Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона хизмати органларининг шахсий таркиби ўртасида шахмат бўйича навбатдаги мусобақа ташкил қилинди. Ўзбекистон Шахмат федерацияси билан ҳамкорликда учинчи бор ташкил қилинган мазкур турнир пойтахтимиздаги Миллий кинология марказида бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган мусобақада Давлат божхона қўмитасининг Марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, «Тошкент-Аэро» ИБК, Олий ҳарбий божхона институти ва Миллий кинология марказининг 40 нафарга яқин шахмат ҳаваскорлари 18 жамоа таркибида ўзаро беллашишди.
ФИДЕ Халқаро шахмат федерацияси қоидаларига мувофиқ, швейцарча тизим асосида ўтказилган анъанавий шахмат турнири қизғин ва муросасиз кечди. Ўтган йилги турнирда кучли учликдан Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати, Қашқадарё ва Андижон вилояти божхона бошқармалари жамоалари жой олган эди. Бу гал Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати 1-ўринни ўзида сақлаб қолди. Кейинги ўринларни эса Сурхондарё ва Наманган вилояти божхона бошқармалари жамоалари мос равишда қўлга киритишди.
Шахсий кўрсаткичлари бўйича ўтган йили ҳам ғолибликни қўлга киритган Марказий аппарат жамоаси аъзоси М.Мирбобоев 8,5 очко билан чемпионлик мақомини ўзида сақлаб қолди. Мусобақа дебютанти сурхондарёлик А.Маткулиев эса 2-ўринга сазовор бўлди. У билан тенг, яъни 7 очко жамғарган Марказий аппарат жамоаси аъзоси З.Холмонов эса 3-ўринга муносиб кўрилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур турнир натижаларига кўра энг яхши натижаларни қайд этган иштирокчилар орасидан Давлат божхона қўмитасининг терма жамоаси шакллантирилади. Мазкур жамоа «Динамо» жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг XXIV Спартакиадаси тақвимига мувофиқ жорий йилнинг 8-9 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган шахмат мусобақасида ДБҚ шарафини ҳимоя қилади. Дарвоқе, ўтган йили Давлат божхона қўмитаси мазкур мусобақада фахрли 2-ўринни қўлга киритган эди.
Ғолибларни тақдирлаш маросимида мусобақа совриндорларига медаллар, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.
ДБҚ Ахборот хизмати.