Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 31 / Божхона

Тақиқланган товарлар тўғрисида батафсил

Яқинда pochta.uz сайтида Ўзбекистонга олиб кириш тақиқланган товарлар ва ашёларнинг рўйхатини ўқидим. Унда қисқача рўйхат берилган. Олиб кириш тақиқланган ашёларнинг янада тўлиқроқ рўйхати бор-йўқлиги ва ушбу рўйхатни қаердан топиш мумкинлиги тўғрисида билмоқчи эдим.

И.Хўжаев.

 

– Мамлакатимизга импорт қилиш (олиб кириш) тақиқланган буюмларнинг рўйхати Президентнинг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармонига (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон) 5-иловада белгиланган. Булар – давлат ва ижтимоий тузумни қўпоришга, ҳудудий яхлитликни бузишга, сиёсий мустақиллик ва давлат суверенитетига қарши қаратилган, урушни, террорчиликни, зўравонликни, миллий устунликни ва диний нафратни, ирқчилик ва унинг турлари (антисемитизм, фашизм)ни тарғиб қилувчи матбаа маҳсулотлари, қўлёзмалар, клишелар, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудиомаҳсулотлар, грампластинка ёзувлари, овоз материаллари, шунингдек порно­график мазмундаги материаллар.

 

ХАЛҚАРО ПОЧТА ЖЎНАТМАЛАРИ (ХПЖ) ҲАҚИДА

Президентнинг 27.04.2015 йилдаги ПҚ-2339 Қарорига кўра Ўзбекистон Бутунжаҳон почта уюшмасининг Умумий регламентига (Доха, 11.10.2012 йил), Бутунжаҳон почта конвенциясига (Доха, 11.10.2012 йил), Бутунжаҳон почта конвенциясининг Якуний баённомасига (Доха, 11.10.2012 йил), Почта тўлов хизматлари тўғрисидаги битимга (Доха, 11.10. 2012 йил) қўшилган. Бинобарин, истисносиз барча ХПЖга Бутунжаҳон почта уюшмасининг ушбу ҳужжатларида назарда тутилган қоидалар, тақиқ ва чеклашлар татбиқ этилади. Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидалари (Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг АВ томонидан 18.04.2011 йилда 2219-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) ушбу халқаро ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ келади. Ана шу Қоидаларга 3-иловада Жўнатилиши тақиқланган ва чекланган предметлар ва моддалар рўйхати келтирилган. Рўйхат анча кенг ва батафсил қайд этилган.

Чунончи, халқаро почта жўнатмаларида қуйидагиларнинг жўнатилиши тақиқланади:

ўқотар, сигналли, пневматик, газли қуроллар, ўқ-дорилар, совуқ қурол (жумладан, отиладиган), электрошок қурилмалари ва учқунли разрядниклар, шунингдек ўқотар қуролнинг асосий қисмлари, жиҳозланмаган портлаш қурилмалари ва ўқ-дорилар, шу жумладан, жиҳозланмаган гранаталар, снарядлар ва бошқа ўхшаш предметлар, шунингдек шундай қурилмалар ва предметларнинг муляжлари;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп, кучли таъсир этадиган, радиоактив, портлайдиган, заҳарли, ўювчи, осон алангаланадиган ва бошқа хавфли моддалар;

Ўзбекистон Республикасининг пул белгилари ва хорижий валюта (Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва унинг муассасалари томонидан юбориладиганларидан ташқари);

ахлоқсизлик ёки бузуқлик хусусиятидаги предметлар;

контрафакт ва қароқчилик предметлари;

олиб кириш ёки муомалада бўлиши тайинланган мамлакатда тақиқланган предметлар;

ўзининг хусусиятига ёки ўровланишига кўра почта ходимлари ёки оддий аҳоли учун хавф туғдириши, бошқа жўнатмаларни ва почта ускунасини ифлос қилиши ёки бузиши мумкин бўлган предметлар;

жорий ва шахсий ёзишма мазмунидаги ҳужжатлар, шунингдек жўнатувчи ва олувчи бўлмаган шахслар ёки улар билан яшовчи шахслар алмашинадиган оддий ва буюртма хатлар, почта варақчалари ва бандероллар;

тирик ҳайвонлар.

Шунингдек Рўйхатда кўрсатилишича, тегишлича ўрамдаги босма нашрлар ва кўзи ожизлар учун мўлжалланган жўнатмалар ҳеч қандай аннотацияга эга бўла олмайди. Улар жорий ёки шахсий ёзишма мазмунидаги ҳеч қандай ҳужжатларни ичига ололмайди; тамғаланган ёки тамғаланмаган ҳеч қандай маркаларни, тўлов бланкаларини, пул қийматига эга бўлган ҳеч қандай ҳужжатларни ўз ичига ололмайди, жўнатмада жойланма сифатида жўнатувчининг манзили босилган бандероль ёки варақча, конверт бўладиган ҳоллардан ташқари.

Маълумот учун. Халқаро хатлар ва қиймати эълон қилинмаган посилкаларда тангалар, банк ва кредит чипталари ёки даъвогарнинг бирор-бир қимматбаҳо буюмлари, йўл чеклари, платина, олтин ёки кумушдан ясалган буюмлар ёки ишлов берилмаган кўринишдаги қимматбаҳо тошлар, заргарлик буюмлари ва бошқа қимматбаҳо предметларни жўнатиш тақиқланади.

Айтиш жоизки, ана шу 3-иловада маълум шарт-шароитларда халқаро почта, курьерлик жўнатмаларида жўнатиш рухсат этилган предметлар қайд этилган, булар:

а) маданий бойликлар – Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг махсус қарорлари билан ва бошқа ваколатли органлар томонидан шундай ҳуқуқ берилган ташкилотлар томонидан;

б) Ўзбекистон миллий валютасидаги тангалар ва банкнотлар – хорижий банклар билан валюталар намуналарини алмашиниш тартибида ва нумизматика мақсадларида;

в) ташкилотлар томонидан, ваколатли органлар томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича қуйидагиларни жўнатишга рухсат этилади:

илмий-тадқиқот ишларининг натижалари, ноу-хау, ихтиролар – Интеллектуал мулк агентлиги томонидан;

санъат асарлари – Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ўсимликлар ва ҳайвонлар – Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан;

доривор воситалар, тиббиёт мақсадларидаги маҳсулотлар (буюмлар) ва тиббиёт техникаси – Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техникалар сифатини назорат қилиш бош бошқармаси томонидан;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тиббиёт ёки илмий мақсадларда, уларни жўнатиш рухсат этиладиган мамлакатларга ва расмий келишувга мувофиқ – соғлиқни сақлаш органлари томонидан миллий хавфсизлик хизмати, ички ишлар идоралари билан келишилган ҳолда бериладиган сертификатлар асосида ва гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссиясининг тегишли рухсатномаси билан;

ов қилиш чекланган ёки вақтинчалик тақиқланган ўсимликлар ва ҳайвонлар – Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини бош давлат инспекцияси, Давлат ветеринария бош бошқармаси ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тегишли тақиқлар ва чекловлар амал қилиши даврида.

 

Маълумот учун. Маданий бойликлар бўлган почта, курьерлик жўнатмаларини жўнатишда жўнатувчи почта алоқаси объектига Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Маданий бойликларни чет эллардан олиб келиш ва чет элга олиб кетиш назорати бўйича бадиий экспертизалар бошқармасининг рухсатномасини тақдим этиши керак, бу рухсатнома почта, курьерлик жўнатмасининг ичига қўйилади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 3976 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика