона органларида хизмат қилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ф.Дадахўжаев, Қонунчилик палатаси депутати Қ.Жўраев, Давлат божхона қўмитаси раиси З.Дусанов, Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмаси раиси Д.Кудриддинов ва бошқалар божхона хизматининг энг муҳим мезони – адолатли бўлиш, қонунларга оғишмай амал қилиш эканлигини, божхона ходимидан нафақат ўз касбининг сирларини чуқур эгаллаш, балки халқимиз маънавияти ҳамда олийжаноб ахлоқий фазилатларини ўзида мужассам этиши зарурлигини алоҳида таъкидлашди.
Бугунги кунда институтдаги 11 та кафедра, ихтисослашган дарс хоналари, кимё ва криминалистика лабораторияси, амалий машғулот майдончалари, шунингдек, иккита замонавий ётоқхона, кутубхоналар, спорт мажмуаси, тренажёр заллари, тир, ёзги ва қишки сузиш ҳавзалари, теннис корти ва бошқа зарур иншоотлар тингловчилар ихтиёрида. Институт қошида ташкил этилган Ахборот-ресурс маркази фондида эса 2,2 минг номдаги 40 мингдан ортиқ адабиётлар жамланган. Шунингдек, олдиндаги тўрт йиллик таҳсил давомида институтнинг профессор-ўқитувчилар жамоаси уларга божхона соҳасидан сабоқ берадилар. Қолаверса, ҳар ўқув йили якунида тингловчилар Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий божхона бошқармаларида малака амалиётини ўташ имкониятига эгалар.
Юртимиз божхонаси – Ватанимиз остонаси. Бу остонанинг поклиги, ундан ёвуз ва ғаразли ниятдаги кимсалар ўтмаслиги кўп жиҳатдан божхоначиларга боғлиқ. Бугун қасамёд қабул қилаётган тингловчилар ҳам келажакда ана шу масъулиятни чуқур англайдиган божхона хизматининг профессионал ходимлари бўлиб етишиб чиқишади.
Тантаналар Олий ҳарбий божхона институти қошида ташкил этилган ҳаваскор ансамбль ва ҳарбий оркестр томонидан тайёрланган концерт дастурига уланиб кетди.
ДБҚ Ахборот хизмати.