Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 11 / Даромадларни декларациялаймиз

Опасининг ёрдами чегирилмайди

Мен институтга контракт асосида кириб, ўқиш учун ҳақни пластик картадан (50%ини шахсий карточкамдан, қолган 50%ини опамнинг карточкасидан) тўладим. Солиқ чегирмасидан фойдаланмоқчиман. Қайси вақтгача мен солиқ органларига йиллик даромад тўғрисида декларацияни тақдим этишим мумкин? Мен солиқ чегирмасини бутун контракт суммасидан оламанми ёки шахсан ўзим тўлаган суммаданми? Маблағлар қандай кўринишда қопланади (жорий йилда иш жойимда солиқ ушлаб қолинмайдими, маблағлар иш жойимдан берилган пластик карточкага ўтказиладими ёки стипендиям ўтказиладиган карточкагами)?

М.Мальцев.

 

– Солиқ кодексининг (Кодекс) 192-моддасига мувофиқ декларация қилиниши шарт бўлган даромадларни олган солиқ тўловчилар (Кодекснинг 189-моддаси) доимий яшаш жойидаги солиқ органига жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этишлари шарт. Декларация қилиниши шарт бўлмаган даромадларни олган солиқ тўловчилар декларацияни ихтиёрий равишда тақдим этишлари мумкин. Яъни сиз 2014 йилда олган даромадларингизга боғлиқ ҳолда жами даромадлар тўғрисидаги декларацияни яшайдиган жойингиздаги солиқ инспекциясига 2015 йил 1 апрелдан кечиктирмай мажбурий ёки ихтиёрий равишда тақдим этишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 16-бандига мувофиқ республика олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов талаба томонидан (нақд пул ҳисобига, уларнинг банклардаги омонат ва бошқа ҳисобрақамларидан ёки пластик карталардан фойдаланган ҳолда) амалга оширилганда, солиқ чегирмаси Кодексда назарда тутилган тартибда солиқ органларига жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшириш йўли орқали берилиши мумкин. Бунда солиқ чегирмаси Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар суммасига, солиқ даври учун кўрсатилган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади миқдорида берилади.

Мазкур Низомнинг 2-бандига мувофиқ ЖШДС бўйича имтиёз жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган даромадларини Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида ўзининг ўқиши ёки 26 ёшгача бўлган ўз фарзандларининг ўқиши учун йўналтириладиган суммаларига камайтириш кўринишида берилади. Шу боис сиз ўз пластик карточкангиздан тўлаган суммангизга солиқ чегирмасини олишингиз мумкин. Агар сиз ундан тўлиқ фойдалана олмасангиз (таълим учун тўланган сумма сизнинг жами йиллик даромадингиздан ортиқ бўлса), у ҳолда қўлланилмаган солиқ чегирмаси суммаси ДСИнинг тегишли маълумотномасига асосан ота-онангиз томонидан декларация тақдим этилганда уларнинг даромадларидан солиқни ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олиниши мумкин (Низомнинг 19-банди). Бироқ ака-укалар, опа-сингиллар ва бошқа қариндошлар ушбу имтиёздан фойдалана олмайдилар.

Агар опангиз ўз пластик карточкасидан маблағни сизнинг карточкангизга ўтказиб, сўнгра сиз ўқиш учун ҳақ тўлаган тақдирингизда имтиёздан фойдалана олардингиз. Низомнинг 17-бандига мувофиқ таълим учун тўлов бўйича имтиёзларга бўлган ҳуқуқни тасдиқлатиш учун Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртлари ҳисобрақамига пул маблағлари мустақил тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси тақдим этилиши зарурий шарт ҳисобланади.

Қоплаш тартибига келсак, Кодекснинг 56-моддасига мувофиқ ортиқча тўланган солиқ суммаси бошқа солиқ тўловчининг солиқ қарзини узиш ҳисобига ҳисобга олиниши мумкин эмас. Бошқача айтганда, агар сизда бирор-бир солиқ (ер солиғи, мол-мулк солиғи) бўйича қарздорлик мавжуд бўлса, ортиқча тўланган сумма биринчи навбатда уни қоплашга йўналтирилади.

Бундай ҳисобга олишдан кейин ортиқча тўланган солиқларнинг қолган суммаси солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига пул маблағларини ўтказиш орқали қайтарилиши керак (Кодекснинг 57-моддаси). Агар сизда бундай ҳисобварақ мавжуд бўлмаса, уни очиш керак. Сизга стипендия ва маошингиз ўтказиб бериладиган ҳисобрақамлар банкдаги ҳисобрақамингиз ҳисобланмайди, тегишинча, уларга ортиқча тўланган солиқ суммаси ҳисоблаб ўтказилмайди. Ортиқча тўланган солиқ суммаларини қайтариш солиқ органи қайтариш учун солиқ тўловчининг ёзма аризаси асосида хулоса тақдим этган тақдирда, қайтариш тўғрисидаги ариза топширилган санадан эътиборан 30 иш куни ичида тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади.

 

Лилия ХИСМАТОВА,

«Norma Profi» эксперти. 

Прочитано: 1999 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика