Norma.uz
Норма маслахатчи / 2015 йил / № 4 / Криминалист эксперт ён дафтаридан

Экспертиза қоидабузарликни топишга қодир

Ўзбекистонимиз бозор муносабатларига йўналтирилган ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялашишга интилаётган мустақил давлат сифатида жаҳон бозорида ўзлигини намоён этганлиги ташқи иқтисодий фаолият соҳасига ва уни тартибга солиш билан боғлиқ жараёнларга ёндашувни тамомила ўзгартирди.

Ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг хорижий ҳамкор бозорида олиб бориладиган ишнинг шакл ва усулларини, танлаб олинган ташқи иқтисодий старатегияни инобатга олган ҳолда амалга оширадиган ишлаб чиқариш-хўжалик, ташкилий-иқтисодий ва тезкор-тижорат вазифаларининг мажмуидан иборатдир.

Ташқи иқтисодий сиёсатнинг демократлашуви мамлакатимиз тадбиркорларига халқаро алоқаларни йўлга қўйиш имкониятини очиб берди. Бироқ юртимизнинг иқтисодий ҳаётида содир бўлаётган ўзгаришлар муайян ҳуқуқбузарликлар юзага келишига ҳам имкон яратиб бердики, бундай қоидабузарликлар соҳа учун, айниқса ташқи савдо соҳаси учун салбий оқибатларга эгадир.

 

Ташқи савдо соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш органларига ёрдам бериш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида» Қарор (14.11.2012 йилдаги 321-сон) қабул қилди.

Мазкур Қарор ижросини таъминлаш юзасидан Марказимизнинг суд-қтисодий экспертиза бўлими Ташқи иқтисодий фаолият бўйича суд-иқтисодий экспертизаларини бажариш юзасидан услубий тавсиялар ишлаб чиқди.

ТИФ соҳасидаги жиноий фаолият белгилари ва изларини аниқлаш юзасидан суд–иқтисодий экспертиза томонидан олиб бориладиган текширишлардан бири маҳсулот етказиб берувчилар билан пудратчилар, сотиб олувчилар билан буюртмачилар ўртасидаги ҳисоб-китобларнинг ҳисобини юритишга доир операциялар бўлиши мумкин.

 

ҚОИДАБУЗАРЛИК БЕЛГИЛАРИ ШУНДАЙ АНИҚЛАНАДИ

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳисоб-китоб операциялари одатда тижорат ташкилотлари орқали амалга оширилади, иқтисодий жиноятлар эса кўпинча шундай операциялар жараёни асносида ёки уларнинг ниқоби остида содир этилади. Улар бир тарафдан сотиб олувчи, бошқа тарафдан эса маҳсулот етказиб берувчи тарзида намоён бўлади, бошқача қилиб айтганда, савдо операцияларини амалга оширади.

Одатда, жиноий йўналишдаги схема доирасида ўз маҳсулотини сотувчи ташкилот (кўпроқ арзон нархда) ҳамда ана шу маҳсулотни сотиб олувчи ва уни учинчи шахсларга – юридик ва жисмоний шахсларга товар сифатида ҳақиқий бозор нархида сотувчи ташкилот иш юритади.

Иш бошқа схема билан ҳам юритилиши мумкин: битта ташкилот товарни ҳақиқий бозор нархида сотиб олади ва устига нарх қўйиб, уни бошқа ташкилотга сотади. Ана шу бошқа ташкилот олинган моддий қимматликлардан маҳсулот ишлаб чиқариш учун хом ашё ва материал сифатида фойдаланади.

Юқорида айтилган ҳар иккала ҳолатда ҳам қонунга хилоф операцияларнинг фарқ қилувчи белгиси, уларнинг битим тарафларидан бири учун иқтисодий жиҳатдан фойдали эмаслигидир. Кўпинча, ана шу тараф ё давлат корхонаси бўлади, ёки устав капиталида давлат мулки улуши катта корхона бўлади. Бошқача қилиб айтганда, бундай корхоналарнинг менежерлари шунчаки ишга ёлланган ходимлар бўлиб, уларнинг фаолиятини мулкдорлар унча яхши назорат қилмайдилар.

Бироқ битимнинг юридик шахс учун фойдали эмаслиги мазкур корхона менежерлари – жисмоний шахслар учун ҳам фойдали эмас деган маънони англатмайди. Зотан, бу менежерлар, одатда, шундай операциялар амалга оширилганлиги учун хуфиёна тарзда музда (ҳақ) оладилар.

 

ЖИНОЯТ ИЗЛАРИНИ ҚАЕРДАН ИЗЛАШ ЛОЗИМ

Жиноий фаолият излари ва белгилари бухгалтерия ҳисобининг бир қатор ҳужжатларида ҳамда ҳисобварақлардаги ёзувларда қолади. Энг аввало, бундай из ва белгилар тарафлардан бири маҳсулотни чет эллик ҳамкорга жўнатишига асос бўлган контрактда қолади.

Бунинг учун хорижий ҳамкордаги контрактдан келиб чиқувчи мажбуриятларини адо этиш юзасидан унинг қилган саъй-ҳаракатларини ва ҳақиқий имкониятларини тасдиқловчи ҳужжатларни ўрганиб чиқиш зарур. Худди шунингдек, импортчидан олинган маблағларнинг унинг ҳисобварағидаги ҳаракатини ҳам назардан ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳозирги вақтда ҳисоб-китоб қилиш ниқоби остида ёки ҳисоб-китоб қилиш вақтида турфа хил усуллар билан жиноятлар содир этилмоқда. Улардан бирини, шунингдек жиноий фаолиятнинг белгилари ва излари акс этган ҳужжатларни кўриб чиқамиз.

Айтайлик, саноат корхонасида жўнатилаётган маҳсулот нархи арзон қилиб белгиланган. Бу маҳсулотни олган савдо корхонаси уни ҳақиқий бозор нархида сотади. Бундай битим иқтисодий жиҳатдан олганда, саноат корхонаси учун мақсадга мувофиқ эмас, савдо корхонаси учун эса, фойдалидир.

Жиноий фаолиятни аниқлаш ва исботлаб бериш мумкин бўлган, саноат корхонасининг тайёр маҳсулоти жўнатилганлиги ўз ифодасини топган асосий ҳужжатлар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин:

олди-сотди шартномаси – унда моддий қимматликларни етказиб бериш шартлари, уларнинг миқдори, баҳоси, қиймати, тарафларнинг юридик манзиллари ва бошқа маълумотлар айтиб ўтилади;

буйруқ-юкхат ёки бошқа ҳужжат (маҳсулот жўнатилганлиги ҳақидаги хабарнома, маҳсулотни беришга оид буйруқ ва шу сингарилар) – унда маҳсулотнинг номи, миқдори, олувчининг манзили ҳамда жўнатилган маҳсулотга оид бошқа маълумотлар кўрсатиб ўтилади.

Товарлар автомобиль транспортида етказиб берилаётганда товар-транспорт юкхати ёзилади. У икки бўлимдан, яъни товар ва транспорт бўлимидан иборат бўлади. Товарларнинг ўзига хос хусусиятларига қараб, товар-транспорт юкхатига юк билан бирга борадиган бошқа ҳужжатлар ҳам илова этилиши мумкин.

Товарлар темир йўл транспортида етказиб берилаётганда темир йўл юкхати илова ҳужжат вазифасини ўтайди. Унга тафсилотли рўйхат ва ўров варақалари илова қилиниши мумкин. Мабодо товар темир йўл орқали контейнерларда жўнатилган бўлса, юк универсал контейнерда ташилаётганлигига оид юкхат билан расмийлаштирилмоғи лозим.

Маҳсулот олувчиларга жўнатилганлиги ҳолатини тасдиқловчи бошқа баъзи шунга ўхшаш ҳужжатлар ҳам тузилиши мумкин. Қимматликларни олувчи жўнатилувчи моддий қимматликларни корхона ҳудудидан олиб чиқиш ёки олиб чиқиб кетиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома билан таъмин этилади. Олувчи қимматликларни олишга доир ишончномани кўрсатган тақдирдагина маҳсулотни тарафга жўнатиш ва рухсатнома расмийлаштирилади.

Жўнатилаётган маҳсулот учун ҳақ тўланганлиги маҳсулот етказиб берувчиларининг ҳисобварақлари, тўлов талабномалари, тўлов топшириқномалари билан, кирим касса ордери (сотувчида) ва чиқим касса ордери (сотиб олувчида) билан тасдиқланади.

Юқорида қайд этиб ўтилганидек, жиноий фаолият излари ҳамда белгилари бухгалтерия ҳисобининг бир қатор ҳужжатлари ва ҳисобварақлардаги ёзувларда ҳам қолади. Шу сабабли жиноят белгиларини топиш учун юқорида айтиб ўтилган ҳужжатларни синчковлик билан таҳлил этиш керак.

 

АНИқЛАШ УСУЛЛАРИ ТУРФА ХИЛ

Суд-иқтисодий экспертизанинг мазкур тури учун энг мақбул экспертлик текширув усуллари жумласига арифметик ҳисоблаш услубини ҳам ўз ичига оладиган ҳужжатли текширув усулини; муқобил текширув ва қиёслаш усулларини киритиш мумкин. Уларни қўлланиш хўжалик юритувчи субъектлар ташқи иқтисодий фаолиятни юритиш бўйича норматив ва йўл-йўриқ йўсинидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ёки бу талаблардан четланган ҳолда иш олиб борганликларини аниқлаш имконини беради ҳамда унинг ўзига хос хусусиятларини тўла-тўкис акс эттиришга сабаб бўлади.

Ҳужжат асосидаги текширув усулидан фойдаланилганда олди-сотди шартномалари, товар-транспорт юкхатлари, тафсилотли рўйхат ва ўров варақлари бўлган темир йўл юкхатлари, маҳсулот етказиб берувчининг шахсий ҳисобварақлари, тўлов талабномаси ёки топшириқномаси, ҳисобварақ-фактуралар уларни расмийлаштиришга нисбатан қўйилаётган талабларга қанчалик мувофиқ эканлиги арифметик ҳисоб-китоб усулини қўллаган ҳолда текширилади.

Муқобил текширув усули ёрдамида айни бир хил ҳужжатлар солиштириб кўрилади, юқорида тилга олинган мисолда эса, олди-сотди шартномалари, тўлов талабномалари ёки топшириқномалари, ҳисобварақ-фактуралар бошқа тарафнинг қўлидаги нусхалари билан солиштириб кўрилади. Хулоса бериш учун ишга оид материалларда ҳужжатлар етарли бўлмаган тақдирда ана шундай текширув зарурати юзага келади.

Қиёслаш усулидан бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини йиғма ҳужжатлар билан таққослашда, биз кўриб чиқаёган ҳолатда, масалан, товар-транспорт юкхатини моддий ҳисобот билан, ҳисобварақ-фактураларни банк ҳужжатлари билан таққослаб кўришда фойдаланадилар.

Бухгалтерия ҳужжатларидаги ва ҳисобварақлар ёзувларидаги маълумот ва ахборотлар исботлаб бериш учун деярли ҳамиша керакли маълумотларни олиш имконини беради.

Мамлакатимизнинг жаҳон бозорига кириб бориши босқичида ҳуқуқбузарликлар кўламлари ижтимоий ва иқтисодий оқибатларига, бошқа молиявий жиноятлар билан ўзаро алоқадорлигига кўра, демократик бозор ислоҳотларини ривожлантириш истиқболларига салбий таъсир кўрсатади.

Айни шу сабабли ҳам экспертиза қилиш асносида ҳуқуқбузарлик ҳолати ўз тасдиғини топса, айбдорлар қилмишига яраша жазоланади.

 

Сайёра САЪДУЛЛАЕВА,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказининг эксперти.

Прочитано: 2187 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика