Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 33-34 / Божхона

«Made in Uzbekistan» қандай тасдиқланади?

Хорижлик буюртмачиларимиз бизга маҳсулотимизни Ўзбекистондан экспорт қилаётганда олиб кириладиган мамлакатда имтиёзларга эга бўлиш учун унинг келиб чиқиш сертификатларини расмийлаштиришни тавсия қилдилар.

Бундай сертификатларни олиш тартиби қандай ҳужжат билан белгиланади? Биз қаерга мурожаат қилишимиз керак?

У.Қурбонов.

 

– Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаштирувчи ваколатли орган Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (ТИАИСВ) ҳисобланади. Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат, башарти унинг зарурлиги шартномаларда, товар олиб кириладиган мамлакатнинг миллий қоидаларида қайд этилган ёки мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларида назарда тутилган бўлса, шунингдек экспорт қилувчининг талаби бўйича берилади. ТИАИСВнинг таркибий бўлинмаси – Тошкент шаҳри, Паркент кўчаси, 51-уйда жойлашган (тел./факс 238-53-57) «Ўзбекэкспертиза» АЖ ва унинг минтақавий шуъба корхоналари сертификатлаштириш бўйича эксперт органи ҳисобланадилар.

Товарнинг келиб чиқиш сертификатини олиш таомилини Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (ТИАИСВ, МВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 13.08.2010 йилда 2131-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) тартибга солади.

 

ҲУЖЖАТЛАР

Сертификат олиш учун экспорт қилувчи товар юклаб жўнатиладиган жойдаги ваколатли органга Низомга 1-иловада келтирилган шаклда ёзма ариза тақдим этиши керак. Аризага раҳбар ёки ваколатли масъул шахснинг имзоси ва ташкилот муҳри билан тасдиқланган қуйидаги ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади:

Ўзбекистоннинг ваколатли органларида рўйхатга қўйилган ёки ҳисобга олинган етказиб берувчи ва харидор ўртасидаги шартнома;

экспорт қилинаётган товарга ҳисобварақ-фактура (инвойс);

ишлаб чиқарувчи (тайёрловчи), экспорт қилинаётган товарни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё ва қисмларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар (хом ашёни етказиб бериш бўйича шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ёки республикага хом ашё ёки қисмларни олиб киришдаги божхона юк декларациялари);

товарни тайёрлаш технологик жараёнининг бажарилишига асос бўладиган ҳужжатлар.

Агар сертификатланадиган товарлар ишлаб чиқарилишида импорт қилинган қисмлар, хом ашё материаллари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлатилган бўлса, қўшимча равишда товарнинг фойдаланилган материалларнинг қийматини ҳисобга олган ҳолда таннархининг ҳисоби (товарларнинг келиб чиқишини адвалор улуш қоидаси бўйича аниқлаш зарурати бўлган ҳолларда); товар позициясининг (товар тасниф кодининг) товарни қайта ишлаш натижасида содир бўлган ТИФ ТН бўйича дастлабки тўртта код белгисининг исталган бири даражасида ўзгаришининг асоси (келиб чиқиш мезони алоҳида айтиб ўтилмаган ҳолларда) тақдим этилади.

 

ЭКСПЕРТИЗА

Ўзбекистондан экспорт қилинадиган товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш бўйича экспертиза ва сертификатни расмийлаштириш ариза берилган санадан бошлаб 3 иш куни давомида амалга оширилади. Эксперт уни олиб чиқилаётган товарни тайёрлашнинг ишлаб чиқариш жараёнини ўрганиш ва буюртмачи тақдим этган тасдиқловчи ҳужжатларнинг талабларга қанчалик мувофиқлигини синчиклаб таҳлил қилишдан бошлайди.

Агар ариза берувчи экспорт қилинаётган маҳсулотнинг ишлаб чиқарувчиси бўлмаса, баёнот берилган товар туркумининг мавжудлиги текширилади. Агар унинг ўзи экспорт қилинаётган товарни ишлаб чиқарса, уни ишлаб чиқариш учун объектив шароитлар текширилади.

Эксперт экспорт қилинаётган товар Ўзбекистонда тўлиқ ишлаб чиқарилган маҳсулот эканлиги ёки етарлича қайта ишланган маҳсулот эканлигини аниқлаши керак. Агар текшириш товарнинг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилганлигини тасдиқласа ва унинг келиб чиқиш мезонини белгиласа, белгиланган шаклда экспертиза далолатномаси тузилади (Низомга 2-илова). Унда тақдим этилган барча ҳужжатлар, текшириш натижалари кўрсатилади ва товарнинг келиб чиқишини белгилашнинг аниқ асоси берилади. Экспортчининг хоҳишига кўра далолатнома экспорт қилинаётган товарнинг бутун шартномавий ҳажмига ёки унинг туркумига расмийлаштирилади. Эксперт экспертизанинг объективлиги, сифати ва ўз вақтида ўтказилиши ҳамда далолатноманинг лозим даражада расмийлаштирилиши учун жавобгардир.

 

Маълумот учун! Далолатнома бир нусхада расмийлаштирилади, у эксперт хулосасини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг нусхалари билан бирга ваколатли органнинг архивида камида 3 йил давомида сақланади.

 

Агар экспертиза товарни Ўзбекистонда «етарлича қайта ишлаш» мезонига риоя этилмаганлиги ёки уни ишлаб чиқарувчи мамлакатни белгилаш мумкин эмаслигини аниқласа, экспортчига аниқ сабабларни кўрсатган ҳолда тақдим этилган маҳсулот ЎзРда ишлаб чиқарилган товар сифатида баҳоланиши мумкин эмаслиги тўғрисида эксперт хулосаси берилади.

 

СЕРТИФИКАТ

Сертификат юклаб жўнатишга тайёр товар туркумига расмийлаштирилади. Преференциялар бош тизимига мувофиқ преференциялар берадиган хорижий мамлакатларга экспорт қилинадиган товарга А шакли бўйича, МДҲ мамлакатларига экспорт қилинса – СТ-1 шакли бўйича, бошқа мамлакатларга экспортда – умумий шаклда ёки Ўзбекистон тузган битимларнинг талабларига мувофиқ сертификат расмийлаштирилади.

 

Маълумот учун! Экспортчининг хоҳишига кўра сертификат ташилаётган товарнинг алоҳида бирликларига берилиши мумкин.

 

Қоидага кўра сертификат қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак: экспортчи ва импортчининг номлари ва манзиллари; транспортда ташиш воситалари ва ҳаракатланиш маршрути (қанчалик аниқлигига қараб); ўринлар сони ва ўраб-жойлаш тури; товарни идентификациялаш учун зарур бўлган барча маълумотларни ўз ичига олувчи товарнинг баёни; брутто ва соф оғирлиги (ушбу кўрсаткичлар бошқалар билан, масалан, товар бирликлари сони ёки ҳажми кабилар билан алмаштирилиши мумкин, башарти товарни транспортда ташишда унинг вазни сезиларли даражада ўзгарса ёки бу бирликлар товарнинг ушбу турига стандарт қўлланилса); ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси.

Сертификат ваколатли шахс томонидан имзоланади ва ваколатли органнинг муҳри билан тасдиқланади. Сертификатнинг гувоҳлантириш жойи (шаҳри) ва санаси, шунингдек ваколатли органнинг номи ва тўлиқ манзили кўрсатилади. Сертификатларнинг, уларни тасдиқлаш мажбурияти зиммасига юклатиладиган шахслар имзоларининг намуналари ва ваколатли орган муҳрларининг босма нусхалари ЎзР ДБҚга, шунингдек бошқа давлатларнинг ваколатли органларига юборилади.

Маълумот учун! Ариза берувчининг асосланган илтимосига кўра сертификатни товар жўнатилганидан сўнг гувоҳлантириш мумкин. Бу ҳолда, санаб ўтилган ҳужжатларга товарнинг кузатув ҳужжатлари ва божхона органларининг товарнинг жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган божхона юк декларацияси ҳам тақдим этилади. Бундай ҳолларда сертификатнинг «Хизмат белгилари учун» устунида «Кейинчалик берилган» ёзуви қайд этилган бўлиши керак.

Илгари берилган сертификат қайта расмийлаштирилган тақдирда ариза берувчи асосланган ёзма мурожаатга биноан янгисини олиш ҳуқуқига эгадир. Бунда ҳужжатга янги рўйхатдан ўтказиш рақами ва янги сертификат расмийлаштирилган кундаги сана қўйилади.

Маълумот учун! Агар сертификатнинг ҳақиқийлигига ёки ундаги экспорт қилинаётган маҳсулотга тегишли бўлган маълумотларнинг аниқлигига шубҳа туғилса, Европа Иттифоқининг, МДҲ мамлакатлари ва бошқа давлатларнинг органлари Ўзбекистонда расмийлаштирилган ҳужжатни қайтаришлари ёки расмий талаб йўллашлари мумкин. Ушбу ҳолда ваколатли орган сертификатлаш ва сертификатларни тасдиқлашнинг белгиланган тартибига риоя қилинганлигини текширади. Зарур бўлганда мазкур товарнинг экспорт қилувчилари жалб этилади. Бундай текширув натижалари бўйича импортчи-мамлакатнинг сўровнома юборган органига ахборот юборилади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2840 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика