Қўшма корхона таъсисчиси ўз ўғлининг ўқиши учун олий ўқув юртига корхонадан пул кўчириш йўли билан 5 000 000 сўм миқдорида контракт пулини ўтказиб берди. Шу муносабат билан қўшма корхона ва олий ўқув юрти талабасида қандай солиқ мажбуриятлари вужудга келади?
Ушбу хўжалик операциясини қандай расмийлаштирса, ҳам корхонага, ҳам талабага манфаатлироқ бўлади?
– Мурожаатингиздан кўринадики, корхона таъсисчиси ўғлининг тўлов-контракт асосида ўқиши учун пул ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган. Бунда таъсисчи таъсисчилар йиғилиши раисига ариза билан мурожаат қилиши, тўлов ўтказилиши лозимлиги тўғрисида қарор қабул қилиниши керак. Бундай қарор қабул қилинганидан кейин корхона директори тегишли буйруқ чиқаради, таъсисчи эса тегишли ҳужжатларни корхона бухгалтериясига тақдим этади.
Буйруқ ва тегишли ҳужжатлар асосида бухгалтерия таълим контракти бўйича пулни ўтказади. Ушбу ҳолда бу даромад таъсисчи учун Солиқ кодексининг 178-моддасига асосан бепул олинган даромад сифатида қаралади. Бу маблағлар фарзанднинг таълим контрактига йўналтирилиши сабабли (агар фарзанд 26 ёшга тўлмаган бўлса) Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-бандига асосан солиқ солинмайдиган даромад бўлади.
Солиқ кодексининг 178-моддасига асосан ушбу даромадлар таъсисчи учун бошқа даромадлар бўлганлиги сабабли уларга ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари ҳисобланмайди.
Ўз навбатида, Солиқ кодексининг 171-моддаси 11-бандига асосан юридик шахслар томонидан талабаларнинг таълим олиши учун, Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юрти билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича таълим контракти асосида ўтказиладиган тўловлар ушбу талабанинг даромади сифатида қаралмайди.
Мазкур ҳолда контракт учун ўтказилган пул маблағлари, агар талаба 26 ёшга тўлмаган бўлса, таъсисчи учун ҳам, талаба учун ҳам солиқ оқибатларини юзага келтирмайдиган даромад бўлади.
Таъкидлаш керакки, таъсисчининг талаба фарзанди олий ўқув юртида ўқиши учун тўланадиган тўлов таъсисчининг мурожаати асосида эмас, балки талабанинг ўзининг тўғридан-тўғри корхона раҳбарига ёзма мурожаати асосида ўтказилиши камроқ ҳужжат талаб қиладиган соддароқ операция ҳисобланади.
Жавобларни солиқ маслаҳатчиси Мурод МУҲАММАДЖОНОВ тайёрлади.