Корхонамиз полипропилен қувурлар ва фитингларни ишлаб чиқариш ҳамда сотиш билан шуғулланади. Уларни сотиш чоғида биз декларациялашни амалга оширамиз ва божхона тўловларини, шу жумладан 20% ҚҚСни тўлаймиз. Тўловларни қайта ҳисоблаб, 2013 йилдан 2015 йилга қадар камида 80 миллион сўм миқдорида божхона тўловларини ортиқча тўлаганлигимизни аниқладик. Уларни қайтариш (бўлғуси тўловлар ҳисобига киритиш) учун БҚТни расмийлаштирдик. Бироқ божхона органи ДБҚнинг йўриқномасига асосланиб, ортиқча тўланган тўловларни фақат йил мобайнида қайтаришини билдирди.
2013–2015 йилларда амалга оширилган ортиқча тўловни қайтариб олиш мумкинми?
Ф.Абдуллаев,
ШК юристи.
– Божхона кодексининг (БК) 103-моддасига асосан ҚҚС божхона тўловларига киради. БКнинг 113-моддасига мувофиқ ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари бундай тўловлар тўланган ёки ундирилган пайтдан эътиборан 1 йил ичида тўловчининг талабномаси бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қайтарилиши ёхуд бўлғуси тўловлар ҳисобига ўтказилиши лозим.
Буни Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини қайтариш тўғрисидаги йўриқнома (ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.07.2000 йилда 947-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳам тасдиқлайди, унга кўра тўловчи фаолият зонасида божхона расмийлаштируви амалга оширилган божхона органига тўловлар тўланган ёхуд ундирилган пайтдан бошлаб 1 йил мобайнида уларни қайтариш ёки бўлғуси тўловлар ҳисобига инобатга олиш талаби билан мурожаат қилиши мумкин.
Олий хўжалик суди Пленумининг «Хўжалик судлари томонидан божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги Қарорида (24.04.2009 йилдаги 197-сон) божхона тўловларини қайтариш муддатлари ва тартиби масаласи қуйидагича талқин қилинади: судлар БКнинг 113-моддаси биринчи қисми билан белгиланган божхона тўловларини қайтаришнинг бир йиллик муддати даъво муддати эмаслигини ҳисобга олишлари керак. Бу – тўловчилар божхона органларига ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари суммаларини қайтариш (бўлғуси тўловлар ҳисобига инобатга олиш) тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш учун муддатдир.
Агар судга даъво аризаси берилгунгача тўловчи 1 йил мобайнида пул маблағларини қайтариш (инобатга олиш) тўғрисида божхона органларига ариза билан мурожаат этмаган бўлса, иш юритиш тугатилади, чунки даъвогар судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлади, бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилганда бундай тартибни қўллаш имконияти йўқотилган бўлади (Хўжалик процессуал кодексининг 86-моддаси 8-банди).
Шу тариқа, сиз ҚҚС тўлаган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида ортиқча ҳисобланган тўловни қайтаришга доир ўз ҳуқуқингиздан фойдаланишингиз мумкин.
Агар бир йил мобайнида божхона органига уни қайтариш тўғрисида ариза билан мурожаат этмаган бўлсангиз, ХПКнинг 86-моддасига мувофиқ у амалга оширилмайди.
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Profi» эксперти.
– Сизнинг вазиятда муддати 1 йилдан ошмайдиган ортиқча тўланган божхона тўловларини белгилашни тавсия қиламиз. Шундан кейин божхона органига уларни қайтариш ёки бўлғуси тўловлар ҳисобига инобатга олиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш керак.
Павел СИЛЬНОВ,
адвокат.