Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 50 / Мавзуга қайтиб

Хатолик дўкон фойдасига бўлганда: нима қилмоқ керак?

Ушбу мақоланинг дунёга келишига бир газетхонимизнинг синчковлиги, қизиқувчанлиги сабаб бўлди.

Бир гал у «Пойтахт» радиосидан «Солиқ ва божхона хабарлари»нинг навбатдаги сони ҳақидаги шарҳини эшитиб қолибди. Хусусан «Пластик»даги пулни қандай муҳофаза қилса бўладисарлавҳали мақола СБХ»нинг 2014 йил 28 октябрдаги 43-сони) унинг эътиборини тортибди. Дарҳақиқат, «СБХ»нинг ўша қирқ учинчи сонида «Истеъмолчининг ён дафтарига» рукни остида шундай мақола, аниқроғи республика Марказий банки Пул муомаласи департаментининг директори билан суҳбат эълон қилинган эди.

Радиодан ўша шарҳни тинглагач, газеталаримизга обуна бўлмаганлиги сабабли ўзини қизиқтирган ўша сонни қидириб топиб, масаланинг моҳиятини охиригача тушунмоқчи бўлган. Унинг фикрича, мақолада сўз юритилаётган вазиятда ҳаракатларнинг муфассал тажассуми ва ечими йўқ. Биз газетамизни қидириб топиб ўқиган муштарийга суҳбатни диққат билан ўқиб чиққанлиги ва қўйилган масалага аниқ жавоб олиш истагида ташвишлангани, кўнгли ўрнига тушмаганлиги учун миннатдормиз. Таҳририят яна бу мавзуга қайтишни шу сабабли ҳам лозим топди.

Хўш, мижознинг банк пластик карточкасидан янглиш оқибатида жоиз бўлганидан кўпроқ пул олинган бўлса, нима қилмоқ керак?

 

Таассуфки, банк пластик карточкаларидан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларида бундай вазиятлар тартибга солинмаган. Аммо маблағларни қайтариб бериш амалиёти йўқ деб бўлмайди.

Биз ана шундай вазиятда қилиниши лозим бўлган қуйидаги ҳаракатларни тавсия эта оламиз.

 

АГАР МИЖОЗ БЎЛСАНГИЗ...

Биринчидан, кассирни ёки карточкадан пулни янглиш ўтказиб олган бошқа шахсни содир бўлган ҳолатдан хабардор этинг ва имкониятга қараб масъул раҳбарни янглиш оқибатида кўпроқ пул ўтказиб қолинганлигидан воқиф қилинг.

Иккинчидан, карточкангизга хизмат кўрсатувчи банкка (пластик карточкалар бўлимига) қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтиргач, янглиш ўтказилган пуллар қайтарилиши зарур бўлган транзит ҳисобварағингизнинг ҳамда банк карточкангиз шахсий ҳисобварағининг рақамларини айтинг.

Шундан кейин транзит ҳисобварақнинг, шунингдек банк карточкангиз шахсий ҳисобварағининг рақамларини карточка эгасининг фамилияси, исми ҳамда отасининг исмини карточкадан пул олиш амалиётини содир этган кассирга ёки бошқа масъул вакилга маълум қилинг ва пул маблағлари қисқа муддатда (банкнинг 3 иш кунидан кечиктирмай) қайтарилишини талаб қилинг.

Дарвоқе, содир этилган амалиёт билан боғлиқ чеклар ва бошқа ҳужжатларни ҳеч бўлмаганда пластик карточкангизга пул қайтарилгунига қадар сақлашингиз шарт. Шунингдек кассирдан янглиш оқибатида пулни кўпроқ ўтказиб олганлиги ҳақида тилхат олиш ҳам ортиқчалик қилмайди.

Банкнинг 3 иш куни мобайнида пул пластик карточкангизга келиб тушмаса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари: ички ишлар органлари, прокуратура ёки судга мулкий ҳуқуқларингиз ҳимоя этилишини сўраб, ёзма равишда мурожаат этинг.

 

АГАР КАССИР

ёхуд карточкадан янглишиб кўпроқ пул олинишига йўл қўйган шахс бўлсангиз...

1. Мижоздан албатта узр сўранг ва унга янглиш олинган пуллар унинг банк пластик карточкасига қисқа муддатда (одатда пул маблағлари банкларнинг 3 иш куни мобайнида келиб тушади) қайтарилажагини айтинг.

