Корхонамизнинг асосий фаолият тури трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳисобланади. Корхонамиз «Ўзбекенгилсаноат» ДАК аъзоси эмас. Ҳозирги кунда корхонамизнинг умумий ишчилари сони 99 кишини ташкил қилмоқда. Бир масалага ойдинлик киритиб берсангиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сон Фармонига асосан (2-илова) 2014 йилнинг 1 июлидан бошлаб кичик корхоналарда ходимларнинг чекланган сони йилига ўртача ҳисобда амалдагидан икки баравар, яъни 200 нафарни ташкил қилади. Бизнинг МЧЖ «Ўзбекенгилсаноат» ДАКга аъзо бўлмаган тақдирда ҳам йилига ўртача 200 нафар ходимни ишга олиш ҳуқуқига эгами?
«Kasana Servis» МЧЖ ходимлар
бўлими бошлиғи.
– Ҳар бир корхона давлат рўйхатидан ўтиш давомида ўзининг фаолият тармоғини аниқлаб олади. Бунда Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалиги тармоқларининг умумдавлат таснифлагичидан (ХХТУТ) фойдаланилади. Унда енгил саноатнинг барча соҳалари 17000 рақами остида келтирилган.
Сизнинг корхонангиз Президентимизнинг ПФ-4609-сон Фармонида белгиланган ходимлар сони бўйича таснифланиши мумкин.
Сизнинг МЧЖ «Ўзбекенгилсаноат» ДАКга аъзо бўлмаган тақдирда ҳам, юқоридаги Фармоннинг 2-иловасига мувофиқ, кичик корхона сифатида йилига ўртача 200 нафар ходимни ишга олиш ҳуқуқига эга.
Жавобни «Norma Profi»
эксперти Абдураҳмон БАХТИЕВ тайёрлади.