Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 36 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Тегирмон гали билан

Бош бухгалтер ишдан бўшаб, ўрнига бошқаси келиши ҳисоб-китоб ишлари мутахассислари оламида бўлиб турадиган кундалик воқеа. Ана шу ҳаётий вазият баъзан кўнгилсиз оқибатлар келтириб чиқариши ҳам мумкин. Янги бухгалтер аввалги ҳамкасабасининг хатоликларини ўрганиб чиқиш юзасидан бош қотиргиси келмайди, ишдан бўшаб кетаётган бош бухгалтер ҳам касб одоби деган муқаддас масалада талаб доирасидан четга чиқмаслик учун ўзидан кейин ишда талайгина тартибсизликлар ва камчиликлар қолдириб кетаверишга жазм этмайди. Табиийки, ҳар қандай раҳбар ўзи юритаётган бизнес иши таҳликада қолишини истамайди. Ишларни қабул қилиб олиш ва топшириш деган тартиб-таомил эса бунда унга катта ёрдам бериши мумкин. «Республика халқ истеъмоли товарлари кўргазма-ярмарка савдоси маркази» акциядорлик жамиятининг бош бухгалтери Ирина ПЛАСТУНОВА ана шу ишни қай тартибда яхшироқ ташкил этиш ва бошқа кўпгина фойдали нарсалар ҳақида мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди.

 

– Бош бухгалтер ишдан бўшаётганда ишларни топширишнинг аниқ тартиби борми ўзи?

– Муайян норматив асосда тасдиқланган бунақа тартиб йўқ. Кўпгина ташкилотлар бу тартиб-таомилни мустақил тарзда белгилаб оладилар. Бу иш инвентаризация ўтказишни, ҳисобварақлар ҳолатини текшириб кўришни қамраб олади. Шундан кейингина ишларни, йиғмажилдларни тўғридан-тўғри топшириш ҳамда қабул қилиб олиш-топшириш далолатномасини тузиш даркор.

– Афтидан, бу тартиб-таомил жилла шарт эмас шекилли?

– Назарий жиҳатдан қараладиган бўлса, гапингизда жон бор. Амалиётда эса ишларни бу йўсин топшириш муносабатларнинг барча тарафлари учун жуда-жуда муҳимдир. Ишдан бўшаб кетаётган бухгалтер, унинг вориси ва корхона раҳбари учун бу айниқса керакдир. Аввалги бош бухгалтер учун мазкур тартиб-таомил зиммадаги меҳнат мажбуриятларини талаб даражасида адо этганлигини ва иш жойини ёруғ юз билан тарк этаётганлигини тасдиқлайди.

Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай бухгалтер учун ҳаммасининг рисоладагидек жой-жойида бўлиши виждон иши, оқилона ишдир. Бинобарин, ишдан бўшаб кетаётган бош бухгалтер ҳисоб-китоб иши юритилишига мутасаддилик қилган давр учун масъул бўлиб қолаверади. Ишга янги келган ходим эса ҳамкасабаси йўл қўйган эҳтимолий хатоликлардан ва камчиликлардан ўзини тамоман «қуруққа олиши»дан ташқари жавобгарлик даражасини аниқ фарқлаб, чегаралаб олиши ҳам мумкин. Бу жараён директорни ҳам ташвишлантириши турган гап. Ишларни топшириш қанча барвақт амалга оширилса, ҳамма учун яхши. Зотан қонун ҳужжатларига кўра бухгалтер ташкилотнинг бошқа ҳар қандай ходими сингари иш берувчини икки ҳафта аввал огоҳлантириб, ўз хоҳиши билан корхонадан бўшаб кетиши мумкин. Албатта, вазият, қолаверса, бошлиқ билан бухгалтер ўртасидаги муносабат ҳар хил бўлади. Шундай ҳоллар ҳам бўладики, бухгалтер ўзи ишлаган аввалги ташкилот директори билан ҳамкорлик қилишда давом этади, лекин бу қонунчилик асосида эмас, соф дўстона, маънавий асосда рўй беради.