2. Мижоздан пластик карточкасига хизмат кўрсатувчи банкнинг транзит ҳисобварағи рақамини ҳамда унинг карточкаси шахсий ҳисобварағи рақамини карточка эгасининг исми-шарифини кўрсатган ҳолда пул маблағларини қайтариб бериш тартиб-таомилини амалга ошириш учун сизга тақдим этишини сўранг. Мижозга транзит ҳисобварағи рақамини унинг пластик карточкасига хизмат кўрсатувчи банкдан билиб олиши мумкинлигини эслатишни унутманг.

3. Мижоз томонидан тақдим этилган пластик карточка рақами ва карточка эгасининг шахсига оид маълумотларни, хусусан исми-шарифини янглиш оқибатида пул маблағлари ортиқча олинган карточкадаги маълумотлар билан солиштиринг.

4. Мижоздан олинган маълумотлар ҳамда мижознинг пластик карточкасидан пул маблағлари олинишида хатоликка йўл қўйилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни зудлик билан корхонангиз бухгалтериясига тақдим этинг. Янглиш оқибатида ортиқча олинган пул маблағлари банк транзит ҳисобварағи орқали мижозга қайтарилишига оид тегишли тўлов топшириқномасини расмийлаштириш ҳамда уни корхонага хизмат кўрсатувчи банкка йўллаш учун шундай қилинади. Бордию, хўжалик юритувчи субъект якка тартибдаги тадбиркор бўлса, тўлов топшириқномасини мустақил равишда тўлдириб банкка ўзи юборади.

Тўлов топшириқномасида банк пластик карточкаси шахсий ҳисобварағининг рақами ҳамда карточка эгасининг фамилияси, исми ва отасининг исми: «Янглиш оқибатида ортиқча ўтказиб олинган маблағларни Азиз Азизович Азизовнинг ______________-сон шахсий ҳисобварағига қайтариб бериш» қабилида муфассал кўрсатилмоғи керак.

Банк ана шу тўлов топшириқномасини ижро этаётганда янглиш оқибатида олинган ортиқча пул маблағлари корхонанинг ҳисоб-китоб варағидан чиқарилади (ўчирилади) ҳамда мижознинг пластик карточкасига хизмат кўрсатувчи банкнинг транзит ҳисобварағига йўлланади. Мижознинг пластик карточкасига хизмат кўрсатувчи банк шундан кейин уларни транзит ҳисобварақдан мижознинг шахсий ҳисобварағига, яъни унинг пластик карточкасига ўтказади.

5. Пул маблағларини корхонанинг ҳисоб-китоб варағидан чиқаргач (ўчиргач), мижозга маблағлар янглиш олинган пул карточкасига қайтарилганлигини хабар қилинг.

 

НАҚД ПУЛ ТАРЗИДА ҚАЙТАРСА БЎЛАДИМИ?

Банк пластик карточкасидан янглиш оқибатида олинган пулларни нақд пул маблағлари тарзида қайтариш мумкин эмас.

Юридик шахслар томонидан касса операцияларини олиб бориш қоидаларининг (АВ томонидан 17.12.1998 йилда 565-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 6-бандига биноан тушган тушумдан пулларни сарф-харажат қилиш ҳуқуқи Вазирлар Маҳкамаси қарорида шундай қилиши назарда тутилган ташкилотларгагина берилади. Бугунги кунда барча савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарига нақд пулсиз янглиш оқибатида олинган пулларни нақд пул тартибида қайтаришга ижозат этадиган бирон-бир ҳужжат мавжуд эмас.

Юқорида номи айтилган Қоидаларнинг 7-бандида назарда тутилишича, ташкилотнинг кассасидаги, белгилаб қўйилган лимитлардан ортиқча нақд пуллар қолдиғи банк муассасаси билан келишиб олинган тартибда ва муддатларда ҳисобвараққа ўтказиш учун топширилмоғи шарт. Тегишинча, корхона тушган тушум корхонанинг банкдаги ҳисобварағига ўтказилмагунча уни тасарруф этишга, шу жумладан янглиш оқибатида нақд пулсиз тартибда ортиқча олинган пул маблағларини нақд маблағлар тарзида қайтариб беришга ҳақли эмас.

 

Абдураҳмон БАХТИЕВ,

юрист-экспертимиз.

Прочитано: 2619 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика