Прокуратура менга қарши Жиноят кодексининг 167-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди. Бунга банкнинг ўз мижозининг кредит пуллари ҳисобидан амалга оширган ўтказмалари юзасидан мурожаати сабаб бўлди. Менда ишончнома, ҳисобварақ-фактура ва товар олинганлиги тўғрисида солиштирма далолатнома бор эди. Мазкур далил бўйича фирмамнинг 2010–2012 йиллардаги молия-хўжалик фаолиятини текшириш тайинланди. Товар 2013 йилда қабул қилинган.
Режадан ташқари (муқобил бўлмаган) текширув чоғида бутун молиявий фаолиятни, шу жумладан экспорт-импорт операцияларини текширишга ҳақли эдиларми?
Инспектор уни Республика мувофиқлаштирувчи кенгашининг рухсатисиз, терговчининг режадан ташқари текширувни тайинлаш тўғрисидаги биргина қарори асосида ўтказишга ваколатлими?
ДСИ буйруғи ва терговчининг қарорида текширув даврини кўрсатмаслик мумкинми?
Тафтишчи фирмани 30 кундан кўп вақт текшириш ҳуқуқига эгами?
Э.Тўхсанов, ХК директори.
РЕЖАДАН ТАШҚАРИМИ ЁКИ МУҚОБИЛ?
– Терговчи қўзғатилган жиноят иши доирасида муқобил текширув ўрнига молиявий-хўжалик фаолиятининг, шу жумладан экспорт-импорт операцияларининг режадан ташқари текширувини (яъни тафтишни) тайинлашга1 ҳақли эдими деган саволга қатъий жавоб бериш жуда мушкул. Чунки жавоб ишнинг биз билмайдиган муайян ҳолатларига, тафсилотларига боғлиқдир. Шундай бўлса-да, саволингизга турли вазиятлардан келиб чиқиб жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Айтайлик, жиноят иши сизга қарши эмас, балки контрагентингизга ёки, агар у юридик шахс бўлса, унинг вакилига қарши ёхуд, терговчининг фикрига кўра, жиноят аломатларининг борлиги кузатилаётган унинг қилмиши (ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги) далили бўйича қўзғатилган. Ушбу ҳолда Қонун 14-1-моддасининг маъносига кўра, тергов қилинаётган жиноят иши доирасида фирмангиз фаолиятининг муқобил текширувини ўтказишга йўл қўйилар эди. Терговчининг текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарорига асосан, текширув фақат уларнинг текширилаётган контрагент билан ўзаро муносабатларига2 доир қисм бўйича ўтказилиб, ундан молия-бухгалтерлик ёки муқобил текширув предметига дахлдор бўлмаган бошқа ҳужжатлар талаб қилиб олинмайди.
Бироқ сиз иш сизга нисбатан қўзғатилганлигини ёзгансиз. Бундан у сиз корхонангизда амалга оширган (масалан, раҳбар сифатида) фаолият билан боғлиқлигини тахмин қилиш мумкин.
Қонун 9-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ прокуратура, ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш учун қўзғатилган жиноят ишининг мавжудлиги асос бўлади. Текширув билан фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолият қамраб олиниши мумкин, бу ҳақда текширув тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган бўлиши керак.
Агар режадан ташқари тафтиш корхонангизнинг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолиятини қамраб олган, бу ҳақда терговчининг уни тайинлаш тўғрисидаги қарорида кўрсатилган бўлса, уни қонуний текширув деб баҳолаш керак. Бошқа фаолиятни текширишга йўл қўйиб бўлмайди, бинобарин, у ноқонунийдир. Масалан, экспорт-импорт операцияларини текшириш, агар улар, албатта, жиноят иши билан боғлиқ фаолиятга тааллуқли бўлмаса, ноқонуний ўтказилган бўлади.
Олий суд ва Олий хўжалик суди қўшма Пленумининг «Тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларини суд амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги Қарорининг (14.09.2012 йилдаги 12/239-сон) 7-банди иккинчи хатбошисида тушунтирилишича, текшириш қонунда белгиланган асослар мавжуд бўлмасдан ўтказилган ҳолда, у ноқонуний ҳисобланади ва Фуқаролик процессуал кодексининг 56-моддаси иккинчи қисми, Хўжалик процессуал кодексининг 54-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ текшириш натижасида олинган маълумотлар далил сифатида қабул қилинмайди. Бу, фикримизча, жиноят жараёнида далилларни баҳолашга ҳам тааллуқли.
ТАФТИШЧИ КЕЛМОҚЧИ
Инспектор режадан ташқари текширувни Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашининг (НҚОФМРК) рухсатисиз, терговчининг уни тайинлаш тўғрисидаги қарорига асосан ўтказишга ваколатлилигини сўраганда мазкур инспектор қайси органнинг ходими эканлигини кўрсатмагансиз.
Қонуннинг 9-моддаси учинчи қисмида белгиланишича, тафтишлар белгиланган тартибда фақат солиқ органлари томонидан, улар солиқ ва валютага оид жиноятлар аломатларини аниқлаганида эса Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан амалга оширилади. Бундан келиб чиқадики, жиноят иши доирасида тайинланган текширувни солиқ органларининг эмас, Департаментнинг ваколатли мансабдор шахслари ўтказишлари керак. Терговчининг қарори уни ўтказишга ҳужжатли асос бўлиб ҳисобланади, бунга НҚОФМРКнинг қарорини олиш талаб қилинмайди.
БЕЛГИЛАНГАН МУДДАТДА, БИР КУН ҲАМ КЕЧИКТИРМАСДАН
Солиқ кодексининг 88-моддаси иккинчи қисмида режадан ташқари солиқ текширувини ўтказиш учун асослар келтирилади. Ушбу модданинг учинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, бунинг учун қуйидагилар асос бўлади:
НҚОФМРКнинг текшириладиган объектнинг номи, СТИР, текширувнинг мақсадлари, текшириладиган давр (тафтиш учун), текширув ўтказиш муддатлари ва уни асословчи сабаблар кўрсатилган текширув ўтказиш тўғрисидаги қарори;
солиқ органининг НҚОФМРК қарори асосида чиқарган, текширувни ўтказиш мақсадлари, муддатлари ва текширувчи мансабдор шахслар таркиби, текшириладиган давр кўрсатилган ҳолдаги буйруғи.
Жиноят иши доирасидаги солиқ текшируви терговчининг қарори билан (НҚОФМРКнинг қарори билан эмас) тайинланиши ва уни бажариш учун Департамент ёки унинг ҳудудий бўлинмаси буйруқ чиқариши боис ушбу ҳужжатларнинг ҳар бирида текширилаётган даврни ҳам кўрсатиш керак3.
Текширувларнинг муддатлари бўйича базавий шартлар Солиқ кодексининг 89-моддасида, Қонун 11-моддасининг биринчи қисмида белгиланган.
Режали ёки режадан ташқари тафтиш 30 календарь кундан ошмаслиги керак. Истисно тариқасидаги ҳолларда, НҚОФМРК қарори билан бу муддат кўпи билан 30 кунга узайтирилиши мумкин (1573-сон Низомнинг 4-банди биринчи хатбошиси). Бироқ бу қоида кичик тадбиркорлик субъектлари – микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермерлик хўжаликларига тааллуқли эмас.
Истисно тариқасидаги ҳолларга келсак, бундай ҳоллар, 1573-сон Низом 4-бандининг учинчи хатбошиси маъносига кўра, текширилаётган субъектлар раҳбарлари, бош бухгалтерларининг йўқлиги, бошқа асосли сабаблар мавжудлиги бўлиши мумкин. Қисқаси, истисно тариқасидаги ҳоллар – объектив узрли ҳоллар.
Шу тариқа, узайтиришни ҳисобга олганда тафтиш ўтказишнинг энг кўп муддати 60 календарь кундан ошмаслиги керак.
Текширув давомида тафтиш ўтказишни тайинлаган терговчи уни ўтказиш муддатини узайтира оладими? Амалдаги қонун ҳужжатларида бундай узайтириш назарда тутилмаган.
Агар фирмангиз кичик тадбиркорлик субъекти ҳисобланса, унинг молия-хўжалик фаолиятини режадан ташқари текширувдан ўтказиш муддати 30 календарь кун билан чекланган.
1Солиқ кодексининг 85-моддаси учинчи қисми ва «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонун (24.12.1998 йилдаги 717-I-сон, бундан кейин – Қонун) 3-моддасининг бешинчи хатбошисидан келиб чиқадики, молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) деганда солиқ ва валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида хўжалик юритувчи субъектнинг (солиқ тўловчининг) бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослаш тушунилади.
2Тадбиркорлик субъектининг текшириш объекти билан ўзаро муносабатлари дейилганда шахсларнинг ҳужжат билан тасдиқланган аниқ алоқасини тушуниш керак. Муқобил текширишлар ўтказилаётганда тадбиркорлик субъектларига бориш ва улардан текшириш предметига тааллуқли бўлмаган молия-бухгалтерия ёки бошқа ҳужжатларни талаб қилиш ман этилади (НҚОФМРК томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 6.05.2006 йилда 1573-сон билан рўйхатдан ўтказилган Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида низомнинг 24-банди, бундан кейин – 1573-сон Низом).
3Бундан ташқари, бу жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг умумий асослари ва маъносидан келиб чиқадиган дастлабки тергов қилиш органлари ва судлар процессуал қарорларининг қонуний, асосланган ва одил бўлиши шартига мувофиқ келиши лозим.
Камол МУЗАФФАРОВ,
«Norma Profi» эксперти.