– Корхона катта эканлиги боис инвентаризация кўп вақтни оладиган бўлса нима қилмоқ керак?

– Мен инвентаризация ўтказиш масаласига жуда жиддий қарашни тавсия этган бўлур эдим. Унча чуқур бўлмаган инвентаризация ўтказиш билан чекланадиган ҳолларни ҳам биламан – ҳаммаси иш ҳажмига боғлиқ. Йирик корхоналарга аудиторлик компанияларига мурожаат этишни маслаҳат берган бўлур эдим – инвентаризацияни ўтказишда шулар ёрдам беради. Аудиторлик текширувига келганда, ишончим комилки, бош бухгалтер ўзгараётганда бу нарса бағоят зарурдир.

– Аудиторлик текшируви арзон тушадиган тартиб-таомиллардан эмас. Шу сабабли кўпчилик раҳбарларнинг бундай харажатларга рағбати бўлмайди...

– Ҳар қандай раҳбар текширув аввало унинг ўзи ва у юритаётган бизнес иши учун зарур эканлигини унутмаслиги лозим. Таассуфки, бухгалтерлар алмашганда барча ишлар қабул қилиб олиниб, далолатнома имзоланган бўладию, кейинчалик қандайдир бирламчи ҳужжат йўқлиги, баъзан эса қандайдир хатолик маълум бўлиб қолади. Бундай вазиятларда ҳар хил таҳлика ва таваккалчиликлар келиб чиқади. Оқибати ёмон бўлмаслиги учун уларнинг олдини олмоқ лозим. Бундан ташқари, қайси бухгалтерга ўзгалар йўл қўйган хатоликни тузатиш, ҳисоб ишидаги кемтикликларнинг ўрнини тўлдириш ёқарди дейсиз?! Шу сабабли бухгалтерларга бошлиқ билан илк суҳбатлашув асносида аудиторлик текшируви ўтказиш масаласини келишиб олишни тавсия қилган бўлур эдим. Раҳбарларга айтадиган гапим эса бизнес ишингиз солиқ бобида хавфсиз бўлиши учун феълингизни кенгроқ қилинг деган бўлур эдим.

– Аудиторларни жалб этмаса бўладиган ҳоллар ҳам борми? Бош бухгалтер мустақил тарзда текширув ўтказгудек бўлса, энг аввало нималарга эътибор бермоғи керак?

– Компанияда ички аудит назарда тутилган бўлса, аудиторни четдан жалб этмаса бўлади. Шунингдек мустақил равишда текшириш мумкин бўлган чоғроқ корхоналарда, қабул қилиб олиш ва топшириш тартиб-таомилларига аниқ риоя этилган тақдирда ҳам шундай қилса бўлади. Инвентаризацияни ўз кучи билан ўтказишда даставвал корхонанинг активларига эътибор беришни тавсия қилган бўлур эдим. Шунингдек балансни, солиқлар тўғри тўланганлигини диққат билан текшириб кўриш лозим. Мабодо янги бухгалтер корхонада қоидабузарлик содир бўлганлигини аниқлаган, кўриб қолган бўлса-ю, раҳбар уни тузатишни истамаса ва бу хатоликка бундан буён ҳам кўз юмиб қўяқолишни талаб қилса, мазкур компанияда ишлашдан маъни бор-йўқлиги ҳақида тузукроқ ўйлаб кўриш лозим. Яхши мутахассис ўзига ҳамиша иш топади, ишда хотиржамлик, обрў-эътиборни сақлаш эса жуда муҳимдир.

– Баъзан янги бухгалтерни ҳали топиб улгуришмаган, эскиси эса компанияни тарк этаётган вазиятлар ҳам учраб қолади. Бундай ҳолларда ишни кимга топширадилар?

– Ишларни бош бухгалтернинг ўринбосари ёки раҳбар томонидан ваколат берилган бошқа бирон ходим вақтинча қабул қилиб олиши мумкин. Бош бухгалтер молиявий хизматнинг бирдан-бир вакили бўлмиш кичик бизнес соҳасида эса ишларни корхона раҳбарининг ўзи қабул қилиб олиши шарт. Негаки қонун ҳужжатларимизда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботни ташкил этиш учун жавобгарлик айни унинг зиммасидадир*.

– Қабул қилиб олиш ва топшириш ишлари бўлиб ўтди. Ишга янги қабул қилинган бухгалтер маълум вақтдан кейин ўзига «мерос бўлиб» ўтган қандайдир хатоликни аниқлади дейлик. Хўш, энди нима қилиш керак?

– Бу кўпинча ҳисоботдаги қандайдир камчиликда ёки қандайдир ҳужжатнинг йўқлигида тажассум топади. Ҳисоботдаги хатолик аниқланган тақдирда қайта ҳисоб-китоб қилиш лозим. Қандайдир ҳужжат йўқ бўлса, уни тиклаш лозим, лекин бу ҳақда олдиндан директорга албатта рапорт ёзиб бериш керак. Ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмаслик даркор, негаки энг муҳими бу хатоликни шахсан ўзингиз топдингиз.

– Ишга янги қабул қилинган бухгалтер қанақа таҳдид ва таваккалчиликларга дуч келиши мумкин?

– Сўз юритилаётган мавзу доирасида вазиятга қараладиган бўлса, бухгалтер ишни далолатнома бўйича қабул қилиб олмаган бўлса ёки ўтмишдоши бухгалтерия ҳисобини билимдонлик билан юритганлигига тўла ишонч ҳосил қилмаган кўйи далолатномани имзолаган бўлса, таваккал қилган бўлади. Одатда бунақа хатоликларга тажрибасизлик орқасида йўл қўйилиши мумкин. Баъзан раҳбар ишларни топшириш жараёнини чўзиб юборманглар деб буйруқомуз гапириб, бухгалтерияси ҳамма жиҳатдан бенуқсон эканлигини таъкидлаб қўяди. Гарчи раҳбар яхши танишингиз, қадрдонингиз бўлган тақдирда ҳам, унинг қуруқ сўзларига ишониш билан кифояланманг. Аввалги бош бухгалтер билан тил топиша олмаслик, яхши муросада бўлмаслик ҳам учраб турадиган хатоликлар сирасига киради. Шундай вазият бўлиши ҳам мумкинки, сиз унга мурожаат этишга мажбур бўласиз. Билимдон, бағри кенг бухгалтер ўз ҳамкасабасидан ҳеч қачон ёрдамини аямайди. Зотан ҳисоб жабҳасининг ҳар бир ходими ўз ҳаётида ҳеч бўлмаганда бир марта шундай вазиятларга дуч келади. Бундай кезлари иккала тараф бухгалтерия одоби қоидаларига таянишлари керак. Бундай одобни билиш эса барча бухгалтер учун муҳимдир.

– Иш бошлаганингизга бир ой тўлмасдан туриб ҳисобот даврига фурсат келса-ю аввалги бухгалтердан ҳеч бир нажот бўлмаса, бундай кезлари кимга мурожаат қилган маъқул?

– Бундай вазиятларда одам ўз тажрибаси ва маҳорати, малакасига таянмоғи керак. Шак-шубҳасиз, бунда анча оғирликни кўтаришга тўғри келади. Оқибатда эса малакам ошиб, қимматли тажриба орттирдим деб комил ишонч билан айта оласиз. Бу эса бизнинг касбимизда бағоят муҳимдир. Бухгалтер мақоми турли вазиятларга, шу жумладан энг оғир, дафъатан бажариб бўлмайдигандек туюлувчи вазиятларга тайёр туришни тақозо этади. Ўз устингизда тинмай иш олиб боринг, ғов-тўсиқларни бартараф этишнинг ҳар хил усулларини қидиринг, бунда ноқонуний, ўзингизни бадном этиб қўядиган усуллардан қочинг. Кейинчалик бу тажриба сизга асқотади ва саъй-ҳаракатларингиздан мамнун бўлиб юрасиз.

Мухбиримиз

Наталья СПИРИДОНОВА

суҳбатлашди.

 

Бош бухгалтери ишдан бўшаб кетаётган раҳбар нималарни билмоғи лозим

Янги мутахассисни излашни жуда чўзиб юборманг. Бош бухгалтерингизнинг ўрнига муносибини қанча тез топсангиз, ишларни қабул қилиб олиш ва топширишни қанча тез амалга оширсангиз, шунча яхши.

Собиқ бухгалтернинг янги бухгалтерга ишларни топшириши жараёни қонун ҳужжатлари нуқтаи назаридан мажбурий эмас, амалий жиҳатдан эса бағоят керакли ишдир.

Ишларни қабул қилиб олиш ва топшириш чўзилиб кетиши мумкин. Лекин ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаётган бош бухгалтерни ариза берганидан кейин икки ҳафтадан ортиқ ушлаб туришга ҳақингиз йўқ. Эски бухгалтер билан унинг иш муддатини узайтириш хусусида ёки қабул қилиб олиш ва топшириш ишлари тугалланмагунига қадар вақти-вақти билан ишга келиб туриши хусусида келишиб олишингиз мумкин. Бироқ собиқ ходим раҳбарнинг илтимосига кўниши шарт эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мутахассис билан профессионал, соф инсоний даражада мулоқот ва ҳамкорлик қилиш бағоят муҳимдир.

Бош бухгалтерингиз ишларни топшириши мумкин бўлган одам бўлмаса, ишларни ўзингиз қабул қилиб олмоғингиз шарт.

Бош бухгалтер ўзгараётганда ташкилотнинг доимий амал қилувчи ички ҳужжатида ишларни қабул қилиб олиш ва топшириш мажбурий эканлиги акс эттирилганлиги маъқул. Корхонада бундай ҳужжат назарда тутилмаган бўлса, ишларни қабул қилиб олиш-топшириш тўғрисида буйруқ чиқариш билан кифояланса бўлади, бундай буйруқ эса одатда бош бухгалтер ишдан бўшаётганда чиқарилади.

Ишдан бўшаб кетаётган бош бухгалтер ишларни топширишдан бош тортса (бу вазифа ички ҳужжатда мужассам топган-топмаганлигидан қатъи назар), бундай бош тортишни ҳужжат тарзида қайд этиб қўйган маъқул. Лекин бу ҳол бош бухгалтерни аризасига биноан ишдан бўшатиш ва унга меҳнат дафтарчасини бериш мажбуриятидан сизни озод этмайди.

Корхонангиз тўловга лаёқатли бўлса, инвентаризация ўтказиш учун аудиторлик компаниясига мурожаат этган мақсадга мувофиқдир. Бу нарса кўнгилсиз таваккалчиликлар ва оқибатлардан халос бўлишингизга ёрдам беради. Собиқ бош бухгалтер ишларни қабул қилиб олиш ва топшириш таомилидан бош тортган кезларда ҳам аудиторлик компаниясининг ёрдами ниҳоятда зарурдир.

Бордию бош бухгалтер ишларни топшириш вақтида ҳали ишдан бўшамаган бўлса, янги ходим эса ишга қабул қилинган бўлса, вазифаларни аниқ тақсимлаб, фарқлаб белгилаб қўйиш ва шу даврдаги уларнинг ваколатларини ҳужжат асосида мустаҳкамлаб қўйиш зарур.

 

*«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон Қонун) 7-моддаси.

Прочитано: 3164 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2014-09-11 23:09:29, Гость_мансурбек:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика