Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш тартиби тўғрисида низомда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ҳисоблашнинг қуйидаги формуласи келтирилган: Мд = (1 - И / Т) х 100%, бу ерда: Мд – маҳсулотни маҳаллийлаштириш даражаси; И – импорт қилинадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмларнинг валютадаги қиймати; Т– маҳсулот бирлигининг ишлаб чиқариш таннархи.
Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра асосий ишлаб чиқариш воситаларининг амортизацияси маҳсулот ишлаб чиқариш таннархининг (яъни Т кўрсаткичининг) таркибий қисми ҳисобланади.
Маҳсулотни маҳаллийлаштириш даражасини ҳисоблашда импорт қилинаётган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмларнинг валюта қийматида импорт ускунанинг амортизацияси ҳисобга олиниши керакми?
М.Филимонцев,
ҚК АЖ бош директори.
– Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 21.07.2010 йилдаги 154-сон Қарорига 1-илова) кўра лойиҳани Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш тўғрисида таклиф билдириш учун асос бўлиб унинг параметрлари муайян мезонларга мувофиқ бўлиши, хусусан, маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун қувватлар ва маҳаллий хом ашё ресурсларининг мавжуд бўлиши ҳисобланади. Мазкур мезон ишлаб чиқариш қувватларини маҳаллийлаштириб берувчилардан харид қилинган ва импорт қилинган асосий воситаларга ажратишни назарда тутмайди.
Бундай бўлиш Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган) ҳам йўқ. Ишлаб чиқариш таннархи таркибига уларнинг манбаидан қатъи назар, ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган асосий воситалар амортизацияси киритилади.
Бинобарин, маҳаллийлаштириш даражаси ҳисоб-китоби чоғида импорт ускунасининг амортизацияси маҳсулот бирлигининг ишлаб чиқариш таннархи таркибига киритилади ва импорт қилинаётган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмларнинг валюта қийматига ҳеч ҳам таъсир кўрсатмайди. Яъни маҳаллийлаштириш даражаси маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот қандай ускунада ишлаб чиқарилаётганлигига боғлиқ эмас.
Игорь АИПКИН,
«Faba-Eхpert» МЧЖ.