Корхонанинг моддий жавобгар шахслари, шу жумладан қоровуллар бошлиғи билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани расмийлаштириш мумкинми?
Т.Уварова.
– Йўқ, мумкин эмас.
Тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномани фақат ташкилот билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган шахс билан тузиш мумкин (Меҳнат кодекси 202 ва 203-моддалари маъносига кўра). Шу сабабли иш берувчи уни ташкилот штатида бўлмаган киши билан тузиш ҳуқуқига эга эмас.
Масалан, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатишга фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани расмийлаштирганда ташкилот жисмоний шахс билан меҳнатга оид муносабатларда эмас, балки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги муносабатларда бўлади. Яъни ходим ўзи учун қулай бўлган исталган вақтда ишлайди, ўз ишининг натижаларини эса ишларни (хизматларни) қабул қилиш-топшириш даолатномаси бўйича топширади ва шартномада назарда тутилган ҳақни (белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида) олади. Ушбу муносабатларнинг субъектлари бўлиб буюртмачи ва ижрочи ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, бундай шартномалар бўйича амалга ошириладиган тўловлар Солиқ кодекси 143-моддасининг 3-бандига асосан меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари таркибида ҳисобга олинади.
Буюртмачининг мол-мулкига зарар етказилган ҳолларда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишловчиларга тўлиқ жавобгарликка тортиш чораларини қўллаш Фуқаролик кодексининг 985-моддаси ёки шартнома билан чекланиши мумкин. Шу сабабли ташкилот мазкур ҳолда суд органларига етказилган зарарни, бунга бой берилган фойда ҳам киради, тўлиқ миқдорда (ҳажмда) қоплаш тўғрисида даъво билан мурожаат қилишга ҳақлидир.
«Кадрлар бўлими» рукнини эксперт-юристимиз Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ олиб боради.