Ҳақ тўланмайдиган таътилни расмийлаштираётганда қандай 12 ойлик даврни ҳисобга олиш керак: календарь йилними ёки аввалги таътилдан кейинги 12 ойними? Масалан, ходим ҳақ тўланмайдиган таътилни 2015 йилнинг сентябридан декабрига қадар олса, кейинги гал уни 2016 йил февралида олиши мумкинми?
ХК бухгалтери.
– Ходимларга ҳақ тўланмайдиган таътилни 12 ойлик давр мобайнида жами 3 ойдан кўп бўлмаган муддатга бериш мумкин. Меҳнат кодексининг 150-моддасида календарь йил эмас, айни 12 ойлик давр белгиланган. Шу сабабли ҳам уни ҳақ тўланмайдиган таътил расмийлаштирилган санадан бошлаб ҳисоблаш керак. Чунончи, ходимга 2015 йил 2 сентябрдан 30 ноябрга қадар ҳақ тўланмайдиган таътил берилса, 2016 йил 1 сентябргача унда ҳақ тўланмайдиган таътил олиш ҳуқуқи бўлмайди. Агар ходимга бир ойга – 2015 йил 2 сентябрдан 30 сентябрга қадар ҳақ тўланмайдиган таътил берилса, 2016 йил 1 сентябргача (1 сентябрь ҳам киради) унда яна 2 ойга ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқиш имконияти бўлади.
Светлана КИМ, «Norma Ekspert» мутахассиси.