Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 11 / Олий мажлис қонунчилик палатасида

Ҳисоб палатасининг ҳисоботи

11 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди.  

 

Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Ҳисоб палатасининг 2014 йилги ҳисоботини кўриб чиқдилар.

Ҳисоботни эшитиш давомида таъкидландики, Ҳисоб палатаси фаолияти ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом ­Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди.

Ҳисоб палатасининг 2014 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботда қайд этиб ўтилганидек, унинг ишида Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига мувофиқ Давлат бюджети самарали бажарилишига, молиявий маблағлардан мақсадли фойдаланилишига, иқтисодиёт барча соҳаларининг тобора ривожланишини таъминлаш учун мўлжалланган давлат дастурлари ва минтақавий ривожланиш дастурларининг ижросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, 2015 йилги солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда мамлакатимиз Давлат бюджети лойиҳасининг экспертизаси ўтказилди.

Бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган муассасалар мисолида республика ва маҳаллий даражаларда Давлат бюджети ижроси, давлат маблағларининг қонуний, мақсадли ва самарали сарфланиши текширилди. Давлат бюджети даромад қисмининг ҳудудлар ва тармоқлар бўйича шаклланиши тўғрилиги, бюджетнинг моддама-модда ва тўла-тўкис ижро этилиши таҳлил қилинди, бюджет даромадларининг асосий моддалари бўйича прогноз кўрсаткичлари ҳақиқатга тўғри эканлиги баҳоланди.

Ҳисоб палатаси, шунингдек, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари тўлиқ шаклланиши, улардан мақсадли, самарали ва оқилона фойдаланилиши устидан доимий назоратни амалга оширди, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кўпайтириш, харажатларни мақбуллаштириш ва дотация даражасини пасайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижаларини ҳудудларга чиқиб ўрганди.

Парламент қуйи палатаси ялпи мажлисида Ҳисоб палатасининг ўтган йилга доир ҳисоботи эшитилганидан кейин унинг батафсил муҳокамаси бўлиб ўтди, унда барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.

Муҳокамада билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2014 йилги ҳисоботини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

 

ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ИШИНИНГ ДАСТУРИ

 

12 март куни депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисининг илгари тасдиқланган кун тартибидаги масалалар муҳокамасини давом эттирдилар.


Парламент қуйи палатаси аъзолари ўз ишини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари Дастури муҳокамасидан бошлади.

Фракциялар Дастурни тайёрлаш ва тасдиқлаш ишларида иштирок этишда унга сиёсий партиялар сайловолди дастурлари қоидалари нуқтаи назаридан устувор бўлган қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти тадбирларини киритишга алоҳида эътибор қаратдилар. Улар Қонунчилик палатасининг яқин ва ўрта муддатли фаолияти истиқболини белгилайдиган дастурий ҳужжатда ўз электорати манфаатлари, сайловолди ғоялари тўлиқроқ акс этишига ҳаракат қилдилар.

Умуман олганда, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсдаги вазифаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган Дастур миллий парламентимиз фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган. Дастурда таклиф этилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, у демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнидаги яна бир муҳим қадам бўлади.

Депутатлар сифат жиҳатидан янги ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий шароитларда ишлашга тўғри келишини алоҳида қайд этиб ўтдилар. Улар хориж ҳуқуқий амалиётини ҳар томонлама ва чуқур қиёсий таҳлил қилиш асосида қонун ижодкорлиги фаолиятини тубдан яхшилаш, қонун лойиҳалари давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти институтларининг турли даражаларида муҳокама этилишини ташкил қилиш лозимлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, давлат бошқаруви органлари фаолияти, қабул қилинаётган қонунлар, ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиш борасидаги муҳим давлат дастурлари ижроси устидан парламент назоратини сифат жиҳатидан яхшилаш Қонунчилик палатасининг келгусидаги фаолиятининг муҳим йўналишига айланиши лозимлиги билдирилди. Муҳокама чоғида мамлакатимизнинг ягона қонун чиқарувчи органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарасини оширишга қаратилган таклифлар ҳам баён этилди.

Ҳар томонлама муҳокамадан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур Дастурни тасдиқлади.

Шундан сўнг депутатлар жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий негизини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор долзарб қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Муҳокама «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама этишдан бошланди. Қонун лойиҳаси аҳоли соғлиғини сақлаш мақсадида йодланган ош тузини ишлаб чиқариш, реализация қилиш ва истеъмол қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Ҳужжат фақат сифатли йодланган ош тузи билан таъминлаш орқали аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш ва уларни камайтиришни назарда тутади.

Мажлис кун тартибига, шунингдек, бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ўқишда киритилди. Хусусан, «Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга, уларнинг барқарор ишлашини таъминлашга, қонун ҳужжатларига виждонан риоя этаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувларни қисқартиришга қаратилган.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кун тартибидаги кейинги масала бўлди. Ҳужжат ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш чоғидаги тўсиқларни бартараф этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг очиқлигини ошириш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилашни кўзда тутади. Тузатишлар тегишли давлат хизматлари кўрсатилиши учун аризачилар тақдим этадиган рўйхатдан ташкилотларнинг таъсис ҳужжатлари чиқариб ташланишини назарда тутади. Тузатишлар «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Микрокредит ташкилотлари тўғрисида»ги, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги қонунларга киритилмоқда.

Депутатлар нодавлат таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам муҳокама этдилар.

Ҳар томонлама муҳокамадан сўнг депутатлар мазкур қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқулладилар ҳамда уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. Тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда ҳужжатларни кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш масъул қўмиталарга топширилди.

 

Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати материаллари асосида.

Прочитано: 2571 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика