ҚҚС бўйича салбий фарқнинг ўзи нима?
ҚҚС бўйича салбий фарқ деганда бу тўланадиган ҚҚС суммасидан ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасининг ошиб кетиши тушунилади. Одатда, ҚҚС бўйича салбий фарқ ноль даражали ставкада солиқ солинадиган оборотлар бўйича ҚҚСни ҳисоблашда юзага келади.
ҚҚС бўйича салбий фарқ вужудга келган корхона солиқ даври якунида ушбу фарқни қайтариш ташаббускори бўлиб чиқиши мумкин.
Ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган оборот ҳисобига вужудга келган ҚҚС бўйича салбий фарқни қайтариш тартиби Солиқ кодексининг 228-моддаси ва Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисида низом (АВ томонидан 16.05.2008 йилда 1807-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – Низом) билан тартибга солинади.
Низомнинг 5-бандига асосан ҚҚС суммасини қайтариш (солиқлар бўйича қарздорлик бўлмаган тақдирда) солиқ тўловчининг ҚҚСни қайтариш тўғрисидаги аризаси олинган вақтдан бошлаб 20 кун мобайнида амалга оширилади.
Низом билан белгиланган ҚҚСни қайтариш тартиб-таомилини қуйидаги жадвал ёрдамида кўриб чиқамиз:
1. Корхона
|
|
Рўйхатга олинган жой бўйича солиқ инспекциясига керакли ҳужжатлар тақдим этилади
|
|
|
|
2. Туман солиқ инспекцияси
|
|
жавобгар ходим имзоси билан ҳужжатларни қабул қилади 4 иш куни мобайнида ҚҚС бўйича ноль ставкасини қўллашнинг асослилиги, ҳужжатларнинг борлиги ва ишончлилигини текширади қарор қабул қилади (ижобий ёки салбий) қайтариш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинганда солиқ тўловчи аризаси олинган кундан бошлаб 4 иш кунидан кечиктирмай: a) аризачи тақдим этган банк ҳисоб рақамига ўтказиладиган ҚҚСнинг ортиқча суммаси ҳисоб-китобининг барча нусхаларини тасдиқлайди b) хулоса расмийлаштиради ва уни бундан кейин кўриб чиқиш учун тегишли давлат солиқ бошқармасига тақдим этади
|
|
|
|
3. Давлат солиқ бошқармаси
|
|
хулоса олингандан кейин 4 иш кунидан кечиктирмай унинг асослилигини текширади текширилган хулосани ДСҚга тақдим этади ёки ҚҚСни қайтаришни рад этади |
|
|
|
4. ДСҚ
|
|
4 иш куни мобайнида хулосанинг асослилигини текширади, тасдиқлайди ва уни ҚҚСни қайтариш учун Молия вазирлигига топширади ёки ҚҚСни қайтаришни рад этади
|
|
|
|
5. Молия вазирлиги
|
|
ДСҚнинг хулосаси Молия вазирлигининг тегишли бошқармаси томонидан 4 иш куни мобайнида кўриб чиқилади хулоса молия вазирининг тегишли ўринбосари томонидан имзоланади ва ижро учун Давлат бюджети Бош бошқармасига топширилади ёки ҚҚСни қайтаришни рад этади Давлат бюджети Бош бошқармаси 4 иш куни мобайнида тегишли тармоқ бошқармасининг ҚҚСни қайтариш тўғрисида тақдим этган таклифи асосида ҚҚСни қайтаради |
|
|
|
6. ДСҚ
|
|
ҚҚСни қайтариш тўғрисида тегишли давлат солиқ хизмати органларини хабардор қилади
|
|
|
|
7. Солиқ инспекцияси
|
|
Тўлов топшириқномаларининг нусхаларида кўрсатилган ҚҚС бўйича суммани камайтириш тўғрисида солиқ тўловчиларнинг шахсий карточкаларига белги қўяди
|
Молия вазирлиги давлат солиқ хизматининг тегишли органлари билан биргаликда ҚҚС бўйича ортиқча сумма ҳосил бўлиши асослилигини аниқлаш учун ҳужжатларни текширишга ҳақли.
ҚҚС бўйича салбий фарқни қайтариш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?
Салбий фарқ суммаларини қайтариш учун корхона рўйхатга олинган жой бўйича солиқ инспекциясига 4 нусхада ариза тақдим этиши керак. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
солиқ тўловчининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиштириш далолатномаси (далолатнома ҳисобот ойининг 15-санасига қадар тузилади ҳамда календарь ой мобайнида амал қилади);
ҚҚС ҳисоб-китоби;
корхоналарнинг банкдаги ҳисоб рақамига қайтариладиган ҚҚС ҳисоб-китоби;
илгари ҚҚС суммаси қайтарилган бўлса, ҚҚС суммасининг қайтариш санаси, даври ва суммаси тўғрисида маълумот;
ноль даражали ставканинг қўлланилиш шартларига боғлиқ ҳолда қўшимча ҳужжатлар.
Солиқ тўловчининг Молия вазирлигига ёзма мурожаати бўйича ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтариш солиқ тўловчининг бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзларини сўндиришга, шунингдек етказиб берувчи корхоналар солиқ бўйича қарзларни ҳамда бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзларини сўндириш орқали товарлар (ишлар, хизматлар) учун уларга солиқ тўловчининг тўловларини (шу жумладан бўнак тўловларини) тўлаш ҳисобига амалга оширилиши мумкин.
Шунингдек, корхоналар Солиқ кодексининг 228-моддаси Низомнинг 7-бандига биноан қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
Экспорт қилиш натижасида вужудга келган ҚҚС суммасини қайтаришда:
солиқ тўловчининг мансабдор шахси имзолаган ва муҳр билан тасдиқланган контракт нусхаси;
товарларни экспорт режимида божхона расмийлаштирувини амалга оширадиган давлат божхона органининг белгилари билан БЮД нусхаси, шунингдек БЮД йиғма кўчирма реестри;
контракт (товарларнинг юклаб жўнатилган туркуми) бўйича валюта тушумларининг тушганлигини тасдиқловчи банк кўчирмаси ва шахсий ҳисоб рақамдан кўчирмаларнинг йиғма реестри, шунингдек кўчирмаларнинг йиғма реестри;
товарларни республика ҳудудидан тайинланган мамлакатга олиб чиқиш далилини тасдиқлайдиган божхона органлари томонидан белги қўйилган товарларга илова қилинадиган ҳужжатларнинг нусхалари.
Воситачи (ишончли вакил) воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича маҳсулотни реализация қилишида:
солиқ тўловчи билан воситачи ёки ишончли вакил ўртасидаги воситачилик шартномаси ёки топшириқ шартномаси (шартноманинг кўчирма нусхаси);
солиқ тўловчининг топшириғига кўра (воситачилик шартномаси ёки топшириқ шартномасига мувофиқ) экспортга товарлар етказиб беришни амалга ошираётган шахснинг товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига етказиб бериш учун чет эллик шахс билан тузилган контракти (контрактнинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси);
товарларни экспорт режимига чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг белгиси қўйилган БЮДнинг кўчирма нусхаси;
чет эл валютасида реализация қилинган товарлар учун тушум воситачининг, ишончли вакилнинг ёки солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварағига келиб тушганлигини тасдиқловчи банк ҳужжатидан кўчирмаларни ёки уларнинг кўчирма нусхалари.
«Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимига жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш бўйича ишлар (хизматлар)ни бажариш (кўрсатиш), шунингдек чет эл юкларини Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ташиш (транзит ташишлар)да вужудга келган ҚҚС суммасини қайтаришда:
солиқ тўловчининг мансабдор шахси имзолаган ва муҳр билан тасдиқланган товарларни қайта ишлаш бўйича хизматларни кўрсатиш, ишларни бажариш учун контрактлар нусхаси;
шахсий ҳисобварақдан юқорида кўрсатилган бажарилган иш (кўрсатилган хизмат)ларга тўловларни тасдиқловчи банк кўчирмаси ва йиғма реестр кўчирмаси;
солиқ тўловчининг мансабдор шахси имзолаган ва муҳр билан тасдиқланган, ишлар (хизматлар) сотувчи ва харидор томонидан имзоланган ишлар бажарилганлиги, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси.
Чет эл дипломатия ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг расмий фойдаланиши учун товарлар (ишлар, хизматлар) сотилишидан вужудга келган ҚҚС суммасини қайтаришда:
солиқ тўловчининг мансабдор шахси томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган белгиланган шаклда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуранинг нусхаси.
Аҳолига сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти, газ таъминоти бўйича коммунал хизматлар кўрсатишдан вужудга келган ҚҚС суммасини қайтаришда:
ноль даражали ставка қўлланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси:
сув таъминоти ва канализация бўйича – сув сотиш ва канализация хизматларини кўрсатганлик тўғрисида маълумот;
иссиқлик таъминоти бўйича – иссиқлик энергиясини сотганлиги тўғрисида маълумот;
газ таъминоти бўйича – табиий ва сиқилган газни сотганлиги тўғрисида ҳисобот.
Ички бозорда ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотлари (калава, газмол, трикотаж полотно ва пахтани йигириш чиқиндилари)ни эркин муомаладаги валютага ҚҚСни ноль даражали ставкасини қўллаш билан ярим тайёр маҳсулотлардан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг камида 80 фоизи экспортга йўналтирилишини назарда тутиб сотилишидан вужудга келган ҚҚС суммасини қайтаришда:
солиқ тўловчининг мансабдор шахси имзолаган ва муҳр билан тасдиқланган тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотларни етказиб беришга оид контракт нусхаси;
тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотларнинг экспортчи корхонага жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиланган шаклда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактураларнинг нусхалари;
текстиль ярим тайёр маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг камида 80 фоизи экспортга сотилганлиги тўғрисида белгиланган шакл бўйича ўтган ҳисобот даври учун экспорт маҳсулотлари ҳажми тўғрисидаги маълумотни илова қилган ҳолда корхона-экспортёрнинг хати.
Йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш бўйича хизматлар кўрсатишдан вужудга келган ҚҚС суммасини қайтаришда:
солиқ тўловчи томонидан имзоланган ва унинг муҳри билан тасдиқланган йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш бўйича ягона халқаро ташиш ҳужжатлари реестри (Реестрнинг шакли МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 21.06.2013 йилда 1807-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қарори билан тасдиқланган).
Тақдим этилаётган ҳисоб-китоблар, бирламчи ҳужжатлар ва бошқа материаллар, шунингдек улар нусхаларининг ишончлилиги ва асослилиги, тўлов ҳужжатларининг тўғри ва ўз вақтида расмийлаштирилиши, уларни тўлашга ўз вақтида тақдим этиш, маблағларни ўтказиш ва мақсадли тўлов бўйича қайд этиш учун шахсан жавобгарлик солиқ тўловчиларнинг раҳбарлари ҳамда бош бухгалтерлари зиммасига юкланади.
Материалларни солиқ маслаҳатчиси
Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.