Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 16 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

ЯСТ бўйича хатоликлар аниқланди

Ягона солиқ тўловининг нотўғри ҳисоблаб ёзилиши ва тўланиши молиявий ҳисоботга салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек пеня ва жарималарга олиб келади, кредиторлик қарзлари бўйича хатоликларни юзага келтиради. ЯСТни ҳисоблаб ёзишда йўл қўйиладиган хатоликлар ҳақида «Kreston Tashkent» АТ аудитори Тимур ҚОДИРОВ сўзлаб беради.

 

1-хато

БИЛДИРИШНОМА МУДДАТЛАРИГА РИОЯ ҚИЛМАСЛИК

Солиқ органларининг ушбу қарор ҳақида ўз вақтида хабардор қилинмаганлиги оқибатида ЯСТ тўлашга ўтиш тартиби бузилади.

Солиқ кодексининг (Кодекс) 351-моддасига мувофиқ фаолият кўрсатаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар кейинги ҳисобот даври бошлангунига қадар камида 1 ой аввал, янги ташкил этилганлари эса - давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан 15 кундан кечиктирмасдан солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органини ЯСТни тўлашга ўтиши тўғрисида ДСҚ томонидан белгиланган шаклда ёзма равишда хабардор этади.

 

2-хато

ХОДИМЛАР СОНИ МЕЗОНИНИНГ БУЗИЛИШИ

Ҳисобот даври якунларига кўра кичик корхонадаги ходимларнинг ўртача йиллик сони, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишлаётган ходимлар ҳисобга олинмаганлиги боис, белгиланган меъёрдан ошиб кетди.

Кодекснинг 350-моддасига мувофиқ ходимларнинг ўртача йиллик сонини аниқлашда ўриндошлик, пудрат шартномалари ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимларнинг, шунингдек унитар (шуъба) корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганларнинг сони ҳам ҳисобга олинади.

 

3-хато

КЕЧИКТИРИЛГАН МУДДАТНИНГ КЕЧИКТИРИЛИШИ

Янги ташкил этилган кичик корхона ЯСТ тўлашнинг биринчи муддатидан бир ой ўтгач, ДСИга тўлов бўйича муддатни кечиктириш ҳақида ариза тақдим этиб, фаолиятининг биринчи йилида ЯСТ тўламаган.

Солиқ қарзини тўлаш муддатининг кечиктирилишига доир умумий шартлар Солиқ кодексининг 9-бобида белгиланган.

Кичик корхона мазкур ҳуқуқдан фойдаланишга ҳақли эмас, негаки Янги ташкил этилган микрофирма ва кичик корхоналарга ягона солиқ тўловини тўлаш муддатини кечиктириш ҳуқуқини бериш тартиби тўғрисида низомга1 мувофиқ ЯИТ тўлашнинг биринчи муддатидан камида 15 кун олдин солиқ органига муддатни кечиктириш тўғрисида ариза топшириш лозим. Мазкур Низомнинг талаблари савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига, шунингдек лотереялар ташкилотчиси сифатида фаолиятни амалга оширадиган юридик шахсларга татбиқ этилмайди.

 

4-хато

ШАРТНОМАЛАРНИНГ НОТЎҒРИ РАСМИЙЛАШТИРИЛИШИ СОЛИҚ СОЛИНАДИГАН БАЗАНИНГ НОТЎҒРИ БЕЛГИЛАНИШИГА ОЛИБ КЕЛДИ

Шартнома ва ҳисобварақ-фактурада товарлар (ишлар, хизматлар)га чегирмалар белгиланмаган ва чегирмалар суммасига қуйидаги проводка берилмаган: Кт 9010-“Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар” – Дт 9050-“Харидорлар ва буюртмачиларга берилган чегирмалар”.

Мазкур ҳолатда фискал органлар чегирмани ҳисобга олмасдан жами тушумга солиқ солинади деб эътироф этадилар.

 

5-хато

ҲИСОБВАРАҚ-ФАКТУРАЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШГА ДОИР ТАЛАБНИНГ БУЗИЛИШИ

Қиймати чет эл валютасида кўрсатиладиган ва узилишлар билан етказиб бериладиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактура бир ойда 1 марта ёзиб берилади.

Кодекснинг 222-моддасига мувофиқ тузилган шартномаларнинг шартларига биноан товарларига, ишлари ва хизматларига нархлар (тарифлар) чет эл валютасида белгиланадиган юридик шахслар ҳисобварақ-фактураларни чет эл валютасида ёзиб, айни бир вақтда уни ҳисобварақ-фактура ёзиб берилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича қайта ҳисоблаган ҳолда миллий валютада ифодалайди.

Товарларига, ишлари ва хизматларига нархлар (тарифлар) чет эл валютасида белгиланадиган юридик шахсларнинг ҳисобварақ-фактуралари ҳар бир юклаб-тушириш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш далиллари бўйича ёзилиши лозим. Акс ҳолда валюталар курси ўзгариб турганлиги сабабли сўмдаги даромадлар пасайиши мумкин, бу эса ЯСТни камомад билан ёки ортиқча тўланишига олиб келади.

 

6-хато

АСОСИЙ ФАОЛИЯТДАН ОЛИНГАН БОШҚА ДАРОМАДЛАРНИ нотўғри эътироф этиш

Асосий воситалар тугатилаётганда юзага келган материаллар объектларни ҳисобдан чиқариш бўйича корхона комиссияси томонидан белгиланган қиймат бўйича бошқа даромадлар сифатида кирим қилинган. Бунда ушбу асосий воситаларни тугатиш билан боғлиқ харажатлар ҳисобга олинмаган.

Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган фойда асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган даромаддир (Кодекснинг 133-моддаси).

5-сон БҲМСнинг 53-бандига биноан асосий воситаларнинг чиқарилишидан молиявий натижа (фойда ва зарар) асосий воситаларни чиқаришдан тушган даромаддан уларнинг қолдиқ (баланс) қиймати, асосий воситаларнинг чиқарилиши билан боғлиқ билвосита солиқлар ва харажатларни айириш орқали аниқланади.

Асосий воситаларни тугатишдан олинган молиявий натижа (фойда ёки зарар), мазкур объектни тугатишга доир харажатлар ва яроқли узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар қиймати ҳисобга олинган ҳолда, ҳисобдан чиқарилаётган асосий воситаларнинг дастлабки (тиклаш) қиймати билан жамланган эскириш ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади. Ушбу фарқ резерв капиталини ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдога), яъни аввалги қўшимча баҳоланган суммаларнинг асосий воситалар ушбу объектини аввалги арзонлаштиришлар суммасидан ошишига тузатилади (Асосий воситаларни балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низомнинг2 20-банди).

 

7-хато

СОЛИҚ СОЛИНАДИГАН БАЗАНИНГ НОТЎҒРИ БЕЛГИЛАНИШИ

Кичик корхона туман ҳокимининг қарорига асосан ер участкасини фойдаланишга олди ва унга кадастр ҳужжатларини расмийлаштирди. Участкада 0810-ҳисобварақ бўйича қурилиши тугалланмаган, ҳисобот санасида фойдаланишга туширилмаган омбор ҳисобда турибди. Шу муносабат билан омборга тегишли ер майдони ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олинмаган ва бюджетга тўланадиган солиқ суммаси камайтирилган.

 

* * *

ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилишда бошқа вилоятлардаги филиаллар фаолият юритиши учун ижарага олинадиган хоналар эгаллаган майдон ҳисобга олинмаган.

 

* * *

I чоракда кичик корхонада маҳсулот реализация қилинмаган. Тушум мавжуд бўлмаганлиги сабабли ЯСТ тўланмаган, ишлаб чиқариш ва офис эгаллаган майдондан олинадиган ер солиғидан келиб чиққан ҳолда ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисобланмаган.

 

Учала ҳолатда ҳам Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга3 мувофиқ ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқаришда юридик шахслар томонидан мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиладиган ер участкалари ҳисобга олиниши лозимлиги талаби бузилган.

 

8-хато

СТАВКАЛАРНИНГ НОТЎҒРИ ҚЎЛЛАНИЛГАНЛИГИ

Чорак якунларига кўра чакана савдодан тушум ишлаб чиқариш фаолиятидан олинган тушумдан кам бўлган. Мазкур даврда олинган бошқа даромадларга ЯСТнинг 4%лик ставкаси қўлланилган.

Мазкур ҳолатда КК бошқа даромадлардан 5%лик ставка, яъни ишлаб чиқариш фаолиятидан тушум устунлик қилган ставка бўйича ЯСТ тўлаши керак эди.

 

* * *

Корхона воситачилик хизматларини кўрсатишда битим бўйича жами оборотга 6%лик ставка бўйича ЯСТ солган.

Воситачилик шартномаси бўйича хизматлар кўрсатишда воситачилик хизматлари буюртмачиси томонидан воситачига тўланган мукофот ҳақигагина 33%лик ставка бўйича ЯСТ солинади (Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 10-1-илова).

 

* * *

Турғун савдо шохобчаларини ижарага беришдан олинадиган, умумий тушумдаги улуши 60%дан ортиқни ташкил қилган даромадларга одатдагидек хоналарни ижарага беришда хизматлар кўрсатишдан олинган бошқа даромадлар сифатида 6%лик ставка бўйича ЯСТ солинади.

Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарори билан озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш учун турғун савдо шохобчаларини ижарага беришга ихтисослашган корхоналар (ижарага беришдан олинган даромадлар ­60%дан кўпни ташкил этади) ЯСТ ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 30% миқдорида белгиланган (10-1-илова).

 

9-хато

СУҒУРТА ТОВОНИГА ЯСТ СОЛИШ

Корхона суғурта шартномаси бўйича олинган суғурта товонини солиқ солинадиган базага киритди.

Кодекснинг 355-моддасига мувофиқ суғурта шартномалари бўйича суғурта товони (суғурта суммаси) тариқасида олинган маблағлар солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди.

 

10-хато

ОЛИНГАН ДИВИДЕНДЛАР ВА ФОИЗЛАРГА ЯСТ СОЛИШ

Корхона томонидан таъсис қилинган хўжалик юритувчи субъектлардан олинган дивидендлар ва фоизлар солиқ солинадиган базага киритилди.

Кодекснинг 356-моддасига мувофиқ тўлов манбаида солиқ солинадиган дивидендлар ва фоизлар тариқасида олинган даромадлар чегириб ташланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган тушум ЯСТ солинадиган базадир. Корхонанинг ҳисобрақамига келиб тушган, 10% миқдоридаги дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган бундай даромадлардан тўлов манбаида солиқ ушлаб қолиниши лозим (Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ­ПҚ-2270-сон Қарори 3-банди).

 

11-хато

СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИНИНГ НОТЎҒРИ ҚЎЛЛАНИЛИШИ

Маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни реализация қилишдан тушумга солиқ имтиёзлари Махсус идоралараро комиссия томонидан тасдиқлангунига қадар ва корхонада маҳаллийлаштириш лойиҳаси паспорти тасдиқланишидан олдин қўлланилган.

Махсус идоралараро комиссия Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳалари параметрларига тузатишлар киритиш юзасидан дастурга янги лойиҳаларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилади ва маҳаллийлаштириш лойиҳаси паспортини тасдиқлайди (Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини тузиш жараёнида давлат бошқаруви органлари ва лойиҳалар ташаббускорларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида низом4).

 

1МВ, ДСҚ ва ИВнинг АВ томонидан 2.08.2005 йилда 1502-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган

2Молия вазирининг АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

3МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

4Президентнинг 1.12.2009 йилдаги ПҚ-1236-сон Қарорига 1-илова.


Мухбиримиз
Наталья СПИРИДОНОВА
ёзиб олди.

Прочитано: 2419 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика