Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 50 / Ҳуқуқшунос тушунтиради

Пенсия соҳасида қандай ўзгаришлар юз берди?

2014 йилнинг 4 декабрида Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-379-сон Қонуни (кейинги ўринларда – ЎРҚ-379-сон Қонун) қабул қилинди. Мазкур ҳужжатнинг пенсия соҳасига оид ўзгартиришлар акс этган 1-моддаси 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга киради.  

 

Ушбу Қонуннинг 1-моддаси билан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар моҳияти билан танишиб чиқсак.

1. Пенсияларнинг таянч миқдорига доир

ЎРҚ-379-сон Қонун билан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 26-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ эндиликда пенсияларнинг таянч миқдори Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан белгиланадиган ёшга доир энг кам пенсия миқдорига нисбатан белгиланади. Олдин пенсияларнинг таянч миқдори энг кам иш ҳақига (ЭКИҲ) нисбатан белгиланиб келинган.

Президентнинг 2014 йил 21 ноябрдаги «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги ПФ-4672-сон Фармони билан белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг энг кам иш ҳақига нисбати 1,95 бараварни ташкил этади.

 

Мисол. ПФ-4672-сон Фармонга мувофиқ, 2014 йилнинг 15 декабридан бошлаб республикамиз ҳудудида энг кам иш ҳақи ойига 118 400 сўм, ёшга доир пенсиялар эса ойига 231 575 сўм этиб белгиланди.

Шундай қилиб, пенсиянинг таянч миқдори 2014 йил 15 декабрдан 2015 йил 1 январгача 118 400 сўм (яъни энг кам ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланиш принципи бўйича) бўлса, 2015 йил 1 январдан бошлаб 231 575 сўм этиб белгиланди, яъни энди пенсиянинг таянч миқдорини ҳисоблаб чиқишда фақат ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан келиб чиқилади.

2. Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларни ҳисоблаб чиқариш учун пенсияларнинг энг кам миқдорига доир

Бундан буён иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларни ҳисоблаб чиқариш учун пенсияларнинг энг кам миқдори олдингидек энг кам иш ҳақига нисбатан эмас, балки Президент фармони билан белгиланадиган ёшга доир энг кам пенсия миқдорига мутаносиб равишда ҳисобланади. Худди шу мазмундаги ўзгартиш «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг 29-моддасига киритилди.

Шундай қилиб, 2015 йил 1 январдан бошлаб, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсиялар ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан келиб чиққан ҳолда қуйидаги фоизлар ва суммалардан кам бўлиши мумкин эмас:

а) ёшга доир пенсиялар учун – 50%, яъни – 115 787,5 сўм;

б) I гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари учун – 100%, яъни – 231 575 сўм;

в) II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари учун – 50%, яъни – 115 787,5 сўм;

г) оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун – 50%, яъни – 115 787,5 сўм;

д) ҳам отаси, ҳам онасидан жудо бўлган (чин етим) ҳар бир болага боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун – 100%, яъни – 231 575 сўм.

Буни қуйидаги қиёсий жадвалда ҳам кўриш мумкин:

Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсиялар турлари

 

2015 йил 1 январгача
(2014 йил 15 декабрдан)

 

2015 йил 1 январдан
бошлаб

 

%

 

Энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан

 

%

 

Ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан

 

ёшга доир пенсиялар

 

50

 

59 200 сўм

 

50

 

115 787,5 сўм

 

I гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари

 

100

 

118 400 сўм

 

100

 

231 575 сўм

 

II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари

 

50

 

59 200 сўм

 

50

 

115 787,5 сўм

 

оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси

 

50

 

59 200 сўм

 

50

 

115 787,5 сўм

 

ҳам отаси, ҳам онасидан жудо бўлган (чин етим) ҳар бир болага боқувчисини йўқотганлик пенсияси

 

100

 

118400 сўм

 

100

 

231 575 сўм

 

 

3. Дипломатлар оиласи учун кафолатлар яна тикланди 

Иш стажига қўшиб ҳисобланадиган меҳнат фаолияти турларига тўлдириш киритилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлган, лекин 10 йилдан ошмаган давр ҳам эндиликда иш стажига қўшиб ҳисобланади. Эслатиб ўтиш жоиз, мазкур норма 1994 йил 1 июлдан 2011 йил 1 январгача амалда бўлган, сўнг чиқариб ташланган эди.

4. Фақат 12 ой учун тўланади

Маълумки, пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги уч йилдан ошмаган давр учун тўланар эди. 2015 йил 1 январдан бошлаб бу давр 3 йилдан 12 ойга қисқартирилди.

5. ЭКИҲнинг 4 баравари тўланади 

Шу пайтгача белгиланган қоидаларга кўра, пенсионер вафот этган тақдирда, унинг оиласига ёки пенсионернинг дафн маросимини ўтказган шахсга икки ойлик пенсия миқдорида, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан оз бўлмаган миқдорда дафн этиш нафақаси тўланар эди. Эндиликда дафн этиш нафақаси аниқ миқдорда, яъни энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида тўланади. Мазкур нафақа пенсионер вафот этганидан кейин 6 ой ичида мурожаат этилган тақдирда тўланади.

 

«Norma Hamkor» МЧЖ
эксперт-консультанти
Фаррух ФАЙЗИЕВ тайёрлади.

Прочитано: 19344 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика