Norma.uz

Қарз узилмагунча мулки қайтарилмасин

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

АЖ (бош пудратчи) ва МЧЖ (ёрдамчи пудратчи) 2013 йил октябрида тахминан 200 млн сўмга қурилиш пудрати шартномасини имзолашди. Бош пудратчи ёрдамчи пудратчига асбоб-ускуналар, ёнилғи-мойлаш материаллари (бундан кейин – ЁММ), хом ашё ва эҳтиёт қисмларни тақдим этиши, шартнома имзоланган кундан бошлаб 10 банк куни мобайнида олдиндан шартнома умумий суммасининг 40%ини, бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) қиймати тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактура имзоланган кундан бошлаб 40 кун мобайнида қолган 60%ини тўлаши керак эди.

Бош пудратчи шартномада назарда тутилган муддатларда олдиндан тўловни амалга оширди. Ёрдамчи пудратчи у амалга оширилган кундан бошлаб 90 календарь кун мобайнида қурилиш-монтаж ишларини ўз вақтида ва тўлиқ бажарди. Бош пудратчи ишлар тугаганидан кейин бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) қиймати тўғрисидаги маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани имзолади, бироқ вақтинчалик молиявий қийинчиликларни рўкач қилиб, қолган 60%ни ўтказмади. Бироқ у ёрдамчи пудратчига хат билан мурожаат қилиб, қурилишда ишлатилганидан кейин қолган 25 млн сўмлик асбоб-ускуналар, ЁММ, хом ашё ва эҳтиёт қисмларни қайтаришни сўради. Ёрдамчи пудратчи бундай қилишдан бош тортиб, мол-мулкни қолган 60% – 120 млн сўм тўлангунига қадар ушлаб туриш ҳуқуқини рўкач қилди.

Ёрдамчи пудратчининг бундай хатти-ҳаракатидан норози бўлган бош пудратчи ўз мол-мулкини қайтариб олиш мақсадида 2014 йил май ойида хўжалик судига бошқанинг ноқонуний эгалигидан 25 млн сўмлик асбоб-ускуналар, ЁММ, хом ашё ва эҳтиёт қисмларни талаб қилиб олиш даъвоси билан мурожаат қилди.

Хўжалик суди ушбу даъво талабларини қондиришни рад этди. Бундай ҳал қилув қарорига қўшилмаган даъвогар апелляция шикоятини берди. Апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз, апелляцияни эса қондиришсиз қолдирди. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанциясининг қарорига қўшилмаган даъвогар кассация инстанциясига шикоят берди, у биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанциясининг қарорини ўзгартиришсиз, кассация шикоятини эса қондиришсиз қолдирди.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

Ёрдамчи пудратчи ўзининг шартномадаги мажбуриятларини тўлиқ бажарди ва қурилиш-монтаж ишларини ўз вақтида бажарди. Бироқ бош пудратчи бажарилган ишларга тўлиқ ҳақ тўламади. Шу сабабли Фуқаролик кодексининг (бундан кейин – ФК) 639-моддасида назарда тутилган мол-мулкни ушлаш ҳуқуқидан фойдаланиб, МЧЖ бош пудратчи қолган 120 млн сўмни тўламагунча мол-мулкни унга қайтармаяпти.

 

АЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

Бош пудратчи 40 фоизлик олдиндан тўловни ўз вақтида тўлади. Вақтинчалик молиявий қийинчиликлар туфайли АЖ қолган 60% – 120 млн сўмни тўлай олмади. Бош пудратчи янги объектни олганлиги учун талаб қилинаётган мол-мулк унда ишлаш учун зарур. У янги объектда ишлашга қанчалик тез тушса, ёрдамчи пудратчи билан шунчалик тез ҳисоб-китоб қилади. МЧЖ АЖнинг мол-мулкини ноқонуний равишда ушлаб турибди ва уни қайтаришдан бош тортяпти. ФКнинг 228-моддасига кўра бош пудратчи ўзининг мол-мулкини МЧЖдан талаб қилишни сўраяпти.

 

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важлари, жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларидаги қоидаларни таҳлил қилиб, иш моҳиятида баён этилган далилларни тасдиқлади.

Суд ФКнинг 290, 291 ва 639-моддаларига асосланиб, ёрдамчи пудратчи томонидан бош пудратчининг мол-мулки ушланишини тўғри деб топди ва шундай қарор қилди:

бошқанинг ноқонуний эгалигидан 25 млн сўмлик мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъво талабларини қондириш рад этилсин;

Хўжалик процессуал кодексининг 95-моддаси биринчи қисмига кўра 250 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатлари даъвогар зиммасига юклансин.

 

 

ШАРҲ

ФКнинг 290-моддасига кўра қарздорга ёки қарздор кўрсатган шахсга топширилиши лозим бўлган ашёни сақлаётган кредитор ушбу ашё ҳақини ёки у билан боғлиқ чиқимлар ва бошқа зарарни кредиторга тўлаш мажбуриятлари қаpздоp томонидан муддатида бажарилмаган тақдирда уни тегишли мажбурият бажарилгунга қадар ушлаб қолишга ҳақли. Гарчи ашёнинг ҳақини тўлаш ёки унинг чиқимларини ва бошқа зарарни тўлаш билан боғлиқ бўлмаса-да, бироқ тарафлари тадбиркорлар сифатида иш кўраётган мажбуриятдан келиб чиққан талаблар ҳам ашёни ушлаб қолиш билан таъминланиши мумкин. Ашё кредитор эгалигига ўтганидан кейин унга бўлган ҳуқуқлар учинчи шахс томонидан олинганлигига қарамасдан, кpедитоp ўз қўлидаги бу ашёни ушлаб қолиши мумкин. ФКнинг 639-моддасига мувофиқ эса, шартноманинг бажарилиши муносабати билан буюртмачи пудратчига белгиланган тегишли ҳақни ёки бошқа суммани тўлаш мажбуриятини бажармаган тақдирда, буюртмачи томонидан тегишли сумма тўлангунга қадар пудратчи ишнинг натижаларини, шунингдек буюртмачига тегишли ускуналарни, қайта ишлаш (ишлов бериш) учун берилган ашёларни, фойдаланилмай қолган материал қолдиғи ва пудратчининг ихтиёридаги бошқа мол-мулкни ФКнинг 290 ва 291-моддаларига мувофиқ ушлаб қолиш ҳуқуқига эга.

Ёрдамчи пудратчи мол-мулкни бош пудратчи у билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилгунига қадар ушлаб қолишга ҳақли эди, шу сабабли суд асосли ҳал қилув қарорини қабул қилган.

Мазкур вазиятда бош пудратчи ёрдамчи пудратчига шартнома бўйича тўлаш муддатини ошириш тўғрисида қўшимча келишув тузишни таклиф қилиши ёки ФКда назарда тутилган мажбуриятларни бажариш ёки таъминлаш (воз кечиш ҳақи, кафиллик, гаров ва бошқалар) усулларини ўзгартириш тўғрисида МЧЖ билан келишиши, қарз олиши ёки сотувчининг розилиги билан қарзни учинчи шахсларга ўтказиши мумкин эди. МЧЖга эса қарзни ундириш талаби билан хўжалик судига мурожаат қилиш тавсия этилади, чунки мазкур вазиятда муддати ўтказиб юборилган дебиторлик қарзи аломатлари кўзга ташланади.


Павел СИЛЬНОВ,

адвокат.

Прочитано: 2086 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика