Корхонамиз тиббиёт муассасаси ҳисобланади. Асосий фаолият туримиз – аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш (ХХТУТ бўйича кодимиз – 91517). Биз йирик корхоналар тоифасига кирамиз ва умумбелгиланган солиқларни тўлаймиз. Президентнинг ПФ-3923-сон Фармонига биноан биз солиқ тўлашдан озод қилинганмиз. Бундан ташқари, мол-мулкни оператив ижарага беришдан бошқа даромадларга эгамиз.
Мол-мулкини оператив ижарага беришдан олинган бошқа даромадларга қандай солиқлар ва ажратмалар солинади? Мазкур вазиятда Президентнинг ПФ-3923-сон Фармонига биноан имтиёз қўлланадими? Ушбу Фармонга биноан имтиёзлар тиббиёт муассасаларига нисбатан қўлланадими ёки фаолият турига?
Г.Бойхонова, бухгалтер.
– Президентнинг «Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида»ги Фармони (19.09.2007 йилдаги ПФ-3923-сон) 7-бандига мувофиқ аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатувчи тиббиёт муассасалари (стоматология ва косметология хизматларини кўрсатадиганларидан ташқари) 2018 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва Республика йўл жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига ўтказиладиган мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилган, бўшайдиган маблағлар тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга мақсадли равишда йўналтирилади. Имтиёз аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатувчи тиббиёт муассасаларига берилади.
Мол-мулкни ижарага бериш бошқа фаолият тури ҳисобланмайди, балки бошқа даромадлар жумласига киради ва, тегишинча, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга ҳам Президентнинг юқорида айтилган Фармонида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.
Дилшод СУЛТОНОВ,
эксперт.