Муддати кечиктирилган дебиторлик ва кредиторлик қарзини қисқартириш бўйича республика комиссиясининг 5.05.2015 йилдаги мажлиси баённомасига кўра корхонамиздан солиқлар бўйича пеня ҳисобдан чиқарилган. Солиқ кодексининг 136-моддасига кўра, солиқ тўловчининг бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобдан чиқарилган суммалари даромад таркибига киритилмайди. Ушбу пенялар 30.06.2015 йилгача кечиктирилган.
Бухгалтерия ҳисоби ва фойда солиғи ҳисоб-китобида пенянинг ҳисобдан чиқарилишини қандай қилиб тўғри акс эттириш мумкин?
А.Тўраев,
УШК бош бухгалтери ўринбосари.
– Саволингиздан Муддати кечиктирилган дебиторлик ва кредиторлик қарзини қисқартириш ҳамда бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича республика комиссияси корхонангизга ҳисобланган пеняга нисбатан айни қандай қарор қабул қилганлиги унчалик тушунарли эмас – пеняни тўлаш муддати кечиктирилганми ёки у ҳисобдан чиқарилганми?
Бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзларни тўлаш муддатини кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш имконини бериш, пеня ҳисоблашни тўхтатиш, шунингдек пеня ва жарима санкцияларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида низомга2 мувофиқ тўлаш муддатини кечиктириш – қарзларни тўлаш муддатини Республика комиссиясининг баённомадаги қарори билан белгиланган санага қадар кўчириш демакдир. Яъни тақдим этилган тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) муддати мобайнида солиқ тўловчи тўлаш муддати кечиктирилган тўловларнинг бутун суммасини қарзларни сўндиришнинг тасдиқланган жадвалига ёки Республика комиссияси белгилаган бошқа муддатларга мувофиқ тўлаши шарт.
Пеняни ҳисобдан чиқариш ҳолатида солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағи карточкасида қайд этилган бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзингиз ҳисоблаб ёзилган пеня суммасига камайтирилади. Пеняни ҳисобдан чиқариш санаси бўлиб Республика комиссияси мажлисининг баённомаси билан тасдиқланган сана (қарор қабул қилиш санаси) ҳисобланади.
Мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар бошқа даромадларга киритилади (Солиқ кодекси 132-моддасининг 7-банди). Бироқ фойда солиғи солиш мақсадида Солиқ кодексининг 136-моддасида белгиланишича, солиқ тўловчининг бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобдан чиқарилган суммалари даромад таркибига киритилмайди.
Ҳисобдан чиқарилган пеня суммасига қуйидагича бухгалтерия ёзуви амалга оширилади:
дебет 6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)»
кредит 9360-«Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар».
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ҳисоб-китобида3 пеняни ҳисобдан чиқаришдан даромад қуйидагича акс эттирилади:
010-«Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўлангунга қадар фойда (зарар)» сатрида («Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот» 2-сон шаклнинг 240-сатри) – фойда солиғи тўланишига қадар умумий фойда таркибида;
014-«шу жумладан бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобдан чиқарилган суммалари» сатрида;
110-«Солиқ солиниши лозим бўлган фойда» сатрида – пеняни ҳисобдан чиқаришдан даромад солиқ солинадиган фойда белгиланаётганда чегирилади.