Бизнинг кичик корхонамиз ЯСТ тўловчисидир. Унинг асосий фаолияти – улгуржи савдо. Солиқлар бўйича қарзимиз йўқ. Даромадларни кўпайтириш ва хўжалик фаолиятини ривожлантириш учун бошқа хўжалик юритувчи субъект билан 25 000 000 сўмга қарз шартномаси туздик. Бироқ Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 14.01.2010 йилда 2065-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 12-бандига асосланиб, банк қарз пул маблағларини 22626-ҳисобвараққа қайд этди ва улардан бўнак билан 5% ЯСТни ушлади.
Ахир СКнинг 355-моддасида савдо корхоналари учун товар обороти солиқ солиш объектидир, деб кўрсатилган. Президентнинг 22.12.2009 йилдаги ПҚ-1245-сон Қарори 5-бандининг учинчи хатбошисига кўра эса улгуржи савдо корхоналари ўтказилган операциялардан тушадиган тушум суммасининг 5%и миқдорида ягона солиқ тўлови бўйича бўнак тўловлари тўлайдилар. Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.
Улгуржи савдо корхонаси ҳисобига қайтарилган қарз тарзида келиб тушган пул маблағлари солиқ солинадиган товар обороти ҳисобланадими? Ваколатли банк томонидан олинган қарз суммасидан ЯСТ ушланиши ва тўланиши тўғрими? Агар тўловчи (қарз берувчи) тўлов топшириқномасида 20208-ҳисобварақни кўрсатса, банк келиб тушаётган пул маблағларини 22626-ҳисобварақда мустақил равишда қайд этишга ҳақлими?
Н.Абдуллаев,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Солиқ кодексининг (СК) 355-моддасига кўра ягона солиқ тўловини солиш объекти бўлиб товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан олинган соф тушум, савдо корхоналари учун – товар обороти ҳамда СКнинг 132-моддасида назарда тутилган бошқа даромадлар ҳисобланади. Сиз қайтариладиган қарз суммаси корхонанинг даромади ҳисобланмаслиги ва унга ягона солиқ тўлови солинмаслиги масаласида ҳақлисиз.
Бироқ сизга Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 14.01.2010 йилда 2065-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 2065-сон Низом) амал қилиши татбиқ этилмайди. Унинг 1-бандига мувофиқ 2010 йил 1 январдан улгуржи савдо корхоналари учун ўтказилган операциялардан тушадиган тушум суммасининг 5%и миқдорида ягона солиқ тўлови бўйича бўнак тўловларини тўлаш киритилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ мазкур Низом татбиқ қилинадиган корхоналарга барча маблағлар фақат махсус банк ҳисобварақлари орқали келиб тушади, қуйидаги маблағлар бундан мустасно:
илгари тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг қайтиши кўринишида бюджетдан ва давлат мақсадли жамғармаларидан келиб тушган маблағлар;
чакана савдодан инкассация қилинган тушум;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида тушаётган мақсадли маблағлар;
илгари жойлаштирилган депозитларнинг қайтиши;
бир юридик шахснинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига, иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига ёки битта иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан бошқа иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига келиб тушадиган маблағлар;
илгари конвертация учун йўналтирилган маблағларнинг конвертация қилинмаган қисмининг қайтиши;
устав фондига (устав капиталига) улуш сифатида келиб тушган маблағлар;
фоизлар ва дивидендлар;
грантлар;
хато ўтказилган маблағларнинг қайтган қисми.
Истиснолар жумласига қайтариладиган қарз кирмайди. Бинобарин, келиб тушган қарз маблағларини банк фақат келиб тушган сумманинг 5%и миқдорида ЯСТ бўйича бўнак тўловларини ушлаган ҳолда мақсадли маблағлар ҳисобварақларига (22626 – сизнинг ҳолатингизда) қайд этиши мумкин (2065-сон Низомнинг 11-банди). Шуни таъкидлаш лозимки, тижорат банклари ягона солиқ тўлови бўйича бўнак тўловларининг тўғри ва ўз вақтида ўтказилиши учун жавобгарлар (2065-сон Низомнинг 171-банди).
Амалиётда ЯСТ бўйича бўнак тўловини ушлаш натижасида ортиқча тўлов юзага келадиган ҳоллар бўлади. Уни сиз ёзма аризага асосан СКнинг 10-бобида белгиланган тартибда қайтариб олишингиз мумкин (2065-сон Низомнинг 17-банди).
Лилия ХИСМАТОВА,
экспертимиз.