Давлат божхона қўмитаси Олий ҳарбий божхона институтида «Таълим жараёни ва касбий фаолиятда ахборот технологиялари» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мудофаа вазирлиги Қуролли кучлари академияси ҳамда бир қатор фуқаролик ва ҳарбий таълим муассасаларининг раҳбар ва етакчи ходимлари, шунингдек ДБҚ марказий аппаратининг етакчи мутахассислари, ОҲБИнинг профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.
Конференция ишини очар экан, ДБҚ раисининг биринчи ўринбосари Ш.Хайруллаев мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар жараёнида тизимни такомиллаштириш, божхона иши самарадорлигини янада ошириш ва унинг шаффофлигини таъминлаш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигини таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси фаолиятини ташкил этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» (9.03.2006 йилдаги ПҚ-302-сон) ҳамда «Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» (10.08.2011 йилдаги ПҚ-1595-сон) қарорлари шулар жумласидандир.
Мазкур қарорлар талабларидан келиб чиқиб қабул қилинган ДБҚнинг ахборот-техник сиёсати концепциясига мувофиқ, ахборотларни реал вақт миқёсида йиғиш, назорат ва таҳлил қилиш, қайта ишлашга мўлжалланган электрон ҳужжат айланиши дастурлари яратилди ва амалиётга жорий этилди. Барча дастурлар учун ягона бошқарув тизими ишлаб чиқилиб, ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига бирлаштирилди. Диққатга сазовор жойи шундаки, амалиётга киритилган барча дастурий таъминотлар миллий ишлаб чиқарувчилар томонидан яратилган бўлиб, уларнинг 13 тасига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида давлат ахборот тизимлари сифатида қайд этилган гувоҳномалар олинган.
Биргина «Электрон декларациялаш» ахборот тизими тадбиркорларга декларациялар, товар ва транспорт воситаларига оид ҳужжатлар ҳамда ҳисоботларни божхона органларига масофадан туриб электрон тақдим этиш ва расмийлаштириш имконияти яратилди. Интернет орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда божхона юк декларацияларини тақдим этиш имконияти яратилиб, 2014 йилда экспорт-импорт операциялари юзасидан расмийлаштирилган божхона юк декларацияларининг 402 мингдан ортиғи ёки 98,7 фоизи электрон тарзда тақдим этилди.
Тизимда кенг қўлланилаётган илғор ахборот технологияларидан янада самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида малакали мутахассисларни тайёрлаш Олий ҳарбий божхона институти олдидаги энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Шу мақсадда таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари, электрон декларациялаш, «бир дарча» тизими ва бошқа ахборот тизимларини ўқитиш ўқув дастурларида муҳим ўрин эгаллаган.
Конференциянинг ялпи мажлисида ёшларнинг ахборот маҳсулотларига бўлган эҳтиёжлари, глобаллашув жараёнларида ахборот хуружлари, Ўзбекистонда «электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш истиқболлари, божхонада электрон декларациялаш каби долзарб ва қизиқарли мавзуларда сўз юритилди.
Конференция секцияларида таклиф этилган етакчи мутахассислар, олимлар ва профессор-ўқитувчиларининг чуқур таҳлилий маърузалари тингланди.
Конференцияда таълим-тарбия соҳасини ислоҳ қилишнинг асосий омилларидан бири бўлган таълим жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича эришилган ютуқ ва натижалар ўртоқлашилди, ижобий тажрибалар ўрганилди, замонавий ахборот технологияларини кенг қўллашга оид амалга оширилган тадқиқот ишлари билан танишиш имконияти туғилди, уларни янада ривожлантириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
ДБҚ Ахборот хизмати.