УЙ-ЖОЙ-КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАРИГА КОМПЕНСАЦИЯЛАРНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ ЎЗГАРТИРИЛДИ
Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 9.01.2015 йилда 2175-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.
Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация суммаси жисмоний шахсларнинг жами даромадига қўшилади ҳамда иш ҳақи (пенсиялар, нафақалар) тўланадиган муддатларда тўланади. Бунда компенсацияларни тўлаш тартиби ўзгартирилмади.
Компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга компенсация уни олиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни илова қилган ҳолда компенсация тайинлаш тўғрисида ариза топширилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан тайинланади. Эслатиб ўтамизки, илгари ишламайдиган пенсионерларга компенсация пенсия ҳужжатларида мавжуд ҳужжатлар асосида, яъни қўшимча аризаларсиз тўланар эди. Зарурат туғилгандагина бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими пенсионернинг компенсация олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган қўшимча ҳужжатлар талаб қилишга ҳақли эди. Компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлган, пенсия тайинланиши учун биринчи марта мурожаат қилган шахсларга компенсация пенсия тайинлаш тўғрисида ариза топширилгандан кейин тайинланиши назарда тутилган эди.
Шунингдек Низомда компенсация тўланиши тўхтатиб турилиши ва тўхтатилиши ҳолатлари аниқлаштирилди.
Фуқаронинг суд ҳукми бўйича озодликдан маҳрум этиш жойларида бўлган вақти учун компенсация тўланмайди. Фуқаро озод бўлгандан кейин компенсация тўлаш компенсацияни тўлашни тиклаш тўғрисида ариза берилган кундан бошлаб тикланади. Компенсацияни тўлаш фуқаро томонидан компенсацияни тўлашни тиклаш тўғрисида ариза тақдим этилгандан, шунингдек шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатгандан сўнг тикланади.
Низомга бир қатор ўзгартиришлар киритилди.
Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 12.01.2015 йилдаги 1 (657)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.
ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ЎЗГАРТИРИЛДИ
Адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 31.12.2014 йилда 2352-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида услубий кўрсатмаларга ўзгартириш ва қўшимча киритилди.
Шуни эслатиб ўтамизки, ишлаб чиқилган лойиҳага илова қилинадиган материаллар орасида қонун концепцияси баён этилган ёки мазмуни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасининг мақсадга мувофиқлигини асослашдан иборат тушунтириш хати назарда тутилади. У ишлаб чиқувчи томонидан тайёрланади ва унинг биринчи раҳбари томонидан имзоланади, унда Услубий кўрсатмаларда назарда тутилган маълумотлар рўйхати келтирилади.
Киритилган қўшимчалар билан мазкур маълумотлар рўйхати кенгайтирилди. Энди тушунтириш хатида лойиҳанинг муҳокамадан ўтказилганлиги ва унинг натижалари ҳақидаги маълумотлар, агар бу Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 2.12.2014 йилдаги 328-сон Қарори билан тасдиқланган) 4-бандига назарда тутилган бўлса, кўрсатилиши керак. Бундай маълумотнинг мавжуд бўлмаслиги, Адлия вазирлиги томонидан лойиҳа ишлаб чиқувчига ҳуқуқий экспертиза ва таҳлилдан ўтказилмасдан қайтарилиши учун сабаб бўлиши мумкин.
Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 31.12.2014 йилдаги 52 (I)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.
ИДОРАВИЙ НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ АНИҚЛАШТИРИЛДИ
Адлия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 31.12.2014 йилда 2565-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларига қўшимча киритилди.
Шуни эслатиб ўтамизки, мазкур Қоидалар бўйича вазирлик ёки идоранинг юридик хизмати томонидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини қабул қилиш жараёнида маълумотнома тайёрланади. Юридик хизмат мавжуд бўлмаган тақдирда, маълумотнома идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш учун масъул бўлган таркибий бўлинма томонидан тайёрланиши ва вазирлик ёки идора раҳбари ёхуд унинг ўринбосари томонидан имзоланиши мумкин.
Ушбу маълумотномада қуйидагилар акс эттирилади:
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш учун асос (вазирлик ва идора ваколати, ушбу ҳужжатга кирган масалаларни ҳал этиш топширилган ёки бундай ҳуқуқ берилган юқори органнинг қарори, ҳужжат қабул қилиниши учун асос бўлиб хизмат қилган бошқа ҳолатлар);
ушбу орган томонидан ушбу масала бўйича муқаддам қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;
ушбу масала бўйича муқаддам бошқа органлар томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мазкур ҳужжат қабул қилиниши муносабати билан уларни ўзгартириш ёки ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида таклифлар тайёрланиши ҳақидаги маълумотлар.
Киритилган қўшимчаларга мувофиқ энди юридик хизмат маълумотномасида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг муҳокамадан ўтказилганлиги ва унинг натижалари ҳақидаги маълумотлар ҳам (агар ушбу ҳужжат Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 2.12.2014 йилдаги 328-сон Қарори билан тасдиқланган) 4-бандига мувофиқ муҳокама қилиниши керак бўлса) акс эттирилиши лозим.
Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 31.12.2014 йилдаги 52 (I)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.
Ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристларимиз
Елена ЕРМОХИНА ва
Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.