Кофе ва чой улгуржи савдоси билан шуғулланамиз, фирма ҳузурида дўконимиз бор. Вақти-вақти билан мижозлар маҳсулотни дегустация қилишади.
Дегустацияланган товар ҳисобдан чиқарилишини қандай қилиб тўғри ҳужжатлаштириш керак? Бухгалтерия проводкалари қандай бўлиши лозим?
С.Панферова.
– Савдо корхоналарида реализация қилиш харажатлари Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган) 2.1.2-банди билан тартибга солинади. Унинг 2.1.2.8-кичик банди дегустация қилиш харажатларини савдо рекламаси харажатларига киритиш имконини беради. Зеро, «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг (25.12.1998 йилдаги 723-I-сон) 4-моддасига кўра, реклама – бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар, маҳсулот, шу жумладан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва технологиялар тўғрисида ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалар ёрдамида қонун ҳужжатларига мувофиқ тарқатиладиган махсус ахборотдир.
Ушбу жиҳатни ташкилотингизнинг ҳисоб сиёсатида акс эттириш лозим. Буйруқ билан кўрсатилган харажатларни ҳисобдан чиқарувчи комиссия тузиш керак, у дегустация қилишга сарфланган товарларга доир далолатномалар тузиши лозим.
Бухгалтерия ҳисобида бундай ҳаракатлар қуйидаги проводкалар билан акс эттирилади:
дегустация қилишда фойдаланилган товарлар ҳисобдан чиқарилди (харид қиймати бўйича)
Дт 9410-«Сотиш харажатлари» – Кт 2900-«Товарлар»;
товарлар сотиш қиймати бўйича ҳисобга олинганда савдо устамаси ҳисобдан чиқарилди
Дт 2980-«Савдо устамаси» – Кт 2900-«Товарлар».
Елена ГУСЕВА,
экспертимиз.